Инсон тақдирини ўзи яратади ёхуд 35 ёшгача эътибордан четда қолган Салима ҳақида ҳикоя

    Тошкент вилоятида яшовчи Салима Эрматовага қўнғироқ қилиб, эзгулик айёми билан табрикладим. Салимани деярли 3 йилдан буён танийман. У билан турли мавзуларда суҳбатлашиб тураман. Негадир унинг овози бу гал бироз маъюс туюлди.

    Сабабини сўрагандим, бундай деди:

    – Маҳалламиз аёллари байрам муносабати билан сумалак пиширишди. Дошқозон атрофида доира чалиб, шўх қўшиқлар айтиб, рақсга тушаётган аёлларга, катта кўчада варрак учириш билан овора бўлаётган болажонлар ва уларга ёрдам бераётган оналарига ҳавас билан қараб, бир муддат ўзимни уларнинг ўрнида кўргандай бўлдим. Шу вақт кўзларим рўпарамда менга меҳр билан термулиб турган онамга тушди-ю, ўйларим бир зумда тумандай тарқаб кетди. Кексайиб қолган волидамнинг майин қарашида катта маънони сўзсиз тушундим. Худога шукр, тирикман, ҳамма қатори яшаяпман, ёнимда онам, яқинларим ва қўлимда гулдай ҳунарим бор. Шунинг ўзи яшашнинг мазмуни ва энг олий неъмат эмасми, деган хаёллар оғушида турган чоғимда сиз қўнғироқ қилдингиз!

    Салиманинг сўзларини тинглар эканман, кўнглини кўтариш учун ўзимча алланималар дегандай бўлдим-у, тезгина хайрлашдим. Чунки ортиқча гапга ҳожат қолмаганди. Чунки мен билган Салима, гарчанд ногирон бўлса-да, ҳаётга ишонч кўзи билан қарайдиган, ниятлари ёруғ ва меҳнаткаш аёл.

    Ангрен шаҳрида уни кўпчилик танийди. Негаки, эчки жунидан тўқиган чиройли рўмоллари, бежирим шарфлари, қўлқоп ва пайпоқлари харидоргир, шогирдлари ҳам кўп. Республика, вилоят ва туман миқёсида ўтказиладиган турли ярмаркаларда маҳсулотлари билан мунтазам равишда қатнашиб келади. Ҳунари ортидан бир қанча совринлар, совғалар, диплом ва ташаккурномалар олган.

    Ангренга борганимда Салима билан учрашиб, узоқ суҳбатлашгандим. Унинг ўз қўллари билан тўқиган буюмларини кўриб, кўзларим қувнаган. Онаси Бибинисо аянинг кенжа қизи ҳақидаги маҳзун ҳикоясини кўнглим эзилиб, ғамнок бўлиб эшитсам-да, юртимизда имконияти чекланган хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли унинг ҳаётига ёруғлик олиб кирган истиқболли кунлар қувончи ҳақидаги янгиликларни кўнглим ёришиб тинглаганман.

    Салиманинг матонати, меҳнатсеварлиги ва самимияти ҳақида кимларгадир ибрат бўладиган мақола ёзишни кўнглимга тугиб қўйгандим. Аммо ўтган уч йил давомида у ҳақида ҳеч нарса ёза олмадим. Ҳар сафар компьютер қаршисига ўтириб нимадир қораламоқчи бўлардим-у, кўз ўнгимдан Бибинисо холанинг мунғайган, мунгли чеҳраси, кенжа қизининг дардида ноҳақликни ҳазм қила олмай бағри куйиб ўтган марҳум Маражаб отанинг армонлари кўз ўнгимда гавдаланиб, сўзларимни поёнига етказа олмасдим...

    Очиғи, бугунги ўзгаришлар, янгиланишлар бўлмаганида Салима Эрматованинг зимистон ҳаёт йўлларида нур таралмасди. Чунки 35 ёшигача бу аёлга яқинларидан бўлак ҳеч ким кўмак бермаган, ҳолини сўрмаган. Ҳатто ногиронлик аравачаси ҳам бўлмаган.

    – Болалигимда шамоллаб қолганман, дўхтирлар қўлимдаги томирга туша олмай, оёғимдан осма укол қилган. Аввалига оёғимдаги кучли оғриқдан бақириб йиғлаганман, уколнинг сўрилиши оғриқ беряпти, деб ўйлаган ота-онам оғриқ қолдирувчи дори-дармонлар берган. Аммо оғриқ кучайиб бораверган, дўхтирлар “изи шундай оғриқ беряпти, ўтиб кетади”, деган. Ўша укол натижасида оёғимдаги томирим қуриб, бир умрга фалаж бўлиб қолганман, – дейди биринчи гуруҳ ногирони Салима Эрматова. – Болалик йилларим турли шифохоналарда ўтди. Ота-онамнинг бормаган дўхтирию кўрсатмаган табиби қолмади. Дўхтирлар анча текширувлардан кейин оёғимдаги томир куйгани сабаб қуриганини, энди юра олмаслигимни айтган...

    Дугоналарим қатори мактабга бора олмадим. Ўқиш ва ёзишни акаларим, опаларимдан ўргандим. Болалигим ҳам, ёшлигим ҳам тўрт девор орасида эмаклаб юриш билан ўтди. Онам мени зерикмасин, ичикмасин, деб тўқувчиликни, тикувчиликни ўргатди. Ётиб олиб тўқирдим. Яқин йилларгача қариндошларимиздан бошқа биров эшигимизни қоқиб, ҳол сўраб келганини эслолмайман. Энг алам қиладигани, ўша вақтдаги дўхтирлар мени “ақли заиф” деб ногиронликка чиқаришган экан. Буни ҳам яқин йилларда билиб қолдим.

    Фақат кейинги йиллардагина мен каби кўмакка муҳтож ногиронларга ғамхўрлик, эътибор кучайиб, умр саҳифаларимга яхшиликлар кириб келди. Юртда кечаётган янгиланишлар сабаб мутасаддилар келиб ҳолимни сўраб туради. Байрамларда йўқлашади.

    Бугун берилган имкониятлардан фойдаланиб тадбиркорлик қиляпман. Ангрен шаҳар ногиронлар жамияти раиси кўмаги билан ярмаркаларда қатнашяпман. Ҳатто вилоятларга зиёратга ҳам бориб келдим. Қани энди ёшлигимда шу шароитлар ва имкониятлар бўлганида эди, балки оёғим ҳам тузалиб, юриб кетган бўлармидим. Яна билмадим. Майли, шундай дориломон кунларга етказганига, кўрсатганига шукр.

    Олти фарзанднинг кенжаси – Салима ногирон бўлиб қолишидан ота-онаси кўп изтироб чекди. Айниқса, отаси Маражаб ака камгап бўлиб қолди, бор аламини ичига ютди. Кечаю кундуз тиним билмай меҳнат қилди. Катта рўзғорни тебратиш, тунда эса кенжатойининг рангпар юзларига боқиб, ичдан ўкинишга юраги бардош бермай, оламдан ўтди. Шундан сўнг рўзғор ташвиши онаси ва акалари зиммасига тушди. Опалари ҳам муштдай бошлари билан меҳнатга шўнғиб кетди.

    Оиладаги етишмовчилик узоқ йиллар давом этди. Бироқ меҳнатда улғайган фарзандлар бир-бирини қўллаб, ҳаётда ўз йўлларини топди. Фақат Салимагина ногиронлигича қолди.

    Салима бундан олти йил илгари санаторийда даволанмоқчи бўлди. Яқинлари уни сиҳатгоҳга олиб боришганида, у ердаги дўхтирлар “Биз сизни бу ерда олиб қола олмаймиз, ақли заиф ташхиси билан ҳеч бир сиҳатгоҳ сизни қабул қилмайди, кечирасиз”, дейишди. Ўша вақтда Салима карахт бўлиб қолади, қулоқларига ишонмади. Хўрланиб, кўзларидан ёшлари оқиб, онаизорига ва опаларига нажот истаб термулди.

    – Дўхтир, нима деяпсиз, қизимнинг фақатгина оёқлари ишламайди, нега ақли заиф, деяпсиз, – дея зорланди она шифокорга.

    – Холажон, агар ташхиси хато ёзилган бўлса, ўзгартириб келинг, бажонидил даволаймиз, лекин ҳозир олиб қола олмаймиз, – дейишди.

    Бир дарди ўн бўлган она ва қизнинг ўша вақтдаги аҳволини тасвирлашнинг ўзи оғир. Шу ерда Салима ва яқинларининг нечоғли изтиробга ботганини ва жондан ўтар аламли ҳикоясини батафсил ёзиб ўтиришни, ўтмишнинг озорли ёлғонларига қайтишни истамадим...

    Балки яқинларининг соддалиги, ишонувчанлиги панд бергандир. Лекин оёғини даволатиш учун шифохоналарда ётганида уни даволаётган шифокорлар наҳотки шу ташхисни кўрмаган бўлса?!

    Салима давлатимиз томонидан берилган аравачасини суриб, бир қанча идораларга бош суқиб, ўзига қўйилган нотўғри ташхисни олдириб ташлади. Аммо бунинг учун қанча қоғозлар йиғишига, қайта текширувлардан ўтишига, асаблари тўкилишига тўғри келди.

    – Сўнгги йилларда юртимизда кечаётган кўп яхши янгиликлар қизимнинг ҳаётига ҳам нур сочиб, ўз ёғдусини таратди. 2017 йилнинг бошларида ҳовлимизга давлат ишида ишлайдиган каттаконлар келиб, аҳволимиз, яшаш шароитларимиз билан қизиқди, қизимга қандай ёрдам кераклигини сўрашди. Очиғи, уларнинг меҳрибонлиги ва кўнглимизни кўтарувчи гапларидан бошимиз осмонга етди, – дейди 88 ёшли Бибинисо хола.

    – Шунча йил ҳоким нари турсин унинг ёрдамчиси ҳам қадам босмаган ҳовлимизга. Ана, ҳақиқат бор эканку, дейман ўзимга-ўзим. Уларнинг сўзларидан билдимки, Президентимиз, ногирон, ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун барча имкониятларни яратиб беряпти экан. Шундан кейин чиндан ҳам ҳаётимизда қувончли ўзгаришлар бўлди. Энг аввал янги ногиронлик аравачасини беришди, қизимнинг фикрлари ва қизиқишини эшитиб қўллаб-қувватлашди. Янги дастгоҳлар сотиб олинди. Шароитлари бадастир бўлганидан сўнг қизимнинг ўзига ишончи ортиб, ишга шўнғиб кетди. Тўқишни ўрганаман, деган қизларни ҳам шогирд қилиб олиб атрофига жамлади. Худога шукр, қизим бугун хоҳлаган ерига ўзи бора олади, жундан тўқиган рўмолларини ўзи сотади, қўлида пули бор, асосийси ҳеч кимга муҳтож эмас.

    Ҳа, бугун Салима ўз меҳнати ва матонати туфайли етти мучаси соғ баъзи инсонларга ўрнак бўляпти. Эртаю кеч меҳнатдан бошини кўтармайди, юра олмаса-да, ҳеч кимга оғирлиги тушишини хоҳламайди. Беғубор орзу-ниятлари сари дадил илдамлаб бормоқда.

    Яна бир гап, 2022 йил 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари чорвачиликни янада ривожлантириш, қўй ва эчки жунидан гилам, мато ҳамда бошқа маҳсулотлар тўқиб сотиш борасида Ангренни ҳам намуна сифатида таъкидлаган эди.

    Аслида эса, тўқувчилик борасида тарихи олис ўтмишга бориб тақалувчи Ангрен шаҳрининг истиқболи порлоқ, келажаги янада ёрқин бўлишида Салима каби заҳматкаш инсонларнинг меҳнатлари ҳам бисёрдир.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates