баннер
17 апр 2025
06:06

    Инновация — биз, ёшларни келажакни яратишга руҳлантирмоқда

    Ёшлар “Start up”, “TexnoWays” сингари йирик технологик ривожланиш марафонларида ўз иқтидор ва имкониятларини намоён этяпти.

    Бундан бир неча йил олдин “инновация” сўзи кўпчилик учун нотаниш тушунча эди. Хориждан кириб келиб, қулоғимизга тез-тез чалина бошлаган бу атамани аҳён-аҳёнда қўллай бошладик. Аммо кўп ўтмай — Янги Ўзбекистон ислоҳотлари аввалида ривожлана бошлаган замонавий техологиялар ва билимлар сабаб бугун “инновация” тил луғатимиздаги асосий сўзлардан бирига айланди.

    Ҳозирги дунёда инновацион тараққиёт моделларини жорий этиш, илғор ғоялар, “ноу-хау” ва “ақлли” технологияларни экспорт қилиш ҳисобидан тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар сони тобора ортиб боряпти. Тан олишимиз керак, маълум муддат мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилган ишлар қониқарли бўлмади. Шу боис, давлатимиз раҳбари ўз лавозимига киришган дастлабки йилларданоқ бу йўлдаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қатъий чоғланди.

    Президентимиз таъкидлаганидек, “Инновация — бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни айнан инновацион ғоялар асосида бошлашимиз керак. Инновацион ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт йўлига ўтишимиз бежиз эмас. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади”.

    Бу сўзлар амалда ҳам ўз исботини топа бошлади. Ҳаракатлар стратегиясида айнан инновациялар масаласига алоҳида урғу берилди. Хусусан, унда илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.

    Ғоялар амалга ошади!

    Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигида 3 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият юритиб келяпман. Бу ерда биз ишни аввало, инновация ўзи нима эканини одамларга тушунтириш, у бизга қандай имкониятлар бера олишидан хабардор қилишдан бошладик. Бугунга келиб, инновация — фойдаланиш учун киритилган янги ёки сезиларли даражада яхшиланган маҳсулот (товар, хизмат) ёки жараён, сотувларнинг янгича услуби ёки иш амалиётидаги, иш ўринларини ташкил этишдаги ва ташқи алоқаларни ўрнатишдаги янги ташкилий услуб эканидан кўпчилик хабардор.

    Вазирликда ёшларга яратилган шароитларни таъкидлаш учун биргина менинг талабалик давримдаги ва ҳозирги талабаларга берилаётган имкониятларни таққослашнинг ўзи кифоя. Мен олий ўқув юртида таҳсил олган кезларим грантларни қўлга киритиш жуда қийин эди. Ҳатто, грантларнинг турлари ҳам кам бўлган. Қизиғи, грант олиш учун қандай турдаги лойиҳаларни шакллантириш ёки тақдим этишни билмасдик. Бу борада бизга ёрдам берадиган хизмат турлари ҳам йўқ эди. Шу боис, грант олишга лойиҳа топшириш мен учун катта орзудек туюларди.

    Охирги 3-4 йил ичида ёшларимиз учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Бу муболаға эмас, аксинча, шу кунларни орзу қилган бир йигит тилидан чиқаётган шукроналик сўзлари, холос. Ахир, қачон ўз ғояси, лойиҳасига эга йигит-қизлар вазирлик даражасида қўллаб-қувватланган, улар учун турли танловлар ташкил этилган? Бугун бу ишлар одатий ҳолга айланди. Ёшлар “Start up”, “TexnoWays” сингари йирик технологик ривожланиш марафонларида ўз иқтидор ва имкониятларини намоён этяпти. Грантлар ғолибига айланиб, ишланмаларини фойдали қурилмаларга айлантиряпти...

    Ана шундай йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида биринчилардан бўлиб “Ёшлар академияси” ташкил этилди. Тузилма қисқа вақтда инновацион лойиҳалар ва ғояларга эга иқтидорли ёшлар, талабалар ҳамда 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорларни бирлаштирадиган, уларни ҳар томонлама рағбатлантирадиган майдонга айланди.

    Академияга ўз жамоаси, илмий ишланмаси, ғоя ёки стартап лойиҳаларига эга 40 ёшгача бўлган йигит-қизлар қабул қилинади. Ёш ихтирочилар бу ерда “Ғоялар генераторлари”, “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари” ҳамда “Бўлажак академиклар” каби 4 та платформадан бирида фаолият юритиши мумкин.

    Айни пайтда Ёшлар академиясининг 2 мингга яқин аъзоси бор. Улар геология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, робототехника ва мехатроника, дастурлаш, 3D моделлаштириш ва бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Аъзолар орасида инновацион ва амалий ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиб, муайян соҳа ривожига ҳисса қўшаётган фаол ва ташаббускор жамоалар кўпчиликни ташкил этади.

    Бугун улар томонидан ишлаб чиқилган кўплаб лойиҳалар ҳаётимизга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, айни пайтда турли соҳаларда фойдаланилаётган, туғма қўлсиз ва ҳаёти давомида қўли ампутацияга учраган ногиронлар учун бионик протезлар, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратлари учун махсус оксигенация ниқоблари, кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларидаги бактерия ва ҳидларни бартараф этишга мўлжалланган “CleanBox” қурилмаси, автомобиллар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Carwon smart security system” мобиль иловаси, маиший чиқиндилар асосида сунъий углеродлаштирилган материал олиш қурилмаси, рангли металл буюмлар қуйиш учун вакуум асосида ишлайдиган “Ҳумо С1” ускунаси, “Sky project” виртуал парашют симулятори ва бошқа бир қанча ихтиролар ўзбек йигит-қизлари, хусусан, “Ёшлар академияси” аъзолари томонидан яратилгани бизни қувонтиради.

    Келажак бунёдкорлари

    Бугун республикамизнинг ҳар бир вилоятида академиянинг етакчиси сайланиб, иқтидорли ёшлар жамоалари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар саралаб олиняпти. Ўтган қисқа вақт ичида ана шундай йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, академия аъзоларини рағбатлантириш, истиқболли ишланмаларга эга ёшларга мотивация бериш мақсадида бир қатор йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалар танловлари ўтказиб келиняпти.

    Айниқса, Президентимизнинг жорий йил апрель ойидаги қарори билан ташкил этилган “Бўлажак олим” танлови доирасида ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши йигит-қизлар учун катта имконият бўлди.

    “Ёшлар академияси” томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аксарияти ҳудудларда ўғил-қизларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини ошириш, уларни жамиятда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фаол етакчиларига айлантиришга қаратилган. Ана шу мақсадда ҳукумат қарори билан бугун республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич Ёшлар технопарклари ташкил этиляти. Чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган йигит-қизларни мамлакатимиз ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳа ва йўналишлар бўйича ўқитишга қаратилган “Технобус” инновацион таълим автобуси фаолияти йўлга қўйилди.

    Шу ўринда, Инновациялар Миллий Офиси фаолияти ҳақида ҳам алоҳида тўхталсак. Маълумки, инновацияларни яратгандан кўра, уни жорий этиш анчайин қийин. Биз Инновациялар Миллий офисида бевосита ана шу жараён билан шуғулланамиз. Ёшларга ўз ишланмаларини қандай тақдим этиши ва қандай қўшимчалар киритиб, уни мукаммал даражага олиб чиқиш бўйича йўналиш ҳамда кўрсатмалар бериб борамиз.

    Бу ерда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳа эгаларининг ишланмаларини такомиллаштиришлари учун бир қанча лабораториялар хизматлари йўлга қўйилган. Хусусан, илмий тажрибалар олиб бораётган ёш олимлар “Авиацион ва космик”, “Учувчисиз учиш қурилмаси” (дрон), “3Д прототиплаштириш”, “Информацион технологиялар”, “Робототехника”, “5Г” ўқув-тадқиқот лабораторияларидан фойдаланиш имкониятига эга.

    Жорий йилда “Авиацион ва космик” ўқув-тадқиқот лабораторияси мутахассиси Зиёдулла Бутахонов мавжуд энг замонавий қурилмалардан фойдаланиб, йирик лойиҳани амалга оширишга муваффақ бўлди. Ерни 42 км баландликдан суратга олишга эришган ёш олим ҳаракатлари билан юртимиз тарихида илк бор фазога “аэростарт” учирилди. Бир сўз билан Ўзбекистон биринчи марта яқин космос, яъни старотасферани забт этди, десак ҳам бўлади. Ушбу улкан ютуқ мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб совға бўлди.

    Шунингдек, Инновациялар Миллий офиси томонидан ҳар мавсумда юртимизнинг бирор ҳудудида “Техноwаys” технологик ривожланиш марафони ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа доирасида деярли бир ҳафта мобайнида ёшларнинг технологик билимларини ошириш, илғор технологиялар билан яқиндан таништириш бўйича турли хил қизиқарли тадбирлар уюштирилади. Ёшларнинг лойиҳаларини шакллантириш, тўғри таҳлил қилиш, инновацион ишланмаларини тақдим этишда тўғри йўналиш ва кўрсатмалар бериш масаласида соҳа мутахассислари томонидан тренинглар ташкил этилади. Марафон якунида энг яхши ғоялар ғолибларига пул мукофотлари ажратилади.

    Жорий йилда офис томонидан яна бир йирик лойиҳа — “Ихтирочи абитуриент” танлови эълон қилинди. У турли хил янгилик яратишга қизиқувчи абитуриент ёшларга ўз ишланмаларини тақдим этиш ва улар орасидан сараланадиган “оригинал ғоя” эгалари қаторида Турин университетига имтиёзли ўқишга кириш йўлланмасини қўлга киритиш имконини беради. Ўйлайманки, бу ёшлар учун жуда катта имконият. Ахир, талаба бўлиш ва нуфузли олийгоҳларда имтиёзли тарзда таълим олиш ҳар бир йигит-қизнинг орзуларидан бири.

    Бугун юртимиз аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган ёшлар орасида иқтидорлилар кўп. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш замирида эса мустақил, ўз ғоялари билан юртимиз ва жаҳон майдонида муносиб ўрин эгаллай оладиган шахсларни тарбиялаш ётади. Зеро, ана шундай ёшлар Янги Ўзбекистон келажагини бунёд этиш йўлида шаҳдам қадам ташлашни бошлади.

    Акбархон СОБИРХОНОВ,

    Инновациялар Миллий офиси бош директори ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech