Жорий йилнинг 1 июль куни соат 20:50ларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани «Юксалиш» маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётгани ҳақида 102 қисқа рақамига келиб тушган хабар бўйича ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Абдувалиев, маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб борган.
Аниқланишича, 1960 й.т. фуқаро Холбозоров Юнусали Тумарович маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Ҳужумчини зарарсизлантириш жараёнида Ю. Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант А.Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.
Олган жароҳати натижасида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан А.Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «г« банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда гумондор Ю. Холбозоров воқеа жойидан яширинган, уни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Ушбу шахс ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз зудлик билан яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Фуқароларнинг ҳаётини асраш мақсадида ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, мардлик ва фидойилик кўрсатган ҳолда ҳалок бўлган Андижон вилояти Хўжаобод тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори катта лейтенант Абдувалиев Абдурасул Қахаровичнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирамиз.








