Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Самарқанд шаҳрида ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди

    Юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан манзилли ишлаш, уларнинг жамиятда ижтимоийлашувини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

    Хусусан, бугунги кунда юртимизнинг туман ва шаҳарларида 208 та «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази аҳолига 95 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатмоқда. Ушбу марказларда маҳаллаларда комплекс хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходимлар 4800 нафардан ортиқ бўлса, ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексаларга манзилли хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ассистентлари сони 2300 нафарни ташкил этади.

    Ижтимоий ҳимоя тизимидаги хизмат кўрсатиш ва инклюзивлик бўйича Самарқанд тажрибасини ўргатиш мақсадида 2024 йилнинг 5 июль куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан пресс-тур ташкил этилди.

    Ушбу тадбирда ахборот сиёсати бўйича агентлик директори маслаҳатчиси ва ахборот хизмати раҳбари Дилфузабегим Рўзметова, ИҲМА ҳудудий бошқармалар матбуот котиблари, Самарқанд шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходимлари, маҳаллий ҳокимлик ҳамда 20 га яқин оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

    Самарқанд шаҳрида жойлашган «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази Республикамизда намунали концепция асосида барпо этилган марказлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, ушбу марказ ногиронлиги бор шахслар учун тўлиқ инклюзив имкониятларга эга бўлиб, жойлашув жиҳатидан тўсиқсиз ҳаракатланиш учун бекатлар марказга яқинлаштирилган ва тактил қопламалар ётқизилган, қолаверса, ақлли светофорлар ўрнатилган.

    Тадбир иштирокчилари учун дастлаб Самарқанд шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Экскурсияни Дилфузабегим Рузметова ва марказ директори Шоҳрух Дуланов олиб борди. Улар марказ фаолияти, яратилган шароитлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот беришди. Қатнашчилар бевосита хизмат кўрсатиш жараёни билан танишиб, фуқаролар фикрини ўрганишди.

    – Бир неча йилдан бери коксартроз билан боғлиқ муаммолар сабаб ҳаловатим йўқ эди, – дейди Самарқанд шаҳридаги Янгиҳаёт маҳалласида яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Пўлат Ғуломов. – Кўп жойда даволандим, фойдаси бўлмади. Ўтган йили кузда марказга мурожаат қилиб, ўнг томонимга эндопротез қўйдирган эдим. Аҳволим бирмунча яхшиланди, ўзим ҳаракат қилоляпман. Бугун яна мурожаат билан келдим, чап томонимга ҳам протез қўйдиришда ёрдам сўраяпман. Мурожаатим қабул қилиниб, рўйхатга киритилди. Навбатим келиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилса, насиб бўлса яна қўлтиқтаёқсиз ҳаракат қиламан. Кўрсатилаётган ёрдам ва хизматлардан миннатдорман.

    Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Самарқанд шаҳар «Девори Кўндаланг» ва «Юлдуз» каби намунали маҳаллаларда бўлиб, ундаги «маҳалла еттилиги», хусусан, ижтимоий ходимнинг вазифа ва мажбуриятлари, маҳалладаги кейс-менежмент асосида ижобий ҳал этилган муаммолар билан танишди.

    «Асосий мақсадимиз ижтимоий шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириш жараёнида юзага келган чекловларни енгиши ва уларнинг жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг ҳуқуқли иштирок этишларини таъминлашга кўмаклашишдир. Қолаверса, ушбу соҳани рақамлаштириш ва замонавий техник воситаларни татбиқ этиш ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифа ҳисобланади. Ҳозирга келиб ушбу соҳадаги 30 га яқин хизматлар тўлиқ рақамлаштирилди, халқаро ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси албатта фуқароларнинг жамиятга интеграция бўлиши учун дастуруламал бўлиб хизмат қилади», дейди ахборот хизмати раҳбари Д. Рўзметова.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates