Илм оламининг виждони

    Устоз Наим Каримовни ёд этиб.

    Мана шу ўтаётган ҳафтанинг сешанба куни менга филология фанлари номзоди, доцент Моҳира Раҳмонова телефон қилиб, устоз Наим Каримов вафот этганини айтди. Қалбим ларзага келди десам асло муболаға қилмаган бўламан, чунки академик Наим Каримов билан тўқсонингчи йилларнинг ўрталаридан борди-келдимиз бор эди. Унда мен эндигина илмий фаолият борасида биринчи одимларни қўяётган эдим. Наим ака у вақтда Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида XX аср адабиёти бўлимининг мудири бўлиб ишлардилар.

    Институтда у вақтда ўзбек адабиётшунослигининг дарғалари академиклар Матёқуб Қўшжонов, Иззат Султон, Бахтиёр Назаров, Тўра Мирзаев, профессорлар Абдуқодир Ҳайитметов, Суима Ғаниева, Абдурашид Абдуғофуров, Иброҳим Ҳаққулов ва бошқалар ишлар эди. Мана шу олимларнинг ичида Наим Каримов ёшларга катта эътибор бериши билан ажралиб турарди. Мен ишлаган ИИВ Академиясининг ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Туробжон Ирисбоевнинг илмий раҳбари Наим ака эди. Дўстимизни то ҳимояга чиқмагунча безовта қилиб, яхши маънода тинчлик бермагандилар. Бўлмаса уларга нима? Ҳимоя қилса қилсин, ёки йўқ. Наим Каримов шогирди ишни якунламагунича ва ҳимояга чиқмагунича холи жонига қўймаганлар. Мана бу воқеага ҳам роппа-роса йигирма икки йил бўлибди.

    Биз шогирдлар Наим Каримовнинг суҳбатларига муштоқ эдик. Тўғри-да, адабиётимизнинг дарғалари Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом ва Мақсуд Шайхзодани холи ҳаётлигида кўрган, суҳбатларидан баҳраманд бўлган, илмий мушоҳадаларга киришган, керак бўлса баҳслашган Наим ака ёшлар учун битмас туганмас билим манбаи эди. Мен уларнинг илмий фаолиятларига тўхталмоқчи эмасман, сабаби у киши мамлакатимизда олиб борган маънавий-маърифий ишлар ҳақида гапирмоқчиман. Наим ака ўз умри давомида жуда катта савобли ишларни амалга оширдилар: истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб сўнгги нафасигача ўзбек адабиётининг қатағонга учраган қатлами жадидларни оқлаш ва халқимизга қайтариш ишлари билан шуғулландилар.

    Саксонингчи йилларнинг охирида бошланган бу муҳим ишлар қаттиқ қаршиликларга учраган. Фақат истиқлол бундай қаршиликларга чек қўйди. Истиқлолнинг дастлабки йиллари хавфсизлик органларининг архивлари олимлар учун очилганда, биринчилардан бўлиб Наим Каримов у ерда ишлаб керакли ноёб материалларни қўлга киритган. Айниқса у киши тарихни бузиб кўрсатувчиларга қарши аёвсиз курашди.

    Фотиҳага келган адабиётшунос олимлар Наим аканинг жуда бой илмий мероси ҳақида гапиришди ва иложи борича уни илмий тадқиқотларда фойдаланишга йўналтириш керак дейишди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида ишлаб юрган кезларим, мен Наим акани қатағон қурбонларига аталган тадбирга таклиф этганман. Овозлари сал пастроқ бўлгани учун тингловчилар жим бўлиб у кишининг маърузасини тинглашди. Наим ака Чўлпон ҳақида гапираётганида, эътибор берсам, устоз ҳам йиғлаб маъруза қиляпти, тингловчилар ҳам кўзлари тўла ёш тинглашяпти.

    Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ишлаган вақтимда Темурбеклар мактаби ҳарбий академик лицейида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирга яна атоқли академикимизни таклиф этдик. У киши муборак тўқсон ёшда бўлиб, уларни эҳтиётлаб, авайлаб тадбирни ўтказдик. Худди Академияда бўлганидек, яна маънавият ва маърифат маркази сув қуйгандек жимжит, яна Наим Кеаримовнинг паст овозда маъруза ўқиши. Бу гал ўқувчи ёшлар узоқ вақт қарсаклари билан устозни даврадан қўйиб юборишмади.

    Академик лицейи жамоаси академик Наим Каримовга ўз миннатдорчилигини бошқача изҳор этишди. Ўқувчилар ноёб истеъдод соҳиби, ўттизинчи йилларда стадионларни мухлислари билан лиммо-лим қилган шоир Усмон Носир ҳаётидан лавҳалар саҳнада ижро этиб беришди. Бу саҳналарни улар Наим Каримов қаламига мансуб “Усмон Носирнинг сўнгги кунлари” ҳужжатли қиссасидан олишганди. Бу ҳолат академик Наим Каримовга жуда манзур бўлган эди.

    Олим тарихий фактларни билмай туриб, миш-мишларга таяниб, илмий фактларга асосланмаган маълумотларни мушоҳада қилишни ёқтирмас эди. Бундай вақтда ёшларини ҳисобга олиб, баҳслашмасдан, секингина даврадан чиқиб кетардилар. Устоз ҳарбийларга бошқача меҳр билан қарардилар ва ҳамиша тадбирларда бошқа ишларини йиғиштириб иштирок этардилар.

    Академик Наим Каримов ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин, лекин у кишининг ўзбек халқига қилган беминнат хизматларини сўз билан ифқодалаб бўлмайди. Устозимизнинг ёрқин хотираси биз шогирдлар қалбида мангу яшайди. У кишидан қолган илмий мерос ёш адабиётшунослар учун тадқиқот манбаи бўлиб хизмат қилишига ишончитмиз комил.

    Тўлқин САЙДАЛИЕВ,

    филология фанлари номзоди, доцент, истеъфодаги подполковник

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates