Боғда 100 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ва 500 тупдан зиёд турли хил гуллар экилди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, бу гуллар ва кўчатлар Наманган давлат техника университетининг лабораторияси ва инновацион иссиқхонасида етиштирилган. Энг муҳими, бу иш жараёнида Наманган давлат техника университети олимлари томонидан ишлаб чиқилган гидрогел технологиясидан фойдаланилди. Ушбу технология сувни тежаш ва ўсимликларни самарали парваришлашда юқори самара беради. Бу эса боғни нафақат гўзал, балки экологик жиҳатдан ҳам барқарор маконга айлантиради.
Тантанали очилиш маросимида икки университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Улар ушбу боғнинг барпо этилиши – таълим, фан ва экологик маданиятнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатувчи ёрқин намуна эканини таъкидлашди.
— “Илм-маърифат боғи” — бу шунчаки гуллар ва дарахтлар экилган ҳудуд эмас. Бу — ёш авлод учун тарбия маскани, жамиятимизда экологик маданиятни шакллантирувчи ўқув-тарбиявий майдон. Боғда ҳар бир гул, ҳар бир дарахт илм-фаннинг, меҳнат ва ҳамкорликнинг тимсоли. Бизни қувонтирадиган жиҳати — гидрогел технологияси каби замонавий ёндашувларнинг амалиётда ўз ўрнини топаётганидир. Бундай ташаббуслар орқали биз нафақат табиатга, балки келажак авлод тафаккурига ҳам таъсир кўрсатяпмиз - дейди Қорақалпоқ давлат университети ректори, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ахмед Реймов.
Маросим давомида яна бир муҳим воқеа, Наманган давлат техника университети жамоаси Қорақалпоқ давлат университети жамоасига 64-халқаро гуллар фестивалида иштирок этиш учун расмий таклифномани тантанали равишда топширди. Бу таклиф нафақат анъанавий дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди, балки университетлар ўртасидаги илмий-амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб беради.
Минажатдин Қутлымуратов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.