Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим: мазмуни, моҳияти ва аҳамияти

    Мамлакатимизда 11 ноябр 2022 1891

    2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида ўтказиладиган Глобал форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланади. Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим нормалари кўплаб халқаро ҳужжатларга киритилган. Хусусан, 2011 йил декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинган. Декларация аъзо давлатларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни таъминлаш масъулиятини юклайди.

    Мазкур Декларацияда белгиланганидек:

    биринчидан, ҳар бир инсон ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси таълим олиш ва ўқитиш орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши лозим;

    иккинчидан, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахсини ҳар томонлама ривожлантиришга, қадр-қимматини ҳис этишга, барча кишиларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчилари бўлишига, барча миллатлар, ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши керак.

    Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ ислоҳотлар шароитида «инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – энг муҳим қадрият» деган тамойил эътироф этиляпти. Шу муносабат билан йиллар давомида амал қилиб келган «давлат – жамият – инсон» тамойили Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «инсон – жамият – давлат» тамойилига ўзгартирилди.

    Буларнинг барчаси, ўз навбатида, таълимнинг ўзига хос соҳаси ҳисобланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни изчил ривожлантиришни тақозо қилади. Бундай таълим барчанинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурматини рағбатлантириш ва унга ҳар томонлама риоя этилишини таъминлашда бирламчи аҳамият касб этади.

    Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим демократик жамият қуриш мақсадида ҳуқуқлар, эркинликларни англаб етиш ва улардан фаол фойдаланиш, мажбуриятларга амал қилишни назарда тутувчи инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

    Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жабҳаларда, умуман, ўз ҳаётига дахлдор бўлган қарорларни қабул қилишнинг барча жараёнларида тўлақонли иштирокини таъминлаш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик ва низоларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

    Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилингандан сўнг халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди ва уларга риоя этилишини халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрлари ва механизмлари орқали тарғиб қилишни бошлади. Ушбу ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – инсоннинг барча ҳуқуқларидан фойдаланиш учун бошланғич нуқтадир.

    Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга:

    - инсон ҳуқуқлари бўйича таълим;

    - ушбу ҳуқуқлар тўғрисида билиш ҳуқуқи;

    - ҳар қандай жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб қилишнинг усуллари ва воситалари киради.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия барча инсонлар, айниқса, ёшларни кенг қамраб оладиган ҳаётий жараёндир.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates