Инклюзив таълим ривожига талаб ҳам, эҳтиёж ҳам ортмоқда

    Бугун дунёда ногиронлиги бўлган қарийб 1 миллиардга яқин шахс борлигига эътибор қаратсак, бу чиндан долзарб масала экани кўзга ташланади.

    Дунёда инсон ҳуқуқлари деган олий тушунча бор. Бу ҳар бир кишининг жамиятда мавжуд барча имкониятлардан бирдек ва барча қатори тенг фойдалана олишини англатади. Имконияти чекланган, ногиронлиги бор инсонлар ҳам шулар жумласидан. Жамият бундай кишиларни борича қабул қилиб, тенг муносабатда бўлишга ўрганмас экан, мамлакатда инсон ҳуқуқлари кафолати тўлақонли таъминланган, деб бўлмайди. Айниқса, бугун дунёда ногиронлиги бўлган қарийб 1 миллиардга яқин шахс борлигига эътибор қаратсак, бу чиндан долзарб масала экани кўзга ташланади.

    Шу боис, юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига тўсиқсиз муҳит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қонуний асослар мустаҳкамланиб, қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Мақсад ҳаётий фаоллигини ошириш орқали имконияти чекланган инсонларни умидсизлик хамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, яшашга иштиёқини ошириш ҳамда бошқалар қатори жамиятда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашишдан иборат.

    Бу борада ҳар бир йўналишга жиддий эътибор қаратилаётгани боиси шунда. Улардан бири, албатта, инклюзив таълимни ривожлантириш масаласидир. Ҳозир ногиронлиги бўлган болаларнинг умумтаълим мактабларига интеграциялашуви инклюзив таълим тизими ривожидаги табиий босқичга айланган. Бу жамият ва давлат томонидан ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан муносабатни қайта кўриб чиқиш, нафақат уларнинг ҳуқуқлари тенглигини тан олиш, балки бундай болаларга турли соҳалар, жумладан, таълимда ҳам кенг имкониятларни тақдим этиш мажбурияти билан боғлиқ.

    Таълим билим бериш, малака ва кўникмалар ҳосил қилиш жараёни бўлиб, кишини ҳаётга ва меҳнатга тайёрлашнинг асосий воситасидир. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида “таълим олиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи” экани белгилаб қўйилган. Бош қонунимизда ҳам бу кафолатланади. Шундай экан, имконияти чекланган болалар бошқалар сингари бир хил шароитда таълим олишга ҳақли. Гап фақат уларга билим бериш эмас, балки сифатли таълим олиши учун барча зарур шароитларни яратиб бериш ҳақида бормоқда. Яъни ногиронлиги бўлган болалар ҳам соғлом ўғил-қизлар каби қийналмасдан мактабга бориши, таълим олишнинг барча имкониятларига эга бўлиши, дарсликлар, ўқув қўлланмалари етишмовчилигига дуч келмаслиги зарур.

    Таълим сифати билан бирга шароит ҳам муҳим

    Ўзбекистонда оилавий шароитидан қатъи назар, барча болалар давлат умумтаълим мактабларига қатнайди. Бу давлат томонидан кафолатланган. Аммо яқин йилларгача имконияти чекланган болаларнинг бошқа соғлом болалар билан тенг шароитда ўқиётгани билан мақтана олмасдик. 2020 йилги статистикага кўра, юртимиздаги 3,2 мингдан ортиқ умумий ўрта таълим мактабида 13 мингга яқин ўқувчи инклюзив таълим билан қамраб олинганди. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилдан инклюзив таълимга жиддий эътибор қаратилди.

    Жумладан, 2020 йил 23 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонунга илк бор инклюзив (уйғунлашган) таълим тушунчаси киритилди. Ўзбекистон умумтаълим мактабларида инклюзив таълимни жорий этиш режаси белгилаб олинди. Унга кўра, 2025 йилгача алоҳида таълимга эҳтиёжи бор болаларнинг 40 фоизи одатий мактабларга жалб қилиниши кўзда тутилган. Бунинг учун жадал амалий ҳаракатлар қилиняпти. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси, Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақидаги декларацияси халқаро тажрибани ўрганишда қўл келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида билдирган, имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича минтақавий кенгаш тузиш борасидаги таклифини эса ногиронлиги бўлган кишилар ҳимоясига қаратилган яна бир катта ташаббус, дейиш мумкин.

    Шу ўринда инклюзив таълим тушунчасига тўхталсак. Ушбу сўз “уйғунлашмоқ”, “уйғунлаштирмоқ”, “қамраб олмоқ”, “жалб қилмоқ” маъноларини беради. Яъни у алоҳида эътиборга муҳтож бўлган ва оддий болалар ўртасидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таълим шаклидир. Бунда ривожланишида учрайдиган нуқсонлар ва иқтисодий қийинчиликлардан қатъи назар, имконияти чекланган болалар ижтимоий ҳаётга мослаштиришга йўналтирилган ўқув жараёнига жалб этилади. Шунингдек, ушбу таълим тизимида имконияти чекланган болаларнинг мактабларга келиши учун тўсиқсиз муҳит яратиш, янги мактабларни худди шундай шароитлар билан қуриш, педагог кадрлар тайёрлаш, ўқув базасини такомиллаштириш талаб этилади.

    Инклюзив таълим расмий таълим тушунчасидан анча кенгроқ. Бу таълимда кўпроқ ўқиш, ўрганиш учун имконияти чекланган болалар билан ишланади. Бу эса мактаб ўқитувчиси ва инклюзив боғча тарбиячиси зиммасига катта масъулият юклайди. Яъни инклюзив таълимда ўқитувчининг касбий маҳорати бош омил ҳисобланади. У инклюзив тафаккурга эга бўлиши ва таълим сифати масъулиятини ўз зиммасига олиши шарт.

    Яна бир омил — ҳамкорликни йўлга қўйиш. Ўқитувчилар учун ҳамкорлик ва ўзаро фикр алмашиш муҳим. У ўз фаолиятини тизимли баҳолаб бориши, малакасини мунтазам ошириши, алоҳида таълим эҳтиёжлари бор болаларнинг интизомли ва муассасалараро гуруҳлар билан самарали ишлаши учун лидерлик ҳамда бошқарув малакаларини қўллаш, муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, кенг қамровли мактаб ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби хислатларга эга бўлиш керак.

    Инклюзив таълимнинг ўзига хос муҳим жиҳати шундаки, болалар ва ўқитувчи бир-биридан ўрганишади ҳамда муаммоларни бирга ҳал этишади. Бу таълим бир томонлама бўлмаслиги керак. Демак, инклюзив таълимда педагог маҳорати муҳим аҳамиятга эга. Яъни умумтаълим мактабига борадиган имконияти чекланган болаларга ўқитувчи алоҳида ёндашиши керак бўлади. Кичик синф ўқувчилари ногиронлиги бор болалар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмайди. Уларнинг устидан кулмаслик кераклигини, улар ҳам бошқалар қатори оддий одам эканини, фақат сал кучсизроқ эканини тушунишмайди.

    Малакали кадрлар зарур

    Мамлакатимизда инклюзив таълимни ривожлантириш, сифат жиҳатидан такомиллаштириб бориш мақсад қилинган экан, бу йўналишда педагогларни тайёрлаш талаб этилади. Бунда, айниқса, педагогика йўналишидаги ОТМлар олдига катта вазифалар қўйилган.

    Биргина Чирчиқ давлат педагогика университети мисолида оладиган бўлсак, инклюзив таълим йўналишидаги кадрларни тайёрлаш ишлари кўлами охирги йилларда сезиларли ошди. 2021 йилда университетнинг махсус педагогика кафедраси мусиқа ва дефектология кафедрасидан ажралиб чиқиб, мустақил кафедра сифатида фаолиятини давом эттиряпти. Айни вақтда махсус педагогиканинг сурдопедагогика, тифлопедагогика, логопедия таълим йўналишлари бўйича бакалавриат босқичида 442 нафар, магистратура босқичида 16 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бу ёшлар орасида кўришида нуқсони бўлган 2 нафар, эшитишида нуқсони бор 3 нафар, ҳаракат-таянч тизими муаммоли 3 нафар талаба ҳам бор. Уларнинг университетда эркин ва қулай ҳаракатланиши, дарсларни самарали ўзлаштириши учун зарур шароитлар яратиб берилган.

    Ўтган ўқув йилидан бошлаб университетимизда мамлакатимиз бўйича илк бор кўзи ожиз болалар таълими ва тарбияси билан шуғулланувчи педагогларни тайёрлаш бўйича тифлопедагогика йўналишига талабалар қабул қилинди. Очиғи, соғлом инсонлар учун гарчи бу таълим тизимини касб сифатида қабул қилса-да, бошида унга киришиб кетиши қийинроқ кечади. Айниқса, аввал ногиронлиги бўлган болалар билан ишламаган ёшларнинг ўқув жараёнида назарий билимларни эгаллаши осон кечмайди. Шу боис, таълим жараёнига кўришида нуқсони бор болалар мактабида фаолият юритаётган ўқитувчиларни жалб қилдик. Устозларнинг айримлари талабаларга дарс ўтиш баробарида университетда илмий тадқиқот ишларини ҳам олиб бораётгани соҳада янгича ёндашувларни ишлаб чиқишга йўл очмоқда.

    Албатта, таълимнинг барча шаклида назарий билимларни амалиёт билан уйғун олиб бориш жуда муҳим. Талаба ўқиш давомида эгаллаган кўникмаларини реал фаолиятда қўллаб кўрса, янада яхшироқ ўзлаштириши тажрибаларда ўз исботини топган. Шу мақсадда кафедра талабаларининг педагогик амалиётларини махсус ва инклюзив таълим муассасаларида ташкиллаштиришни йўлга қўйганмиз. Жумладан, Чирчиқ шаҳридаги 23-ёрдамчи мактаб, Тошкент шаҳридаги 101, 102, 106, 103, 105-махсус мактаблар билан ҳамкорлик шартномалари тузилган.

    Алоҳида эҳтиёжга эга, аммо умумтаълим мактабларига қатнай олмайдиган болаларнинг уйда ва якка тартибдаги таълимини ташкиллаштириш мақсадида кафедранинг 83 нафар талабаси маҳаллабай тарзда “Бир сафда волонтёрлар ҳаракати”га жалб этилди. Чунки ногиронлиги бор болалар орасида бир жойдан иккинчи жойга ҳаракатлана олмайдиган, бир жойда узоқ вақт ўтира олмайдиган ва ҳоказо ҳолатдагилар бор. Талабалар уларни уйларига борган ҳолда ўқитиш орқали ҳам болаларнинг таълим олишига кўмаклашади, ҳам ўз малакасини ошириб, касб маҳоратини эгаллаб боради.

    Бу йўналишда халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки инклюзив таълим жаҳон тажрибасида ҳам мавжуд ва бу борада сезиларли ютуқларни қайд этган давлатлар тажрибасини ўрганиш зарар қилмайди. Таълим муассасамизнинг Россиянинг Герцен номидаги педагогика университети ҳамда Финляндиянинг Нордик университети билан имзолаган ҳамкорлик шартномалари шу мақсадларга йўналтирилган. Келишувимизнинг асосий йўналиши профессор-ўқитувчиларнинг малака оширишини ташкиллаштириш, икки томонда ўтказиладиган семинар-тренингларда иштирокини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, мазкур олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан бир неча бор телекўприк ўтказилди. Ҳаммуаллифликда “Даволовчи педагогика” ўқув қўлланмаси чоп этилди.

    Айни пайтда университетимизнинг махсус педагогика кафедраси инклюзив таълимни жорий этиш бўйича юртимизда етакчилик қилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган йилнинг ўзида кафедра профессори Ферузахон Қодированинг кар ва заиф эшитувчи болалар мактаблари учун 12 та, ақли заиф болалар мактаби учун 4 та дарслиги, 2-босқич магистранти Зулайҳо Ҳусниддинованинг кўзи ожиз болалар мактаблари учун “Технология” дарслиги чоп этилгани бунинг бир исботи.

    Инклюзив таълим шароитида фанларни ўқитиш бўйича ўқитувчиларнинг саволларига жавоб берувчи фанлар кесимида адаптив дастурлар ишлаб чиқилган. Шу мавзуда қатор докторлик диссертациялари ёқланмоқда. 2022-2023 ўқув йилида кафедранинг қатор устувор тадқиқот йўналишлари белгилаб олинган бўлиб, янги илмий ишларга қўл уриляпти. Уларга узлуксиз инклюзив таълим каластерининг педагогик-психологик асослари, аралаш таълим тамойилларини амалиётга жорий этиш, талабаларнинг модулларни ўзлаштиришдаги бўшлиқларини тезкор диагностика қилиш, талабаларни индивидуал ишлашга йўналтириш сингари тадқиқот йўналишларини мисол келтириш мумкин.

    Умуман, бу борадаги ишларимиз талайгина. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган болаларга нафақат сифатли таълим бериш, балки жамият уларни барча қатори қабул қилиши, улар ҳам шу юртнинг тенг ҳуқуқли фуқароси сифатида барча имкониятлардан бирдек фойдаланишига эришиш мақсад қилинган. Биз эса ана шу таълим тизимида сифатли кадрлар шаклланишига ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз. Зеро, бугун таълимнинг ҳар қандай шакли ривожига эътибор ортиб, унга баркамол авлод камолидаги асосий восита сифатида қаралаётгани айни ҳақиқат.

    Ғофуржон МУҲАМЕДОВ,

    Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, профессор

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 27.05.23 й, 103-сон)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates