Илм — навқирон авлод учун кундалик зарурат

    Фикр 6 август 2025 791

    Билимли ёшлар миллат келажаги, мамлакат тақдирини ҳал этувчи куч. Бу кучни керакли, зарур ва ўз ўрнида ишлатиш айни муддао.

    Кўзланган мақсадга навқирон авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш орқали эришилади. Бугун мамлакатимиздаги ишлар шу жиҳати билан алоҳида эътиборга молик. Ўғил-қизларимизга янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида қаралаётганининг ўзиёқ юртимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор ва долзарб йўналишига айланганини англатади.

    Узоққа бормаймиз: бир ой муқаддам юртимизда Ёшлар куни кўтаринки кайфиятда, байрамона нишонланди. Фаол, ғайратли, намунали, илмли йигит-қизлардан бир гуруҳини давлатимиз муносиб тақдирлади ҳам. Президентимиз шахсан улар билан учрашиб, самимий мулоқот қилди. Таклиф ва ташаббусларини эшитиб, қўллаб-қувватлади. Фикрлари билан уларга далда, куч берди. Шу боис, бу учрашувни тарихий воқеа сифатида талқин қилсак арзийди. Бинобарин мулоқот юксак эътибор ва самимий муносабатнинг ёрқин ифодаси ўлароқ, ёшлар ҳаётида кенг имкониятлар эшигини очади.

    Учрашувда айтилган фикрлар ва кўрилаётган чора-тадбирлардан мамлакатимиз тараққиёти марказида ёшларнинг ўрни беқиёслигини кўриш мумкин. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини юзага чиқаришда зарур шарт-шароитлар яратиш эртанги кун учун қўйилган мустаҳкам қадамдир.

    Бугунги Ўзбекистон бу борада ёшларга катта имконият тақдим этаётир. Ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш, хорижий тилларни ўргатиш, касб эгаллаб, ҳаётда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш давлатимизнинг асосий вазифасига айланди. Кейинги йилларда ташкил этилаётган замонавий олий ўқув юртлари, уларнинг илғор жиҳозланиши ҳамда соҳага хусусий секторнинг фаол жалб қилиниши ёшларимизга ана шундай катта имконият ва қулайлик тақдим этмоқда. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ҳам ёшлар билан ишлаш яхши йўлга қўйилган. ОТМда 5000 га яқин йигит-қиз таълим олади. Табиийки, улар қаторида хориждан келиб ўқиётганлар бор. Шунингдек, маҳаллий педагоглар билан бирга чет эллик профессор-ўқитувчилар ҳам таълим-тарбия жараёнида фаол иштирок этмоқда. Талабалар Сингапур, Буюк Британиядаги олий таълим даргоҳларида амалиёт ўташ, тажриба алмашиш имкониятига эга.

    Жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси амалиётга киритилди. Бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда.

    Айтиш жоизки, мазкур ташаббус мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир намунаси бўлди. Негаки, айни шу лойиҳа доирасида ёшларнинг ёзги таътил пайтида фойдали машғулотлар билан банд бўлишлари учун қулай имконият яратилди. Давлатимиз раҳбари ғояси уларнинг бўш вақтини фойдали томонга йўналтиришда қўл келди. Ўқувчилар ўз мактабларида турли тугаракларда қатнашиб билимларини янада бойитиш баробарида, спорт билан шуғулланмоқда. Бу жараёнга маҳалла ёшлари ҳам фаол жалб этиляпти. Олий ўқув юртлари талабалари эса уларга билим беришда фаол иштирок этаётгани ёзги таътилнинг мазмунли ва самарали кечишига хизмат қилаётир. Жараёнда институтимиз жамоаси, талабалари ҳам муносиб қатнамоқда, албатта.

    Таълим олиш, бирор касб эгаси бўлиш, хорижий тилларни ўрганиш бугунги ёшлар учун кундалик заруратга айланмоқда. Илм ва иқтисодиёт билан бир қаторда ёшларнинг маънавий дунёси, маданий салоҳияти ҳамда ижодий қобилиятига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. “Келажак лидерлари” дастури доирасида Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида иқтидорли ёшларни хорижий тажрибаларга жалб этиш тизими шакллантирилди.

    “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг йигит-қиз ўқитилган. Ўтган йили 150 мингдан зиёд ёш тил билиш даражаси бўйича халқаро сертификатларни олган. Бу кўрсаткич 2023 йилдагига нисбатан 2 баробар кўп. Жорий йилда 35 миллиард долларлик 8300 та лойиҳа орқали 292 мингта иш ўрни очилмоқда. Яна 500 мингта иш ўрни яратадиган 83 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштирилган. Натижада “яшил” иқтисодиёт, саноат, энергетика, геология, муҳандислик ва бошқа соҳаларда минглаб мутахассисларга талаб пайдо бўлади.

    Стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилиб, уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди. Энди бу маблағ 1 миллиард долларга етказилади. Олийгоҳлар ўртасида стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади.

    Ёшларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка кенг жалб этиш хусусида ҳам йирик лойиҳалар устида ишланмоқда. Айниқса, “Ёшлар бизнеси” ҳамда “Келажакка қадам” дастурлари орқали минглаб йигит-қизлар меҳнат бозорида ўз ўрнини топмоқда. Бу жараёнда банклар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутмоқда. Энди саноат, сервис, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигида банд ёшларнинг касбий ривожланиши бўйича ҳам тизим яратилади. Ҳар бир йўналиши бўйича ёшлар ўртасида мусобақалар ўтказилади. Бунда давлат корхоналари ва хусусий сектор вакиллари тенгма-тенг иштирок этади.

    Тармоқ раҳбарлари ҳар йили ўз тизимидаги 100 нафар ёшни селекция қилиб, хорижга малака оширишга юборади. Бунинг учун ҳар бир тармоқ 10 миллиард сўмдан ажратади. Бундай енгиллик, имконият ва шароитлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Муҳими, улар муайян мақсадга йўналтирилган. Ҳар бири ёшларни илмга чорлайди.

    Умуман олганда, 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, сўнгги 7 йилда биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.

    Учрашувда давлатимиз раҳбари ёшларнинг имкониятини кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳам илгари сурди. Хусусан, Беруний номидаги халқаро мактаб ташкил этилгани айтилди. Унга 8-синф битирувчилари орасидан 60 ўқувчи саралаб олиниб, 3 та йўналишда чуқурлаштириб ўқитилади.

    Миллий дастур асосида ҳар йили энг салоҳиятли 3000 ўқувчи танланиб, Гарвард, Йель, Колумбия, Корнель каби нуфузли олийгоҳларга тайёрланади. Шундан камида 300 нафари эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлади.

    Нуфузли хорижий олийгоҳларга кираётган барча ёшлар ҳам 100 фоизлик грант олиш имкониятига эга эмас. Шу боис, энди “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илғор ОТМларнинг 300 талигига кирганларнинг ўқиш ва яшаш харажатини қоплаш тизими янги тартибда йўлга қўйилади.

    Замон ривожлангани сари янги йўналиш ва касблар пайдо бўлаверади. Уларни тушуниш учун эса билим ва тажриба керак. Бугунги ёшлар ҳам шунга интилмоқда. Уларнинг бу борадаги хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш учун эса давлат қулай шарт-шароит яратиб бермоқда. Янги имкониятлар тақдим этилмоқда. Айтайлик, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича банк-молия, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика устувор йўналиш сифатида белгиланиб, 100 та лойиҳа амалга оширилиши режалангани, Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури ишга туширилиши шундай саъй-ҳаракатлар сирасига киради.

    Бундан ташқари, “Рақамли авлод қизлари” танловида таълим, сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт, иқлим ўзгариши каби соҳаларда 7000 ўқувчи ва талабанинг 120 та стартап лойиҳаси танлаб олинди. Ушбу лойиҳаларга камида 50 минг қиз қамраб олинади.

    Бу йилги Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирларда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар ёшлар сиёсати барча соҳада изчил ва тизимли юритилаётганини яна бир бор намоён этди. Илм-фан, таълим, иқтисодиёт, маданият ва давлат бошқарувига доир барча ташаббус ёшлар келажагига ишонч намунасидир. Олий таълим тизими эса шу йўлда мустаҳкам пойдевор яратиш, яъни илмга ундаш орқали ҳисса қўшади.

    Навқирон авлод вакилларига берилаётган имконият ва қулайликларни таҳлил қилсак, ёшларга эътибор янги Ўзбекистондаги сиёсатнинг устувор ва энг аҳамиятли йўналишига айлангани намоён бўлади. Бунга ҳаётий мисоллар, факт ва рақамлар жуда кўп. Бу масала доимий эътиборда. Давлатимиз раҳбари қаерга ташриф буюрмасин, қайси соҳа вакиллари билан учрашмасин, албатта, ёшлар билан мулоқот қилишга вақт ажратади. Уларнинг фикр ва мулоҳазаларини тинглаб, зарур топшириқ ва тавсиялар беради. Жумладан, йил бошида, яъни 14 февраль куни ҳам ёшлар билан мулоқот қилди. Видеоселектор шаклида ўтган учрашувда ёшлар учун имкониятларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилганди.

    Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизи ёшлардан иборат. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қиз кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етади. Учрашувда ана шу жиҳатлардан келиб чиқиб, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, интилишларига мос шароит яратиш давлатимизнинг устувор вазифасига айлангани яна бир бор қайд этилиб, ўғил-қизларни муносиб ўқиш ва иш шароити билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Амалий ташаббус ва таклифлар билдирилганди.

    Бугун креатив иқтисодиёт соҳасида фаолият юритаётганларнинг 98 фоизи ёшлар. Ўтган йили бу бўйича қонун қабул қилиниб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамлангани ёшларнинг бу йўналишдаги фаолиятини тобора кенгайтирмоқда. Ҳудудларда ҳам креатив индустрия парклари барпо этилаётгани ва уларнинг резидентларига 2030 йил охиригача имтиёзли солиқ режими қўлланиши белгилангани катта ёрдамдир.

    Президентимизнинг ёшлар билан учрашиб, мулоқот қилиши ўғил-қизларга катта куч ва далда беради. Мазкур учрашувларнинг ўзи давлат ёшлар билан қанчалик яқин муносабатда эканини англатади. Уларнинг ҳар бир ғояси ва ташаббуси эътибордан четда қолмаслигини билдиради. Зотан, бугунги эътибор эртага катта эҳтиром ва самара олиб келади. Олий таълим эса йигит-қизларимизга ана шундай эзгу мақсадларга етишиши учун кўмакчи бўлиб қолаверади.

    Илҳом МАМАТКУЛОВ,

    Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни

    ривожлантириш институти ректори

    Hamkorlik materiali

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates