Ўзлигингиздан кечманг, элдан чиқманг!

    Бугунги кун ёшларига ҳавас қилса арзийди. Улар тил ўрганяпти, ихтиролар қиляпти, фан чўққиларини эгаллаяпти, халқаро танлов ва спорт мусобақаларида ғолиблик шоҳсупасига чиқяпти, янги асарлар ёзяпти... Хуллас, ёшлар ҳар соҳада фаол, ҳаракатчан.

    Президентимиз куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқида ёшларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтириш мақсадида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш зарурлигини қайд этди.

    Фарзандларимизни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, уларни илм-фан, ИТ технологиялар, маънавият, санъат ва адабиёт, спорт билан ошно этиш учун ҳеч нарсани аямай, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилишини таъкидлади.

    «Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади. Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири иқтисодиёт, бири маънавиятдир. Маънавий буюк халқ иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади», деди давлатимиз раҳбари.

    Халқимиз азалдан ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратган. Бир болага етти маҳалла масъул эканини ёдда сақлаган. Хушахлоқ, ғурурли, Ватан ва миллат хизматига шай авлод тарбиялашни ўз бурчи деб билган.

    Бугунги эътибор, имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётган ёшларнинг борлиги эса кишини ўйга толдиради. Айрим ёшларнинг маънавий олами қашшоқлашиб бораётгани, муомала маданияти йўқлиги, одоб-ахлоқ ҳаминқадарлиги, Ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилиб, уни ўз трендига айлантираётгани ҳам айни ҳақиқат. Ёхуд баъзи вайнерларнинг номақбул видеороликларига ошуфталиги, оғзидан боди кириб, шоди чиқаётган сўконғич «тик-ток»чиларга эргашаётгани ҳам бор гап.

    Ёши улуғлар бировлар олдида оғизга олишни уят санаган сўкинишлар нафақат ёш йигитлар, балки қизлар томонидан кундалик одатга айланиб бораётгандек. Ярим-яланғоч кийимлари, бачкана қилиқларидан ҳеч хижолат чекмай, омма олдида ўзини намойиш қилаётган ўзбек қизларининг бу аҳволига ҳам одатий ҳолдек қараляпти.

    Хўш, бугун ижтимоий тармоқнинг зарарли ва салбий жиҳатларидан ёшларни узоқлаштириш учун нима қилиш керак? Уларнинг қалбида, онгу тафаккурида ижобий ҳисларни, фазилатларни шакллантириш, кучайтириш учун биз, катталар қандай йўл тутишимиз лозим? Миллатимизга, ўзбекона қадриятларимизга мос ва хос бўлмаган иллатларни ёшларнинг фикру ўйидан юлқиб ташлаш, тозалаш учун-чи?

    Ушбу саволларимизга қисман бўлса-да жавоб топиш мақсадида ёши улуғ, кўпни кўрган фахрийларимиз, Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан суҳбатлашдик, уларнинг фикр, маслаҳат ва тавсияларини ёзиб олдик.

    Тўкис шароитлар бир пайтлар орзу бўлган

    Содиқжон ТУРДИЕВ,

    Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

    — Бугунги кунда ёшлар тарбиясига, иқтидори ва салоҳиятини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 8 йил ичида ёшларга доир кўплаб ҳужжатлар имзоланди.

    Узоққа бормайлик, Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги нутқида депутатларнинг 11 нафари 35 ёшгача, илк бор ёшлар парламентининг 2 вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланганини таъкидлади. Бу маълумотнинг ўзиёқ мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг устувор аҳамият касб этаётганидан даракдир. Ўз устида ишлаётган, интилаётган йигит-қизлар давлатимиз сиёсатида ҳам муҳим ўринга эга бўлаётир.

    Имтиёз тури ва сони йилдан йилга ортиб бораётгани келажак авлоднинг бахтли ва саодатли ҳаётига қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Очиғини айтганда, билдирилаётган ишонч ва яратилаётган имкониятлар туфайли ёшлар Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Замонавий билимларни, ахборот технологияларини ўрганяпти. Уларнинг халқаро майдонларда ўз иқтидорини намойиш этиб, улкан натижаларни қўлга киритаётгани эса барчамизни бирдек қувонтирмоқда. Фан олимпиадаларида жаҳондаги энг салоҳиятли ёшлар билан муносиб беллашиб, уларни доғда қолдираётган ҳам бизнинг фарзандларимиз. Юртимиз шарафини улуғлаётган ёшларимиз билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди.

    Аммо ёшлар таълим-тарбиясида қиладиган ишларимиз жуда кўп. Олий таълим муассасаларида, мактабларда айрим талаба ва ўқувчилар ўқитувчиларига беписанд муомала қилиши, билим олишга эътиборсизлиги, ўйинқароқлиги, тўқликка шўхлик қилаётгани ачинарли. Вақтида билим олмай, касб-ҳунар ўрганмай вояга етган, оила қуриб, фарзандли бўлган, бироқ ота-оналик масъулиятини тўла англамаётган ёшларимиз ҳам анчагина.

    Шу сабабли ёшлар тарбияси бугуннинг энг долзарб вазифаси этиб белгиланди. Юртимизда касб-ҳунарсиз ёшларга ҳунар ўргатиш, ҳаётда ўз йўлини топа олмай юрганларга тўғри йўл кўрсатиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Қанчадан-қанча ўғил-қизларга ер берилди, тадбиркорлик қилиши учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

    Бир сўз билан айтганда, ёшларнинг тўкин яшаши, пухта билим олиши, иқтидорини юзага чиқариши учун ҳамма имкониятлар ишга солинмоқда. Шунча тўкис шароитларга қарамай, қинғир йўлларга кираётган, жиноят кўчасига мўралаётган, ижтимоий тармоқнинг салбий томонларини ўзлаштираётган, Ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид қилаётганлар ҳам, минг афсуски, ўзимизнинг ёш авлод.

    Ёшлигимизда бугунги шароитларнинг ўндан бири ҳам йўқ эди. Аммо қўлимиздан китоб тушмасди. Тинмай ўқирдик, муштдайлигимиздан далаларда ишлардик, ўзимиздан катталарга тик қарашга истиҳола қилардик, уялардик. Ҳозир ёшлар учун шунчалар шароит яратилганига қарамай, улар бунинг қадрига етмаяпти. Ҳатто нолиётган, ношукурлик қилаётганлари ҳам етарлича. Ота-онасига, яқинларига тап тортмай қўл кўтаряпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим воқеаларни кўриб, ёқа ушлайсан киши. «Гап эгасини топади» деганларидек, бу эътирозларим айрим ёшларгагина тегишли.

    Обод ва озод ўлкамизнинг азиз дилбандлари! Сизлар буюк алломаларни улғайтирган тупроқда камолга етяпсиз. Юртнинг ишончли эртаси, ор-номуси бўласиз. Ёши улуғ бир ота сифатида насиҳат қилмоқчиман: ўқинг, ўрганинг, лекин ўзлигингиздан кечманг, элдан чиқманг. Бугунги ғайрат-шижоатингиз, интилишингиз кун келиб жамиятда ўз аксини топсин. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу ташаббуснинг туб замирида ҳам сиз, ёшларга катта ишонч мужассам. Бугун шу ғамхўрлик ва эътиборнинг, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиб, вақтдан унумли фойдалансангиз, келажакда буюк алломаларимизга муносиб издош бўлишингиз тайин!

    Ҳар бир ёш менинг фарзандим — ўғлим ва қизим

    Муҳаббат ШАРОПОВА,

    Ўзбекистон Қаҳрамони:

    — Ёшлар — Ўзбекистон бунёдкорлари, битмас-туганмас бойликлари. Шонли тарихга эга аждодларимиз билан қанчалик фахрлансак, ҳозирги ёшлар салоҳияти, ватанпарварлиги билан янги Ўзбекистонимизнинг шон-шавкатини давом эттирамиз. Мен оддийгина бир устоз сифатида ёш авлодга ҳавас кўзи билан қарайман, уларнинг истеъдодига тан бераман.

    Ғам билан шодлик, яхшилик билан ёмонлик бирга юради. Демак, қалбимизга фахр туйғусини бериб, бизни қувонтирадиган, жонимизга озор бериб уялтирадиган ҳам ёшлардир. Баъзи ёшлар олтинга тенг вақтини беҳуда сарфлаб, соатлаб телефон титкилаб, кераксиз сайтларга кириб, фақатгина маънавий дунёсини саёзлаштирмоқда.

    Китоб ўқиш орқали инсон ўз маънавиятини юксалтиради, миясини чархлайди. Интернет ҳеч қачон китобнинг, газета ва журналларнинг ўрнини боса олмайди. Ҳамма кўргилик китоб ўқимасликдан келиб чиқади. Китоб ўқиш, аввало, тарбияни мустаҳкамлайди, одамни яхшиликка чорлайди, қалб оламини бойитади.

    Менинг Ўзбекистон Қаҳрамони сифатида эмас, оддий ва меҳрибон буви сифатида ёшларга айтар гапларим бор: азиз ўғил-қизларим, шуни яхши англаб етингки, бизнинг жаннатмонанд гўзал юртимизга, осойишталигимизга ҳасад қиладиган ғанимларимиз кўп. Улар ғаразли ниятини интернет тармоқларидаги турли ёт ғоялар орқали сингдиришга, онгингизни заҳарлашга уриниши табиий. Керак бўлса, пайт пойлайди. Шунинг учун ҳам биз, кекса авлод сизни авайлаб, тўғри йўл кўрсатишни инсонийлик бурчимиз деб биламиз. Сизни ғанимдан асрамасак, уларнинг домига илинишингиз тайин ва қанчангиз ўша ғанимлар ташлаган тўрда ҳалиям ўралашиб, ундан чиқа олмай юрибсиз.

    Аслида, сиз ўз урф-одатларини эъзозлаган, орият ва номусни бошида тутган халқнинг зурриётисиз, томирингизда улуғ аждодлар қони оқаётир. Ғанимларнинг ёт ғояларини шуурингизга сингдиришга, ўзбекона анъаналаримизни оёқости қилишга, тилимиз софлигини йўқотишга, фикрлаш доирангизни хаста қилиб, маънавиятингизни яралашига йўл қўйманг ва уларнинг домига илиниб қолманг.

    Ижтимоий тармоқда гуллаб-яшнашингиз яхшидир, аммо «Оила қилмай, 5-6 йил бир-бирини синаб, бирга яшаш ҳам мумкин», деган аҳмоқона фикрларни илгари сураётган орамиздаги орсизлардан узоқроқ бўлинг. Эгнига ўзбек адрасини кийиб олиб, бу ниқоб остида, аслида, Ғарб маданиятини илгари сураётган ичимиздаги душманларимиздан огоҳ бўлинг, уларни ўзингиздан йироқ тутинг! Кўпни кўрган аёл, ҳаётини ёшлар тарбиясига бағишлаган педагог сифатида ҳаддим сиғиб, сизларга кўнглимни тўкиб солдим. Сўзларимдан ранжиманг. Ахир ўзбекман деган, шу мамлакатда яшаётган ҳар бир ёш менинг фарзандим — ўғлим ва қизим.

    Ҳеч ким ташқаридан келиб, таълим-тарбия ишларини тартибга солиб бермайди

    Шавкат АЮПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони:

    — Президентимиз жорий йилнинг октябрь ойида Навоий вилоятига ташрифи чоғида: «Менинг энг катта ташвишим, мақсадим — ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади», деган фикрни куйинчаклик билан таъкидлади. Бу бежиз эмас.

    Юксак маънавиятли, соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи асосий кучлардан саналади. Мамлакатимиздаги кўплаб мактабларга учрашувларга борамиз, ўқувчилар билан дилдан суҳбатлашамиз. Суҳбатларда ҳар сафар уларга: «Барча фанларни яхши ўзлаштиринг, айниқса, математика, информатика ва чет тилларни ўқинг, ўрганинг. Юқори синфларга ўтганингизда эса ўз қобилиятингизга қараб, келажакда ким бўлишингизни қатъий мақсад қилиб олинг», дея уқтираман. Юртимизда таълим, фан соҳаларига эътибор сўнгги йилларда жонланди.

    Бугунги ёшлар қўлга киритаётган ютуқлар таълимга эътиборнинг меваси. Бу — Учинчи Ренессанс пойдевори. Бугун замон ўзгариб, ота-оналар фарзандларига билим бериш кераклигини яхши тушунди. Нафақат ўқитувчи, устозлар, балки ҳар бир ота-она ўз фарзандини кичиклигиданоқ илм оламига олиб кирса, кўчада вақтини беҳуда сарфламасликка ўргатса, ўйлайманки, ёш авлод буни тез англаб етади.

    Ҳеч ким ташқаридан келиб, таълим-тарбия ишларини тартибга солиб бермайди. Бугунги тезкор асрда ҳаёт синовлари нафақат ёшларни, балки ҳар бир фуқарони ҳушёр, зийрак ва доно бўлишга ундайди. Дунёда кечаётган беқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлар ҳар биримиздан ёшлар келажагига бефарқ бўлмасликни қатъий талаб этмоқда. Ёшлар орасида бошбошдоқликларнинг тобора авж олиши эса бор нарса. Бунинг олдини олиш учун ёшларни китоб ўқиш, ўзи қизиққан соҳага йўналтириш лозим. Илм-фанга эътибор кучайиб бораверса, ёшлар маънавияти олди-қочди ёлғонлар билан тўлдирилмаса, келажак авлоднинг истиқболи ёрқин бўлади, албатта.

    Тарбия, тарбия ва фақат тарбия

    Ўз илми, иқтидори, ихтироси, куч ва шижоати билан дунёга танилган ёшларимиз борлиги ютуғимиз, келажагимиз таъминоти. Агар ёш йигит-қизлар ўз олдига мақсад қўйиб, турли нағмаларга учмай, обдан фикр юритиб, бугунги имкониятлар қадрига етиб, яхши ўқиса, меҳнатдан қочмаса, ўз келажагини ўзи қура олади, маҳалла-кўйга, юртга нафи тегади. Келажакда кўпнинг дуосини олиб, хотиржам ва фаровон яшайди.

    Агар ўз онгини олди-қочди ёлғонлар билан тўлдирса, куним ўтса бўлди деб яшамоқчи бўлса, ўз оёғига болта урган бўлади. Шундай экан, ҳар бир ёш ота-онаси, устозлари, ёши улуғ кишилар панд-насиҳатларига амал қилиши лозим. Аслида, нуронийларимиз телевизорни ёқиб, оёқларини чўзиб, диванга ёнбошлаб, ҳеч бир ёшга ҳеч нима демай, ўз хотиржамлигини ўйлаб яшаши ҳам мумкин. Бироқ азалдан виждони уйғоқ, орияти кучли, бировнинг ташвиши ва ғамини ўзиники ҳисоблаган кекса авлод вакиллари ёшларга тўғри йўл кўрсатишни ўз бурчи деб билган ва шунга амал қилган. Маслаҳат ва ўгитларга қулоқ тутиш эса ҳар кимнинг виждонига боғлиқ.

    Мақоламизни давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикри билан якунлашни лозим топдик: «Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала бу — ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким — ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан».

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates