Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, Арманистон бош вазири Никол Пашинян Москвада бўлиб ўтган МДҲ саммитида сўзга чиқиб, октябрь ойида Озарбайжон билан аллақачон келишилган бандлар асосида тинчлик шартномасини имзолашга ва қолган барча масалалар бўйича ишни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган эди.
“Учрашувда Алиев, афсуски, арман томони Брюссель жараёнини давом эттирмасликка қарор қилганини таъкидлади. Алиев тинчлик шартномасининг барча бандлари бир хил қийматга эга ва уларни ажратиб бўлмаслигини таъкидлади. Президент Арманистон ҳукуматининг шартномани қисқартирилган шаклда имзолаш ҳақидаги ғалати таклифини мутлақо нореал деб билишини қўшимча қилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Алиев, шунингдек, Европа Иттифоқини бу масалада бетараф бўлишга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Боку билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ишончсизликка чегарадаги Европа кузатувчилари миссияси ваколатининг Боку розилигисиз узайтирилиши сабаб бўлди. Озарбайжон президентининг вакиллари эслатганидек, рухсатнома 2022 йил октябрь ойида икки ойга берилган ва миссиянинг ўзи чекланган миқдордаги истеъфодаги офицерлардан иборат бўлиши керак эди.
“Алиевнинг айтишича, сиёсий маданият чегарасидан ташқарига чиқадиган “дурбиндан қараб юритиладиган дипломатия”ни қабул қилиб бўлмайди”, дейилади хабарда.
2022 йилда Ереван ва Боку Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи воситачилигида бўлажак тинчлик шартномасини муҳокама қила бошлади. Ўтган йил май ойи охирида бош вазир Пашинян Озарбайжоннинг суверенитетини Қорабоғ билан бирга тан олишга тайёрлигини маълум қилган эди, деб хабар беради ria.ru.