Ишни ўқиш билан олиб бораётганларга компенсация, йўл ҳақининг маълум қисми тўлаб берилади

    Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътиллари берилади.

    — Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётганлар ҳам ўқув таътили, ҳам меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга;

    — Меҳнат фаолияти давомида илмий иш қилаётганларга 6 ойгача ижодий таътил берилади;

    — кириш имтиҳонларида қатнашиш учун ҳам таътил берилади.

    Yuz.uz бу гал ҳам ўқиб, ҳам ишлаётганларга бериладиган компенсация, йўл ҳақи ва бошқа кафолатлар ҳақида маълумот беради.

    Ўқув таътили бериш тартиби қандай?

    Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқитилаётган, қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган, шунингдек ишлаб чиқариш таълимини ўтаётган ходимларга иш ва ўқишни бирга олиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиши шарт.

    Ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида таҳсил олиб, ўқув режасини бажараётган ходимларга иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқув таътили, қисқартирилган иш ҳафтаси ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа кафолатлар берилади.

    Имтиҳонларни топшириш учун неча кун таътил берилади?

    Кириш имтиҳонларида иштирок этишга рухсат берилган ходимларга олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшириш учун камида ўн беш календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади.

    Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича ўқиётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этган давр учун иш ҳақи сақланган ҳолда:

    — олий таълим ташкилотларида кечки таълим шаклида ўқиётган биринчи ва иккинчи курс талабаларига — камида йигирма календарь кун;

    — ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида — камида ўн календарь кун,

    — олий ва ўрта махсус таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга эса — камида ўттиз кун;

    — олий таълим ташкилотларида кечки таълим шаклида учинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётганларга — камида ўттиз календарь кун,

    — ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ташкилотларида — камида йигирма календарь кун,

    — олий ва ўрта махсус таълим, касб ҳунар таълими ташкилотларида сиртқи таълим шаклида ўқиётганларга эса камида қирқ календарь кун муддатга ўқув таътиллари берилади.

    Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга навбатдаги меҳнат таътиллари улар ўқув таътилларидан фойдаланганлигидан қатъи назар берилади.

    Йўл ҳақи тўланади

    Иш берувчи олий таълим ташкилотларида сиртқи таълим шаклида таҳсил олаётган ходимларга лаборатория-имтиҳон сессиясида иштирок этиш учун таълим ташкилоти жойлашган ерга бориши ва у ердан қайтиб келиши учун йилига бир марта йўлкира ҳақининг эллик фоизидан кам бўлмаган миқдорини тўлайди.

    Давлат аттестациясидан ўтиш учун худди шундай миқдорда йўлкира ҳақи тўланади.

    Компенсация қачон тўланади?

    Ишни ўқиш билан бирга олиб бораётган ходимларга кафолатлар ва компенсациялар биринчи марта тегишли даражадаги таълим олаётганда асосий иш жойидан берилади.

    Ижодий таътиллар ҳақида

    Меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятни илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга ижодий таътиллар берилади

    — фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун асосий иш жойида ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланган ҳолда уч ойгача;

    — фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун — олти ойгача ижодий таътиллар берилади.