“Илҳом” мукофоти ижодкор ёшларга имкон яратади

    “Илҳом” мукофоти учун танловда 1-ўринни қўлга киритган ёш ижодкор “Спарк” автомобили, махсус диплом ва статуэткага эга бўлади. 2-ўрин соҳибига ўттиз миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка, 3-ўринни эгаллаган ижодкор талаба ёки ўқитувчига ўн беш миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка тантанали тақдим этилади.

    Адабиёт ва санъат шунчаки руҳий озуқа манбаи, таъсир этиш воситаси эмас, бу икки эгизак соҳа асрлар давомида халқнинг ҳаёти, қадриятлари негизидан шаклланган, тафаккур сарчашмаларидан озиқланган, қувват олган миллатнинг ўзлигини намоён этувчи қудратдир. Биз ўғлимиз Алпомишдек, қизимиз Барчиной ёки Кумушдек бўлишини истайдиган халқмиз. Фарзандларимиз ҳаётига умримизни тикамиз, орзуларимизни дилбандларимиз камолотида кўрамиз.

    Мамлакатимизда адабиёт ва санъатга алоҳида ҳурмат билан ёндашилиши бежиз эмас. Соҳани ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар тизимли равишда олиб борилмоқда. Бундан 3 йил аввал ана шундай мақсадларга хизмат қилувчи яна бир йирик лойиҳага қўл урилган эди. 2017 йил 18 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудуда Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра, хиёбоннинг меъморий-ғоявий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажмуавий тарзда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида пойтахтимиз марказидаги Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Бу тарихий воқелик адабиётимизни яна бир поғона юксакка кўтариши билан аҳамиятлидир.

    2020 йил 20 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур масканнинг очилиш маросимида Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш зарур эканини таъкидлади. Ҳар бир адибни муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича тавсиялар берди.

    Айтиш мумкинки, хиёбон маънавий жиҳатдан кенг қамровли бўлиб, у катта мақсадлар йўлида хизмат қилади.

    Сир эмаски, бугун биз мураккаб, турли таҳликаларга бой даврда яшаяпмиз. Маънавий таҳдидлар ялтироқ ҳолда ёш авлод қалбига кириб бораётган, ўй-хаёлини банд этиб, вақтини бесамарликка чоғлаётган даврда улар қалбига йўл топиш мушкул. Одамларнинг дунёқарашини бойитиш, эзгу мақсад ва ғояларга илҳомлантириш учун адабиётдан кенг фойдаланиш лозим. Бу борада эса ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш муҳим ўрин тутади.

    Янги Ўзбекистон — ёшлар учун имкониятлар юрти. Президентимизнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида инсонларнинг онг ва тафаккурини бойитувчи, руҳиятига озуқа берувчи юксак савияли танловлар ташкил этиб келинмоқда.

    Айниқса, шоир ва ёзувчилар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби жараёнларда энг юқори натижаларга эришаётган ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

    Жумладан, Олий таълим муассасаларида шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини чуқур ўрганишни самарали ташкил этиш, ёшларнинг адабиётга қизиқишини янада ошириш, уларни китоб ўқишга даъват этиш ва шу асосда қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасинининг “Илҳом” мукофотини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори ёш ижодкорларга берилган яна бир имкониятлардан бири бўлди.

    Мазкур қарор асосида манфаатдор вазирлик ва идоралар тақдим этган таклифларни умумлаштирган ҳолда, 2020 йил 6 ноябрда танловни ташкил этиш ва тақдирлаш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Шунингдек, дастур ижросини амалга ошириш ҳамда назоратини олиб бориш мақсадида вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилди.

    Дастурга кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлиги шоир ва ёзувчилар ҳаёти ҳамда ижодини ўрганиш, уларнинг асарларини таржима қилиш, шу асосда тадқиқотлар ўтказиш, кино ва саҳна асарлари яратиш каби маънавий-маърифий, илмий-ижодий жараёнларда энг юқори натижаларга эришаётган ёшларни кашф этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълим муассасаларидаги шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг тизерлари, видеороликлари намойишини ташкил этади.

    Ўзбекистон Бадиий академияси “Илҳом” мукофоти статуэткаси эскизини беш нусхада ишлаб чиқди. Эскизлар олий таълим муассасаларининг проректорлари, шунингдек, Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиқлари орасида овозга қўйилди. Энг юқори овозга эга бўлган статуэтка эскизи лойиҳаси тасдиқлаш учун “Илҳом” мукофоти танловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмитага киритилди.

    Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими тадбирлари доирасида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан адиблар хиёбонидаги шоир ва ёзувчилар тўғрисида олинган бадиий ва ҳужжатли фильмлар дисклари ярмаркаси ўтказилади.

    Маданият вазирлиги “Илҳом” мукофотига сазовор бўлган ёш ижодкорлар ва уларнинг ижодини тенгдошлари орасида тарғиб қилиш бўйича туркум кўрсатувлар, учрашувлар тайёрлайди.

    Мазкур танловда республикамиздаги барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ва фаолият юритаётган ёшлар иштирок этиши, ижодини, адабиёт борасидаги билимини имтиҳондан ўтказиши мумкин.

    Мукофот учун танловнинг саралаш босқичи жорий йилнинг 16-17 март кунлари номзодлар таҳсил олаётган ёки фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилди.

    Саралаш босқичида номзодлар олий таълим муассасаси миқёсида миллий адабиётимизнинг дурдона асарлари, адиб ва мутафаккирларнинг бой маънавий мероси, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодини қамраб олувчи тест саволлари орқали сараланди. Тест натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган уч нафар номзод олий таълим муассасаси ректорининг тақдимномаси асосида кейинги босқичга тавсия этилди.

    Саралаш натижаларига кўра, 74 та олий таълим муассаси томонидан жами 176 нафар номзоднинг ижодий ишлари танловнинг республика босқичига тавсия этилди. Ғолиблар 2021 йилнинг май ойида Адиблар хиёбонида ташкил этиладиган “Катта адабиёт байрами” ҳафталиги доирасида аниқланиб, тақдирланади.

    “Илҳом” мукофоти учун танловда 1-ўринни қўлга киритган ёш ижодкор “Спарк” автомобили, махсус диплом ва статуэткага эга бўлади. 2-ўрин соҳибига ўттиз миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка, 3-ўринни эгаллаган ижодкор талаба ёки ўқитувчига ўн беш миллион сўм пул мукофоти, махсус диплом ва статуэтка тантанали тақдим этилади.

    “Адабиёт яшаса, миллат яшар!” деган эди Абдулҳамид Чўлпон. Зотан, миллатнинг руҳи ўзиники бўлмас, миллат руҳан озод эмас экан, ҳақиқий эркинлик ҳақида гапириб бўлмайди. Зеро, ўз адабиётини ўқимайдиган миллат авлоди ўзга миллат адабиёти ва ғоялари билан озиқланишга маҳкум.

    Ўзбек адабиёти эса улкан уммон...

    Юсуф АБСОАТОВ,

    Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates