Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси

    Фикр 19 июн 2024 116

    Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш борасида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари изчил амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-89-сонли Фармони қабул қилиниши ҳам ушбу туб ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Фармонга кўра, 2025 йил 1 январдан:

    — жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади;

    — жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади;

    — жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланади;

    — тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади.

    Шу жумладан, тергов судьясига қуйидагилар бўйича:

    — қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;

    — қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;

    — паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;

    — мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;

    — почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

    — тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;

    — телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;

    — мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;

    — айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;

    — шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;

    — айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;

    — ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;

    — прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномалар бўйича санкциялар бериш ваколати берилади.

    Мухтасар айтиш мумкинки, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш тергов судьясининг ҳам асосий йўналишларидан бири бўлиб, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ҳамда фақат қонунга бўйсунади. Тергов судьяси лавозимининг жорий этилиши билан судларнинг навбатдаги ихтисослашувига ҳамда асосийси аҳолининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришилади.


    Кадирова Мохигул Хамитовна

    юридик фанлар доктори.




    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates