Илмий салоҳият ошаётгани соҳага қаратилаётган эътибор самарасидир

    Дунё иқтисодиётида тўртинчи саноат инқилоби ривожланиши даврида инсон капитали биринчи ўринга чиқди. Мамлакатимиз аҳолиси 37 миллион нафарга етди, бунинг ярмидан ортиғини ёшлар ташкил этади.

    Демак, бу капиталнинг асосий қисми куч-қувватга тўла ёшлардир. Давлатимиз ёшларга алоҳида эътибор қаратиб, кенг имкониятлар яратиб бераётган бир даврда уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, келажакни етук ва сифатли кадрлар билан таъминлаш борасида олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юкланади.

    Тиббиёт соҳасида сифатли кадрлар тайёрлаш — устувор вазифа

    “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш асосий мақсад этиб белгиланган. Зеро, бу ёшларнинг келажакдаги ўрни, даражаси, жамият ривожига қўшадиган ҳиссасини белгилашда муҳим роль ўйнайди.

    Стратегияда олий таълим қамровини кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида бир қанча вазифалар белгиланган: ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, 30 та олий таълим муассасаси таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш, 10 та олийгоҳни дунёнинг энг нуфузли “Топ-1000” олий таълим ташкилотлари рейтингига киритишга эришиш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни 70 фоизга етказиш.

    Бугунги глобал тенденцияларга кўра, дунё мамлакатлари, жумладан, юртимизда ҳам тиббиётга, хусусан, соҳада малакали ходимлар тайёрлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Тошкент давлат стоматология институти жамоаси ҳам мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг муҳим иштирокчисига айланган. Мақсадли кўрсаткичларга эришиш энг устувор вазифа этиб белгиланган.

    Мазкур йўналишда институт жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасалари, илм-фан мактаблари билан яқин ҳамкорлик ўрнатмоқда. Ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий материаллар кенг жорий этилмоқда. Ўқув-педагогик фаолиятга, маҳорат дарсларига, малака ошириш курсларига хорижий ҳамкор таълим муассасаларидан юқори малакали ўқитувчилар ва олимлар фаол жалб қилиняпти. Уларнинг базасида тизимли асосда олий таълим муассасалари магистрант, ёш мутахассис ва илмий ходимлари учун амалиёт ўташ, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкил этилмоқда.

    2022 йили академик ва молиявий мустақиллик берилгани институт салоҳияти, таълим сифати, моддий-техник базасини йил сайин ошириб боришга мустаҳкам замин яратди.

    Нуфузли рейтинглардаги кўрсаткичлар

    Тошкент давлат стоматология институтида замонавий билим ва кўникмаларга эга, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш, кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бугунги куннинг қатъий вазифасига айланди. Жаҳон талаблари даражасида кадрлар тайёрлаш учун юртимиз олий таълим муассасалари халқаро рейтингларга киришга, нуфузли халқаро ОТМлар билан ҳамкорлик ўрнатишга интилмоқда. Натижалар эса қувонарли.

    Ушбу йўналишда Тошкент давлат стоматология институти “QS Asia University Rankings — 2024” рейтингида эътироф этилди. Мазкур рейтингга Осиё минтақасидаги 31 давлатдан жами 739 та олий таълим муассасаси киритилди. Рейтинг университет ва институтлар фаолиятининг 18 та индикатори таҳлили асосида шаклланади. Шарқий, Жануби-шарқий ва Марказий Осиё давлатлари университетларини академик мавқеи, иш берувчилар орасидаги кўрсаткичи, факультетдаги талабалар нисбати, илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар, халқаро талабалар сони, халқаро хилма-хиллик ҳамда иқтибослик бўйича баҳолайди.

    Бу нима учун керак? Бу, аввало, хорижий талаба ва профессор-ўқитувчиларни юртимиздаги олийгоҳларга кўпроқ жалб қилиш имконини берса, иккинчидан, таълим муассасаларининг жаҳон таълим майдонида нуфузли университетлар билан рақобат олиб
    боришига йўл очади.

    Институт замонавий талабларга мувофиқ кадрлар тайёрлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, илмий тадқиқот изланишлари олиб боришни такомиллаштириш йўлида 21 давлатнинг 124 дан ортиқ таълим муассасаси, илмий марказлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатган.

    Халқаро майдонда ҳам ўз мавқеига эга. Бу ерда биринчилардан бўлиб 3D технологияларга асосланган симуляцион марказ ташкил этилди. Финляндия университети билан ҳамкорликда илмий-амалий журнал чоп этилди. Грантлар асосида стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги соҳасида диққатга сазовор ютуқларга эришилди.

    Бугунги кунда таълим даргоҳида 500 га яқин профессор-ўқитувчи фаолият юритмоқда. Улардан 60 нафари Европа, Осиё, Жанубий Корея ва Ҳиндистон таълим муассасалари профессорларидир. Илмий салоҳиятимиз 71,5 фоизга етди. Бу юртимиз тиббиёт ОТМлари орасида юқори кўрсаткич.

    Ушбу йўналишда институтимиз халқаро эътироф этилган ISO сертификатига ва Жаҳон тиббий таълим федерацияси — WFME аккредитациясига эга бўлди. 2023 йилда эса THE рейтингда дунёнинг кучли 1000 + ОТМ орасида “Reporter” мақомини қўлга киритди. Сўнгги 3 йилда олийгоҳда 18 нафар фан доктори (DSc) ва 57 нафар фалсафа доктори (PhD) тайёрланди. Педагогларимизнинг 11 нафари жаҳоннинг нуфузли 1000 таликдаги ОТМларида PhD ёки DSc илмий даражасини олди. Профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 14 та патент, 77 та ЭҲМ дастури ва 55 та муаллифлик гувоҳномаси олинган. Бундан ташқари, 2 мингдан ортиқ илмий мақола чоп
    этилди.

    Талабалар ҳамиша етакчи

    Педагоглар ва талабаларга яратилаётган имкониятлар туфайли олий таълим муассасалари жаҳон стандартлари асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янги босқичга олиб чиқишга муваффақ бўлмоқда. Бу эса тиббиёт олий таълим муассасалари олдида салмоқли вазифалар турганини англатади. Бугун талабалик мақомига эришган йигит-қизларни ҳар томонлама етук кадрлар этиб тайёрлаш орқали юртдошларимизнинг саломатлигини тиклашга ҳисса қўшиш энг устувор вазифамиздир.

    Институтда 5700 дан зиёд талаба касб сирларини ўрганмоқда. Жараён 6 таълим йўналиши ва 3 та қўшма таълим дастури орқали амалга оширилади. Талабаларимиз орасида Президент давлат стипендиясининг 6 нафар, номдор давлат стипендияларининг 11 нафар соҳиби, республика ва халқаро танловларнинг 100 дан ортиқ ғолиби борлиги қалбимизни ҳамиша ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлдиради. Бундан ташқари, 6 талабамиз етакчи хорижий олий таълим муассасаларида магистратурани, 3 нафари докторантурани муваффақиятли битиришга муваффақ бўлди. Бу каби ютуқлар ёшларнинг иқтидорли экани билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашаётганининг ҳам белгисидир.

    Институтимизда анъанавий ўтказилаётган “Ёш олимлар куни” республика илмий-амалий анжумани талабаларимизни ягона мақсад атрофида бирлаштириши, фикр ва билим алмашиши, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиши учун муҳим қадам бўлмоқда. 2024 йилдаги анжуманимиз дастурида стоматология йўналишида 62, даволаш иши йўналишида 51, фундаментал ва тиббий-биологик фанлар йўналишида 75 ёш олим маърузалари ўрин олди. Талабаларимизнинг мазкур анжуманга қизиқиши йилдан йилга ортиб бораётгани бу йўналишдаги кенг кўламли ислоҳотлар натижасидир.

    Натижани 80 фоизга етказиш мақсад қилинган

    Давлат илмий техник дастурлари доирасида институтнинг етакчи олимлари раҳбарлигида “3D сканер технологияларидан фойдаланиб юз-жағ патологияли чақалоқларнинг миллий маълумотлар базасини яратиш”, “Тишларни тиклаш пайтида композицион материални иситиш учун янги стоматологик қурилма яратиш”, “Республикамизда стоматологик касалликлар тарқалишининг географик картасини яратиш” мавзуларида қатор илмий тадқиқот лойиҳалари бажарилган. Бундан ташқари, 2024 йил учун яна 19 та илмий тадқиқот лойиҳаси бўйича асословчи ҳужжатлар танловда иштирок этиш учун тақдим этилган.

    Институтимиз илмий жамоаси томонидан жорий йилда олий ва профессионал таълим, фан ва инновациялар соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгиланди. 30 та PhD ва 15 та DSc ҳимояси орқали институт илмий салоҳиятини 71,2 фоиздан 80 фоизга кўтариш ва “Scopus” базасида чоп этиладиган мақолалар сонини 80 тага етказишни режалаштирдик. Шу билан бирга, умумий миқдори 2 миллиард сўм бўлган 4 та (3 та амалий, 1 та инновацион) давлат гранти натижасида 10 та илмий даража (2 та DSc, 8 та PhD), 3 та патент (1 та FAP, 2 та IAP), 20 та муаллифлик гувоҳномаси (DGU, BGU, IP) олишни мақсад қилганмиз.

    Олий таълим муассасасининг Стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги илмий-амалий маркази орқали 4 та илмий маҳсулот ва патентни тижоратлаштиришдан келадиган маблағни 1,3 миллиард сўмга етказиб, 12 та хўжалик шартномасига хизмат кўрсатишдан тушадиган даромадни 128 миллион сўмдан 0,8 миллиард сўмгача кўпайтирамиз.

    Республиканинг етакчи илмий-амалий марказлари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази билан буйрак ва жигар трансплантологияси, бронхоскопия усулида бронхларни стентлаш, бариатрик хирургия самарали усуллари бўйича Европа ва МДҲ давлатларининг етакчи тиббиёт марказлари тажрибаси ўрганилиб, уларни клиник протоколларга киритиш тавсиялари ишлаб чиқилди.

    Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази билан болалар ва катталарда иммунологик патологияларни янги усулда даволаш, касалликларни аниқлашда замонавий иммунологик тестлардан фойдаланилмоқда. Биоорганик кимё институти билан хирургик стоматология амалиётида маҳаллий коллаген асосли биоматериал учун тажриба намунаси ишлаб чиқилди ва экспериментал синовлар ўтказилди.

    Институтимиздаги бу каби ишлардан кўзланган мақсад талабаларимиз сифатли таълим олиши, илм-фан соҳасида янги кашфиётлар яратилиши, илғор хорижий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрлаш учун зарурий шарт-шароитларни яратишдир.

    Нодир ҲАЙДАРОВ,
    тиббиёт фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 94-сонида (2024 йил 16 май) чоп этилган.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates