Reuters агентлигининг Ipsos ижтимоий хизмати билан биргаликда ўтказган ижтимоий сўров натижалари шундан далолат бермоқда.
1241 нафар америкалик катта ёшли фуқаролар иштирокидаги сўров натижаларига кўра, Харрис Трампдан 2 фоизга олдинда. Сайловчиларнинг 44 фоизи вице-президентни, 42 фоизи Трампни афзал кўради. Сўров 22-23 июль кунлари, яъни Байден сайловолди пойгасидан чиқишини эълон қилганидан кейин ўтказилди.
Агентликнинг қайд этишича, 15-16 июль кунлари ўтказилган сўровда сайловчилар Трамп ва Харрисни тенг даражада қўллаб-қувватлашгани (44 фоиз) аниқланганди. 1-2 июль кунлари ўтказилган сўров натижаларига кўра, Трамп Харрисдан 1 фоизга илгарилаб кетди.
АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади. Тахминларга кўра, Демократик партия вакили сифатида Байденнинг номзоди илгари сурилади деб қаралганди, аммо унинг 27 июнь куни Трамп билан бўлиб ўтган дебатдаги муваффақиятсизлигидан сўнг, демократлар орасида уни курашдан воз кечишга чақириқлар кучайди. 21 июль куни Байден пойгадан чиқишга қарор қилди ва АҚШ вице-президенти Камала Харриснинг президентликка номзодини қўллаб-қувватлади, деб хабар беради tass.ru.