Интерактив, креатив танқидий фикрлаш зарур

    Бу жараёнда ҳар бир олийгоҳ ўзини намоён этиши керак

    Жорий йил 20 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида таълим сифатини янада ошириш, ёшларимизни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган давлат сиёсати изчил давом эттирилишини, келгуси йилларда боғчаларда қамровни 80 фоизга, олийгоҳларда эса камида 50 фоизга етказиш ҳукумат учун асосий вазифа бўлиб қолишини билдирди. Дарҳақиқат, юртимиз тарихида янги давр бошланди. Мамлакатимиз юксак тараққиёт чўққиларини забт этиш учун ҳар бир соҳага алоҳида эътибор қаратаётир. Қайси соҳани олмайлик, ишга ёндашув, муносабат, талаб ва мезонлар ўзгармоқда. Айниқса, таълим сифатига эътибор давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган.

    Ўзбекистон фарзандларини дунё тан олмоқда

    Олийгоҳлар ёшларга билим беришни эмас, билимларни излаб топишни ўргата бошлаган кундан таълим сифати ҳам, самарадорлиги ҳам тараққиётга юз тутиш йўлига ўтади. Бўлажак замонавий мутахассислар ўз касби методологиясини, хорижий тилларни, компьютер технологияларини пухта ўзлаштирган бўлиши шарт, — дейди Бухоро инновациялар университети ректори, профессор Дилноз Рўзиева. — Бунинг учун эски тартибдаги бир хил маърузалар ўқишдан воз кечиб, талабага фаннинг глобал муаммоларини олиб чиқадиган мотивацион, ўз мутахассислигига йўналтирувчи маърузалар ўқилиши керак. Аудиторияда талаба профессор-ўқитувчилардан консультатив дарслар, муҳокамали масалалар ечимини танқидий муносабат орқали топиши, шу орқали индивидуал қобилиятлар юзага чиқарилиши лозим. Таълимни сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб индивидуаллаштириш, талабанинг мустақил йўналишини шакллантириш муҳим.

    Ёшларнинг таълим олиши учун катта имкониятлар яратилаётгани имтиёзли таълим кредитлари, талабалар учун арзон ва қулай ётоқхоналар йилдан йилга кўпаяётгани, университетлар моддий-техник базаси яхшиланиб бораётгани, ривожланган мамлакатларда ўқиш учун очилган йўл, кам таъминланган оила фарзандларининг олий маълумот олиши учун ғамхўрлик кабиларда кўринмоқда. Булар ёшларда шукроналик кайфиятини, ватанпарварлик туйғуларини жўш урдирмоқда.

    Ёшлар саломатлигига эътибор, келажак авлод иқтидорини ривожлантириш натижаси ўлароқ, бугун фан олимпиадаларида ўғил-қизларимиз нуфузли ўринларни эгаллаб, олтин медаллар шодаси билан қайтмоқда. Бунинг ортидан нафақат ўзлари, балки устозлари ҳам муносиб рағбатлантирилмоқда. Демак, бугун янги Ўзбекистон фарзандларини дунё тан олмоқда.

    Сўнгги йилларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ошиши ҳисобига соғлом рақобат муҳити пайдо бўлди, мактаб битирувчиси ўзи хоҳлаган касбини ўрганиши имкониятлари кенгайди, ўқишга киришда коррупцион ҳолатларга барҳам берилди. Талабада сифатли таълим олиш, яхши шарт-шароитларда ўқиш имкони яратилди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Қисқа айтадиган бўлсак, олий таълим тизими ривожи учун барча эшиклар очиб берилди.

    Касблар келажаги

    2020 йилда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумининг Касблар келажаги тўғрисидаги ҳисоботига кўра, 2025 йилга келиб, инсон янги техника ва технологиялар ўртасидаги меҳнат тақсимоти ўзгариши туфайли 97 миллиондан зиёд янги рақамли иш ўрни яратилиши ёки, аксинча, 85 миллион ишчи ўрни қисқариши мумкин.

    Демак, олий таълим муассасаларида дастурчилар, молиявий технологиялар бўйича замонавий мутахассислар, ижтимоий тармоқлар ва маълумотлар хавфсизлиги бўйича ишлай оладиган муҳандислар, масофавий таълим, рақамли логистика, рақамли маркетология, робототехника, компьютер лингвистикаси бўйича замонавий ва истиқболли касб эгаларини тайёрлаш бугунги куннинг энг долзарб масаласи бўлиб турибди. Шунинг учун олий таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларга билим ва салоҳиятини, малака ва тажрибасини ишга солиб, талабаларга яхши сабоқ бериши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бухоро инновациялар университетида ҳам бу борада етарли имкониятлар мавжуд. Бироқ муаммолар ҳам йўқ эмас.

    Олий таълим тизимида ўттиз йилдан кўпроқ фаолият юритган олима сифатида мени бир қатор масалалар ўйлантиради, — дейди Дилноз Рўзиева. — Афсуски, ҳалиям аксарият олий таълим муассасаларимиз интернетда қалашиб ётган маълумотни талабага олиб келиб, такрорлаш билан шуғулланмоқда. Бу энг оғриқли нуқтамиз. Аслида, ҳозирги ахборотлашган таълим шароитида талабаларга мотивацион, маслаҳат маърузаларигина берилиши, қолган барча масалалар, дастурни олдиндан ўрганиб келган талаба билан интерактив, креатив, танқидий фикрлаш, индивидуал қобилиятларни юзага чиқариш тартибида ишланиши жуда муҳим. Тан олиб айтишимиз керакки, айрим нодавлат олий таълим муассасалари ким ўзарга, пулни тўлатиб, диплом берса бўлди, қабилида иш кўраётганини ҳам инкор эта олмаймиз. Улар талабанинг чўнтагига, маблағига қараб ишлаяпти, сифат учун эмас. Бунга барҳам бериш керак. Шундай шароитда таҳсил олган билими саёз ёшларнинг жамиятга қандай нафи тегиши мумкин?

    Яна бир муҳим жиҳат, тайёр билим бериш амалиётидан тўла воз кечишимиз, ёшларга асл адабиёт ўқитиш, масалага танқидий ­муносабатини ривожлантириш, билимларни излаб топишга ўргатишимиз кўпроқ натижали эканини англашимиз керак. Университетни тамомлаган битирувчи талаба диплом билан бирга ўз касбига оид билимларни инглиз тилида излаб топиш даражасидаги юқори балли хорижий тил сертификати, дастурлаш бўйича хорижий сертификатларга ҳам эга бўлиши шарт. Айни дамда халқаро бозорга кадр тайёрлаш, таълимда ишлаб чиқаришнинг бевосита иштирокини таъминлаш, ўқув режа, дастурлар ишлаб чиқаришнинг илғор вакиллари иштирокида тузилишига эришишни кечиктирмаслик лозим.

    Халқчилроқ ва соддароқ қилиб айтсам, олий таълим муассасалари тўлиқ ўзлаштириш принципига ўтиши керак: жигарнинг 60 фоизини билиб, 40 фоизига бошқа доктордан маслаҳат оладиган бўлажак шифокор, ўз мутахассислиги бўлган хорижий тилида қўпол хатолар билан ёзиб гапирадиган ўқитувчи, бирорта дастурлаш тилини ўзлаштирмаган информатиклар, бирор марта далага кирмаган аграр соҳа вакилларига диплом беришни бас қилишимиз керак. Таълим жараёнига сунъий интеллект таъсирини тан олишимиз, ундан самарали фойдаланиш имкониятларини очишимиз жоиз. Талабаларга фан танлаш, янги замонавий касбларга ўргатиш, ўқитувчини танлаш имкониятларини очиб бериш ва сунъий интеллект ёрдамида маърузалар ўқитиш фурсати етиб келди.

    Сунъий интеллект ёрдамида таълимни индивидуаллаштириш, мустақил таълим траекторияларини талабанинг ўзи танлашига эришишимиз муҳим. Ҳозир университетимизда сунъий интеллект ёрдамида маърузалар ўқишни ташкил этяпмиз. Талабаларга маъруза ўқувчи профессор 10 та адабиётни ўқиб, бир маърузага тайёрланадиган бўлса, сунъий интеллектга 50 та адабиётни беряпмиз ва бу адабиётларни бир-икки кунлаб ўқияпти ҳамда битта мавзу бўйича ҳам маъруза, ҳам тақдимот тайёрлаяпти. Педагогика фани бўйича Абдулла Авлоний, математикадан Альберт Эйнштейн тимсолида сунъий интеллект ўқитяпти, қолган фанлар бўйича ҳам тайёргарликлар олиб бориляпти. Бунинг учун махсус студия қилганмиз. Ахборот технологиялари бўйича билимли, изланувчан тадқиқотчиларимиз жамоаси бўлган шижоатли ёшларимиз халқаро грантларга ариза топширган. Ғолиб бўлса, 300 минг АҚШ доллари миқдорида грант берилар экан. Албатта, ушбу лойиҳамиз амалга ошишига ишоняпмиз, умидимиз катта.

    Давлатимиз раҳбари 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида «Ҳеч шубҳасиз, бу даврнинг қандай бўлиши биргаликда ўз олдимизга қўйган улкан мақсад ва вазифаларни самарали амалга оширишимизга боғлиқ. Ишончим комил, бу — янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлади», дея таъкидлади. Бу йўл нафақат давлат ёки ҳукумат иши, балки ўзини ватан ва миллат хизматига дахлдор деб билган, янги Ўзбекистон тараққиётини кўзлаган, орзу қилган ҳар бир фуқаронинг муҳим позицияси бўлиши шарт. Бизнинг университетимиз ҳам бу жараёнда фаол қатнашади.

    Айтишга арзигулик янгиликлар, истиқболли режалар, янги лойиҳаларимиз кўп. Мисол учун, транспорт логистикаси йўналиши учун виртуал лабораториялар сотиб олинди ва ишга туширилди, ахборот технологиялари йўналишида халқаро грант ютилиб, лойиҳа учун инвестиция киритилди. Таълимнинг кредит-модуль тизими доирасида ЛМС электрон платформа яратилиб, талабаларга мавзулар бўйича бир неча видеодарслар, маърузалардан фойдаланиш имконияти яратилди.

    Талабаларни халқаро бозорга тайёрлаш мақсадида бепул дастурлаш дарслари ташкил этилган. Санайверсак, имкониятларимиз доираси кенг. Аммо асосий мақсадимиз малакали, замонавий билимларни эгаллаган, ўз соҳасининг етук кадрларини етказиб беришдан иборат.

    «Янги Ўзбекистон» газетаси — биз учун катта минбар. Нуфузи, унда берилаётган фикр ва таклифлар эътиборсиз қолдирилмаслигини ҳисобга олиб бир таклифимни билдирсам, шояд мутасаддиларга етиб борса... Университетларга нисбатан давлат, нодавлат тарзидаги муносабатни тубдан ўзгартириш, таълим тизимига вазирлик ва идоралар аралашувидан кўра, жамоатчилик ихтиёрига таяниб иш кўриш шарт деб ўйлайман. Жумладан, Президентимизнинг янги замонавий бинолар қуриш, ёшлар учун қулай ва янада яхши моддий-техник база яратиш истагида бўлган тадбиркорларга қуриш учун ер майдонлари ажратиш бўйича қарори ижросини таъминлаш, катта тажрибага эга турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик каби масалаларда университетларни қўллаб-қувватлашга янада эътиборни кучайтириш лозим. Баъзилар йўлимизга, ишимизга ғов бўлмасин.

    Халқаро алоқаларга кенг йўл берилмоқда

    Бухоро инновациялар университети бугун тўлиқ рақамлаштирилган. Дунёнинг топ университетлари рўйхатида бўлган 20 дан ортиқ олийгоҳ билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. Туркиянинг Истанбул университети билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар учун «Сунъий интеллект ёрдамида таълим самарадорлигини ошириш» мавзусида қўшма малака ошириш дастури тузилиб, республикамизнинг барча олий таълим муассасаларидан хоҳловчилар учун курслар ташкил этилган.

    Ҳар бир касб эгаси ўз фаолиятини лойиҳалаштира олиши, электрон дастурий таъминотини амалга ошириши муҳим. Яъни Алишер Навоийнинг қаерда ва қачон туғилгани ҳақида маъруза ўқишни эмас, балки дарсни дастурлаштириб, Алишер Навоий ҳақидаги саволларга мутафаккирнинг ўзидан жавоб олишига шароит ярата оладиган педагоглар керак, — дейди университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори Жанитха Амаресана.

    Ёш педагог Умиджон Рустамов ҳам Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетини имтиёзли тамомлаб, айни пайтда Бухоро инновациялар университетида талабаларга компьютер саводхонлиги сирларини ўргатиб келаётир. Бу курслар университет талабалари учун мутлақо бепул ташкил қилингани ва курс якунида қўлга киритиладиган дастурлаш бўйича хорижий сертификат асосида ойлик маош 8 миллион сўмдан бошланадиган иш билан таъминланиши ёшларни янада руҳлантирмоқда.

    Таълим сифатини ошириш учун талабаларга фан арбоблари, таниқли профессор-ўқитувчиларнинг доимий маърузалари ташкил этилган. Бухоро инновациялар университети фахрий профессори, академик Саидаҳрор Ғуломов талабаларга «Янги Ўзбекистонда таълим сифати ва ёшларда ақлий меҳнатнинг самарадорлиги» мавзусида маъруза қилиш билан бирга, Президентимиз фармон ва қарорлари ижроси доирасидаги вазифа ва топшириқлардан ёшларни ўз вақтида бохабар қилиб боради.

    Дарс соатларида таниқли дефектолог-логопед, «Ўзбекистон логопедлари» нодавлат таълим муассасалари асосчиси, нейропсихолог Сабина Азизова ҳамда амалиётчи-психолог Умида Абдуллаеванинг турли мавзулардаги семинар-тренинглари ёшлар камолотида муҳим аҳамият касб этаётир. Талабаларнинг қизиқишини инобатга олиб, Бухоро инновациялар университети биносида логопедия курслари ҳам ташкил этилган бўлиб, бу уларнинг амалиёт ўтишини ташкил этишда қулайлик яратмоқда.

    Таълим сифати педагог билими ва маҳоратида

    Нуфузли бир олий таълим масканини битириб, қўлига диплом олиб иш бошлаган айрим ёшлар билан суҳбат қурсангиз, нафақат ўз соҳасини мукаммал билиши, балки ақл-заковати билан ҳам сизни лол қолдиради. Аммо яна шундайлари борки, қарийб 4 йил олий таълим муассасасида таълим олган, дарсга кетяпман деб ҳафтанинг 6 кунида баъзан эртадан кечгача вақтини университет ва институтларда ўтказган бўлса-да, фикрлаш доираси торлигини, билими саёзлигини илк суҳбатдаёқ сезиб қоласиз. Ундайларга қараб, эсиз ёшлик, эсиз беунум ўтаётган дамлар ва уларга кетган маблағлар, дегимиз келади. Албатта, бунга, биринчи навбатда, ўша талабанинг дангасалиги, иштиёқсизлиги, уқувсизлиги кўз олдингизга келса, иккинчидан, ўқитувчиларнинг ўз касбига лоқайд муносабати сабаб бўлади.

    Нега дейсизми? Агар ўқитувчилар ўз фанини қизиқарли қилиб ўтса, неча йиллардан буён ёд бўлиб кетган маърузасини такрорлайвермай, ўтилаётган мавзуга маъно ва мазмун бахш этса, фан мағзини зўр чақиб берса, талабаларда ҳам ўша фанга ва соҳасига қизиқиш уйғониши табиий. Бунинг учун таълим тизимида соҳасини севган, етарли малакага эга педагоглар дарс бериши, ёшларни касбига қизиқтириб бориши лозим бўлади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, қанча ислоҳот қилмайлик, биринчи навбатда, ўқитувчининг билими ва касб маҳоратини оширмас эканмиз, сифатли таълимни таъминлай олмаймиз.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates