Таълим олишдаги тенглик ижтимоий сиёсатда фойда беради

    Фикр 24 август 2023 1711

    Таълим жамият ва шахс ривожланишининг асоси бўлиб, ижтимоий сиёсат барча фуқаролар учун таълимдан тенг фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Таълим соҳасидаги ижтимоий сиёсатнинг асосий вазифаларидан бири – ижтимоий тенгсизликка қарши кураш.

    Жамиятда сифатли таълим олиш имкониятлари чекланган турли ижтимоий гуруҳлар мавжуд. Шу сабаб ҳам, ижтимоий сиёсат барча фуқаролар ижтимоий-иқтисодий мавқеи ва келиб чиқишидан қатъи назар, таълим олиш учун тенг имкониятларга эга бўладиган шароитларни яратишга қаратилади.

    Инклюзив таълим, бу – барча болалар, шу жумладан, алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ўғил-қизларнинг таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилишини назарда тутувчи ёндашув, тизим ҳисобланади. Дунёнинг аксарият мамлакатлари шундай таълимнинг муҳимлигини тан олади ва уни ўз тизимларида жорий этган. Жумладан, Швецияда махсус таълимга муҳтож болаларнинг 90 фоизидан ортиғи оддий мактабларда ўқийди. Норвегия ва Финляндияда давлат мактабларида барча болаларни ўқув жараёнига қамраб олишни талаб қиладиган қонунлар қабул қилинган.

    Ўзбекистонда ҳам инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизими ҳамда қонунчилигини такомиллаштириш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда.

    Ҳозирча барча болалар ҳам умумтаълим мактабларида бир хил имконият ва шароитда таълим олишини ташкил этиш ишлари тўлиқ йўлга қўйилган, деб айтолмасак-да, жисмоний ёки ақлий нуқсони бор ўғил-қизлар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ишлаб турибди.

    Инклюзив таълимни ота-оналар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 13 номдаги методик қўлланмалар тайёрланди. Бундан ташқари, нуқсони бор болаларнинг имконият ва салоҳиятини тўғри баҳолаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Хусусан, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги эшитишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 1500 нафардан зиёд ўқувчиси Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази малакали шифокорлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

    Инклюзив таълимнинг асосий мақсадларидан бири таълимдаги ижтимоий тенгсизлик ва камситишларни бартараф этишдир. Қолаверса, ўқувчиларда бағрикенглик ва ўзгаларни борича қабул қилиш кўникмасини шакллантириб, ногиронлиги бор болаларнинг жамиятга интеграциялашуви ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришини енгиллаштиради.

    Аммо уни ташкиллаштиришда бундай болалар билан ишлай оладиган малакали кадрлар етишмаслиги кўплаб тўсиқларни юзага келтириши мумкин. Истаймизми-йўқми, алоҳида эҳтиёжли болалар билан ишлаш ўқитувчидан мустаҳкам билим ва малака талаб қилади. Шу боис, бу турдаги муассасалар мутахассислари ва раҳбар-ходимлари учун вақти-вақти билан форумлар, семинарлар ўтказилиши анъанага айланган. Жорий йилда ҳам Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятидаги “Нурли маскан” мактаб-интернатида “Нурли маскан орзулари” мавзуида республика форуми ташкил қилинди.

    Бундан ташқари, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди.

    Икки йилдан буён етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби ўрнатилди. Хусусан, ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва уйга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилмоқда.

    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уй-жойга муҳтож 832 йигит-қиз рўйхати шакллантирилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилди. 424 нафари учун давлат ва маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилди. 23–30 ёшда бўлган етим ва ота-она қарамоғисиз қолган 59 болага “Меҳр дафтари” жамғармаси ҳисобидан уй-жой олиб берилишига ёрдамлашилди.

    Аҳолининг ярмини ёшлар ташкил қиладиган мамлакатимизда таълим муассасаларида ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор талаб этилади. Бошқача айтганда, биз ижтимоий давлат эканлигимизни, энг аввало, таълим тизимидаги амалий ишлар билан кўрсатишимиз лозим. Ушбу мақсад нафақат инклюзив таълимни, балки ўқитувчи ва мураббийлар, барча ўқувчилар учун ижтимоий адолатни таъминлашдек ўта долзарб мақсадларни ҳам қамраб олади.

    Умида РАҲМОНОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates