Зуммерлар: интернет — бу ҳаёт ёхуд «клип фикрлаш» шаклига қобиқланаётган авлод

    Дунё тадқиқотчилари тахминан 1990 йиллар охиридан бошлаб, образли айтганда, «гаджетлар оламида туғилиб таълим-тарбия топаётганлар»ни шу авлод вакиллари, деб хулоса чиқарган.

    Таълим ва тарбия, маънавият ва маърифат кўҳна, айни пайтда эскирмас мавзулардир. Улар асрлар давомида асосан ёзма манбалар, таълим муассасалари сабоқлари, ота-она тарбияси, қолаверса, жамоатчилик фикри билан сингдириб келинган. Лекин шиддатли тараққиёт, ўзгаришлар бу борадаги қарашларимиз, таҳлил ва ёндашувларимизни ўзгартириб юборяпти. Чунки тараққиёт давомида янги қиёфадаги авлодлар юзага келмоқда. Ваҳоланки, бу омиллар муттасил янгиланиб турадиган барча авлодлар қиёфасига ҳам тегишли.

    Авлодлар дунёқараши ва технология тараққиёти

    Дунё мамлакатлари таълим тизимида ўқувчиларнинг билими яқин вақтларгача ўзгача мезонлар билан ўлчанган. Соддароқ айтганда, уларнинг билими қанчалик кўп нарса ўқигани ва эслаб қолганига, дарсда уларни қанчалик айтиб бера олишига кўра баҳоланган.

    Энди эса конвейер ишлаш асри – саноатлаштириш давридан ўтиш юз беряпти. Иш жараёнларини роботлаштириш ва рақамли технология сабабли барча эски ишлаб чиқариш жараёнлари автоматик тарзда бажарилмоқда. Демак, ёшларни ўқиганларини хотирада тўплашга эмас, фикрлашга, маълумотларни мустақил излаб топиш, таҳлил қилиш ва танқидий баҳолашга ўргатиш талаб этилмоқда.

    Инсоннинг билим эгаллаши ва шахс сифатида шаклланиши болалик ва ёшлик йилларида илдиз отиб мустаҳкамланади. Янгидан янги техник ва техногологик воситалар эса ўзидан аввалгиларидан фарқланувчи янги авлодлар юзага келишига сабаб бўлаётир.

    Дунё олимлари узоқ йиллардан буён қарашлари, фикрлаш тарзи, муносабатлари бутунлай бошқача авлод шаклланишига оид муаммоларга жавоб топишга ҳаракат қилиб келади. 1990 йиллар бошида америкалик тадқиқотчилар Нейл Хоу ва Уилям Штраус авлодлар назариясини яратишди.

    Бу мавзуда сўз юритишдан мақсад шуки, барча ривожланган, аниқроғи, кундалик ҳаётига замонавий технология кириб келган, уларсиз ҳаётини тасаввур эта олмайдиган янги – «рақамли авлод» юзага келди.

    Дунё тадқиқотчилари тахминан 1990 йиллар охиридан бошлаб, образли айтганда, «гаджетлар оламида туғилиб таълим-тарбия топаётганлар»ни шу авлод вакиллари, деб хулоса чиқарган. Келинг, ушбу авлодга хос белгилар нималардан иборат эканига эътибор қаратайлик.

    Улар учун интернет, бу – ҳаёт

    Технологиялар жуда тез ривожланиши дунё мамлакатларидаги каби Ўзбекистонда ҳам дастлабки интернет (зуммерлар ёки «зет») авлод шаклланишига сабаб бўлди. Аслида зуммер – товуш сигналларини узатиш учун фойдаланиладиган электр қурилма. Шунга нисбат берган ҳолда кундалик ҳаётини компьютер, гаджетларсиз тасаввур эта олмайдиган бугунги авлод «зуммерлар» деб аталган.

    «Зет» авлод учун дунё интернет тармоғи ва гаджетлар бирор вазифани ҳал этиш воситасигина эмас, шахсий муносабатлар ўрнатиладиган, ном чиқарадиган, обрў-эътибор шаклланадиган, ўйин ўйнаб чалғийдиган, сон-саноқсиз видеороликларни томоша қилиб вақт ўтказадиган ва бошқа яхши-ёмон кўплаб ҳоказо-ҳоказоларни учратиш мумкин бўлган бир макон. Гўё ҳаёт ён-атрофда эмас, шу қутича (компьютер, гаджетлар)даги овоз ва тасвирлар жамланмаси. Энг ёмони, маълумот ва ахборотларга ёндашув нотўғри, уларни танлаш, таҳлил қилиш, танқидий ёндашув йўқ даражада.

    Аслида айнан маълумот ва ахборотларни танлай билиш ва таҳлил қилиш жуда муҳим. Албатта, интернетдан фойдаланувчилар ҳар гал тўхтовсиз ахборотлар оқими тартибсизлиги (хаос) билан тўқнашади. Бу эса тубсиз ахборот маконидан фойдаланишда этика қоидаларини англаш, ахборотни саводхонлик билан излаш, уни тизимлаштириш ва қайта ишлаш асосида медиамаданият шаклланишини талаб қилади.

    Айни авлод борасида тадқиқот ўтказаётган ва муайян хулосаларга келган олимлар фикрича, «зуммер» авлоднинг ўзига хос ютуқлари билан бирга заиф жиҳатлари яққол кўзга ташланади.

    Биринчидан, дея таъкидлайди олимлар, бу авлод тафаккури «клип фикрлаш» шаклини олган. Яъни улар ахборот ва маълумотларни парча-парча, қисқа ва ёрқин образлар орқали қабул қилишга одатланган. Улар муайян воқеа, бадиий ёки ҳужжатли маълумотни асосан кўриб эшитиш орқали қабул қилиш шаклини ўзлаштириб олган. Бундай тарзда ахборот олиш саводли сўзлаш, саводли ёзишдан узоқлаштириб юбормоқда. Бу эса билим олиш жараёнини бошқа йўцинга солиб, мавзуни батафсил ўрганиш, чуқурроқ англашдан четлатади.

    — «З» авлод алоҳида аудитория ҳисобланади. Биз уларни ахборот уммонига ғарқ бўлган ёки янгиликлар тўфонида қолиб кетган, деб ўйлаймиз, – дея фикр билдиради филология фанлари доктори Беруний Алимов. – Ваҳоланки, ёш авлод фақат ўзига керак ахборотни, хусусан, қисқа ҳажмдаги матнларни ўқийди. Таҳлилий материалларга эътибор бермайди. Нима учун? Сабаби, улар ҳар соҳадан бир шингил янгилик топишни истайди. Уларда «қисқа ўйлаш» (инглизча «cлип тҳинкинг», русча «клиповое мышление») жуда яхши шаклланган. Битта ахборот мавзусига чуқур кириб боришга ёки бир мавзуга атрофлича таҳлилий ёндашилган материални ўқиб ўтиришга уларда вақт ҳам, имконият ҳам чегараланган. Шундан келиб чиқиб, улар бирор масалага жиддий ва чуқурроқ киришишга ўзида сабр-тоқат топа олмайди. Масалан, агар видеосюжет бўладиган бўлса, ундаги 1-2 дақиқалик ахборотни яхши кўриб, томоша қилади. Улар учун матнли янгиликка нисбатан видеоянгиликлар кўпроқ қизиқ...

    ***

    «Зет» авлодда диққат-эътибор тарқоқ. Улар клиплар, қисқа видеотасвирларга кўниккан, узун матнларни ўқиб ўзлаштиришга тоқатсиз, деб таъкидланади шу мавзуга оид тадқиқотларда. Интернетга суяниб ўсаётган авлод мамлакат ёки дунёдаги муҳим воқеалар, саналар, тарихий ва географик номлар каби муҳим маълумотларни ёдда сақлаб қолишга ҳаракат қилмайди. Чунки керакли маълумотни олиш учун интернетдан фойдаланиб ўрганган. Улар яхши хотира ишда, кундалик ҳаётда, ўқишда ҳам зарур эканини, уни машқ қилиб туриш муҳимлигини тушунмайди, дея хавотирли хулосалар бермоқда олимлар.

    «Дуо қилинг, грин-картадан ютиб олай»

    «Ёлғонни ўн марта қайтарсанг, бир кун келиб чинга айланади», мазмунидаги кинояли ҳикмат бор. Фикрлаш тарзи оқсоқ, фейк хабарлардан тортиб беҳаё сурату қисқа видеоларни тинимсиз кўраётган ўсмир ва ёшларда буларнинг бари тўғри, деган ишонч уйғота бошлайди (тинимсиз томган томчи вақт ўтиб ҳатто тошни ёргани каби).

    Буларнинг бари улар онгида одатий ҳолат каби ўрнашиб, таҳлил кўникмасини эгаллашга имкон бермайди, уят ҳиссини йўқота бошлайди. Ҳатто айрим ёшларнинг ҳаётдаги мақсад ва орзулари, интилишлари майдалашиб кетишига олиб боради.

    Шу ўринда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист Шодмонқул Салом билан ЎзАнинг YouTube саҳифасига қўйилган видеосуҳбат матнидан парча келтираман. Бу унинг субъектив фикри ва хулосалари, албатта.

    «...Одамнинг яшаш шароити қанча осонлашса, шунча эркатой, танти бўлиб бораверади. Шунинг учун бугун бир-биридан узоқлашиш кучайди. Ёлғизлашиш кучайиб, инсон индивидуаллашиб қолди. Ёлғизлик бугун, айниқса, илмий тилда айтганда «З» (зет) авлодни қамраб олди. «З» авлод деганда ҳеч нарсага қизиқмайдиган, ҳеч нарса уни эргаштира олмайдиган авлод тушунилади. Ана шу авлод бугун ёлғизланиб қолди. Ёшликдаги зерикиш хавфли, кексаликдаги зерикиш аламли бўлади. Инсон ёлғизландими, зерикади. Буни ўз вақтида англамаяпмиз. Бу бизнинг катта фожиамиз.
    ...Рамазой ойи эди. Андижон вилоятига хизмат сафарига боргандик. Оғиз очишга кетаётган пайтимиз машинамиз чорраҳага тўхтаган пайтда 20-21 ёшлардаги йигитча идишда йўлдаги одамлар оғзини очсин, деб сув узатди. Савобталаб йигит экан, дея хурсанд бўлдим. Раҳмат деб сувни олсам, идишга «Дуо қилинг, грин-картадан ютиб олай», деб ёзиб қўйибди. Хафа бўлиб кетдим. 21 ёшли, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган, уйланмаган йигитнинг рамазон ойида, муқаддас кунларда энг катта орзуси шу экан... Китоб нега керак? Мана шу нарсаларни ўргатиш учун. Китоб ўқиган, адабиётга яқинлашган инсонларнинг қалби бўлади. Қалби бор одам, ҳеч қачон ватанга хиёнат қилмайди...».

    Миллий контент ёки жаҳолатга қарши маърифат билан

    «Агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумотлар, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз тўлдирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари жорий йил Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида.

    Бугун дунёда мамлакатлар иқтисодиёти билан бирга жамиятлар ҳаётининг бир-бирига боғланган ҳолда ривожланиши – глобаллашув жараёни кучайиб бораётир. Нафақат ёш авлод, катта ёшдагилар ҳаётининг ҳам ажралмас қисмига айланган интернет бу жараёнга, айниқса, маданият ва маърифат борасидаги қарашларимизга катта таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу сабабли фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш тамойили энг самарали воситага айланган.

    Хорижий ОАВ орқали тажовузкор ғояларга қарши миллий манфаатлар инобатга олинган асарлар ва ахборотлар билан жавоб қайтариш сиёсий, маънавий-маърифий, ижтимоий, таълимга оид ёки кўнгилочар мавзуда медиамакон – контент яратиш энг самарали, долзарб масалага айланган. Миллий контентни ривожлантириш мақсадида Олий Мажлис Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган. Мазкур қарорлар асосида миллий контентни яратиш бўйича комплекс дастур ҳам тасдиқланган.

    Очиғи, миллий оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернетда бу борада қилинаётган ишлардан унчалик кўнгил тўлмайди. Фикримизча, комплекс дастурни сифатли амалга ошириш учун масъул этиб белгиланган вазирликлар ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларидан ташқари фуқароларимизнинг фаоллиги етишмаяпти.

    Ҳозир тарғибот-ташвиқот маблағ ва қуроллардан ҳам катта кучга эга эканини дунёда бўлаётган воқеалар силсиласидан ҳам билиб турибмиз. Ахборотга эга бўлиш ҳокимиятга эга бўлиш, бошқариш экани яққол кўриниб турибди. Бу фақат том маънодаги ҳокимият, жамоани ёки халқни бошқаришдан ташқари ва энг нозик жиҳати – ёш авлод, умуман, инсоният онгини бошқариш, шахсини шакллантириш жараёнига ҳам бевосита таъсир кўрсатиши билан сергак торттиради. Бунда эса фақат билим, маърифат, тиниқ тафаккур ва таҳлил тўғри йўл кўрсата олади. Энг муҳими, бунга истак бўлса бас.

    Рустам БОЙТЎРА,

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates