Нашрда маълум қилинганидек, 8-9 ноябрь кунлари Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтади.
«Ўзбекистон 1992 йил ноябрь ойидан буён мазкур ташкилотга аъзо бўлсада, мустақил Ўзбекистон ва ушбу бирлашма тарихида илк бор мамлакатимизда ИҲТ доирасидаги кўп томонлама саммит ўтказилмоқда, - дейилади материалда. - 2022 йилда Ўзбекистон илк бор ИҲТга раислик қилди».
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ 15-саммитида сўзлаган нутқидан иқтибос келтирилган. «500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур».
Қайд этилишича Президент раисликни ўз зиммасига олар экан, Ўзбекистон ИҲТ доирасидаги ҳар томонлама муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.
Нашрда Ўзбекистон ИҲТга Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва Яқин Шарқда ривожланишни яхшилаш, савдо ва сармоявий имкониятларни илгари суриш йўлларини муҳокама қилиш учун платформа сифатида қараши маълум қилинган.
«Ўзбекистон ушбу ташкилот доирасида минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш тарафдори», - деб ёзган манба.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободдаги саммитда «яшил» иқтисодиётни биргаликда фаол ривожлантириш, саноат тармоқларига ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, углерод нейтраллигига эришиш ташаббусини илгари сурди, дейилади мақолада.
Мақолада Ўзбекистоннинг Афғонистонга умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва зарур ёрдам кўрсатиш учун кучларни бирлаштириш тарафдори эканлиги урғуланган.
Электрон нашрда, шунингдек, Ўзбекистон раислигида 2022 йил 17-26 январь кунлари бўлиб ўтган ИҲТ Минтақавий режалаштириш кенгашининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ташаббуси билан тузилма маконида 2022 йил «Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» ва Шаҳрисабз шаҳри «2024 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти» деб эълон қилингани ҳақидаги маълумотлар муштарийлар эътиборига тақдим қилинган.