Ишонч инқирози

    Ёхуд ажралишлар нега кўпаймоқда?

    Очиғи, бу туйғу асрлар мобайнида ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетгани учунми, бир томондан қийматсиз кўринган, лекин бебаҳо экани эътироф этилган. Бугунга келиб бу эътироф асл қиёфаси — бебаҳо бойлик сифатида кучлироқ намоён бўлмоқда. Ҳозир фикр юритмоқчи бўлган мавзуимиз ишончнинг ҳаётимизга бевосита таъсири — оилаларимиз, янаям аниқроғи, оилавий ажримлар ҳақида. Оилалар тинчлиги нафақат умримиз мазмуни ва ҳаётимиз ҳаловати, балки юртимиз тараққиёти ҳамда жамиятимиз равнақини таъминлайди. Оилани асраш миллатни, унинг жамики маърифий қирралари ва мезонларини асраш демакдир.

    Кейинги йилларда юртимизда оилавий низоларнинг олдини олиш, ажралиш ёқасида турганларни яраштириш, рўзғордаги етишмовчилик ва камчиликларни бартараф этишга эришилмоқда. Аммо шунча саъй-ҳаракатга қарамай, ажралишлар сони кўпайиб боряпти. Бунинг ишончга нима алоқаси бор, дерсиз?

    Тадқиқотчилар ва психологлар фикрича, хиёнат, рашк, моддий етишмовчилик, эр-хотин муносабатларидаги чигалликлар, учинчи шахснинг аралашуви ортидан келиб чиқаётган кўнгилсизликлар ажралишга олиб келяпти. Аслида, ҳеч бир сабаб муқаддас ришталар билан боғланган оиланинг барбод бўлишига, бегуноҳ болаларнинг етим қолишига баҳона бўлолмайди.

    Рақамлар мулоҳазага чорлайди

    Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда 48 минг 733 та, 2023 йилда 49 минг 198 та оила ажрашган. Жорий йилнинг январидан март ойигача бўлган давр орасида эса 11 минг 481 та никоҳ бекор қилинган.Бу рақамлар ҳар қандай кишини ўйга солади. Демак, бир йилда қарийб 50 мингга яқин оила ажрашаётган бўлса, қанча ўғил-қиз отасиз ёки онасиз улғайишга маҳкум бўлаётган экан? Ажралишлар боис, нафақат оилалар тақдир зарбасига дуч келаётир, айни пайтда давлат, жамият ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўряпти.

    Хўш, ажралишларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлаш, фарзандларимиз етим бўлиб қолмаслиги учун нима қилишимиз керак? Юртимизда бу борада қандай ишлар бажариляпти? Ушбу саволлар билан соҳа масъулларига мурожаат қилдик.

    Бош қонунимизнинг алоҳида боби оилага бағишланган

    Озода ПАРПИБОЕВА,

    Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси:

    — Мамлакатимизда оила ва никоҳга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилган. Бош қонунимизнинг алоҳида боби оилага бағишлангани, Оила кодекси қабул қилингани, қатор қонун ва қонуности ҳужжатларининг ҳаётга татбиқ этилаётгани юртимизда оила ва оилавий қадриятларнинг нечоғлиқ муҳим аҳамиятга эга эканлиги ифодасидир.

    Оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган оилаларни рағбатлантириш мақсадида ­Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги қарори билан “Ибратли оила” кўк­рак нишони таъсис этилган. Жорий йилда юртимизда илк маротаба 208 та оила ушбу кўк­рак нишонига муносиб деб топилди.

    Қўмитамиз томонидан ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар муҳитини мўътадиллаштириш, ажралишлардан жабр чекиб суд залларида отаси ёки онасини танлай олмай биз катталарнинг ишларига ҳайрон бўлиб турган фарзандларимиз тақдирига тамға босмасликка ҳаракат қиляпмиз. Бу борада қатор янгича ёндашувларни қамраб олган дастур ва лойиҳалар яратилди. Бир қатор вазирликлар, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти билан биргаликда масъулиятли ота-оналик мезонларини ичига олган 10 та индикатор, “Фаровон оила — келажак пойдевори” мавзусида татбиқ этилиши зарур бўлган 10 та лойиҳа ишлаб чиқилди. Оилавий ажралиш, оталикни белгилаш, ёлғиз оналик ва эрта никоҳ кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудларда ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш бўйича тавсияларимизни Оила ва гендер илмий-тадқиқот институтига тақдим этдик.

    Албатта, оилалар билан ишлаш тизимини чуқур ислоҳ қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш, қадриятимизнинг миллий ва диний ­мезонлар билан уйғун бўлиши лозимлигини тарғиб этишда олдимизда бажарилиши керак бўлган вазифалар анчагина. Илгарилари оиладаги келишмовчиликлар халқимиз таъбири билан ­айтганда, “дока рўмолнинг қуриши...” даражасида енгилроқ ҳал бўларди.

    Аммо бугун қанча-қанча “дока рўмоллар қуриб кетса” ҳам эр-хотин ва қайнона ўртасидаги жанжалларнинг ниҳоясига етиш, уларни яраштириш жараёнлари оғир кечмоқда. Авваллари оилада ўзаро низо юзага келса, уришган эр-хотин ёки қайнона-келин, иккита кайвони ва маҳалла кексаларининг насиҳати, маслаҳати билан ярашиб кетиши мумкин эди. Эр-хотин ажралишига нафақат икки ёшнинг ўзаро жанжаллари, балки ўзини рўзғорнинг маликаси деб билган баъзи бир қайноналар ҳам сабабчи бўлмоқда. Бундай иллатларнинг олдини аввалроқ олишимиз керак. “Сен менга гапирма, сен билан ишим йўқ”, қабилида лоқайдлик эса худбинликдир. Айтмоқчиманки, оилани асраш бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг инсонийлик бурчига айланиши лозим, шунда амалий натижаларга эриша оламиз.

    Бағрикенг ва кечиримли бўлайлик

    Абира ҲУСЕЙНОВА,

    Олий Мажлис Сенати аъзоси,

    фалсафа фанлари доктори, профессор:

    — Мен бугун Сенат аъзоси ёки профессор сифатида эмас, балки она, буви ва қайнона сифатида келинларга, қайноналарга, умуман фарзандларимизга насиҳат ва маслаҳат бермоқчиман. Барчамиз бу омонат дунёда ғанимат эканлигимизни биламиз, умримиз ўткинчилигини ҳам. Лекин шуни англаб туриб, эр-хотин ажралишларига, келажак авлод тарбиясига бефарқ қараяпмиз назаримда. Оилавий ажралишлар кўпайиб боряпти. Оиланинг суянчи саналган оталар, фариштали онахонлар, эр йигитлар негадир бепарво. Қайнона ва келин эса муроса қила олмаяпти. Ўртада болалар сарсон.

    Демак, ҳам оилада, ҳам тарбиямизда оқсоқлик бор. Йўқса ажралишларга жимгина қараб турмасдик? Ёшларни-ку майли, ёш деймиз, бироқ кўпни кўрган, ҳаётнинг зарбаларида пишган айрим қайноналарнинг молпараст ёки пулпарастлиги оқибатида рўзғорга зарар етмоқда. Аслида, оилани асраб қолиш кўп жиҳатдан айнан қайноналарга боғлиқ. Азиз қайноналар, келинг, бағримизни сал кенгроқ қилайлик, сиз ёмон дея кўришни хоҳламаётган келинлар ширингина неварангизнинг онаси, ахир? Майли, хато, камчилик улардан ўтгандир, ёшлик қилгандир, сизлар кечиримли бўлинглар. “Қайнонам, бизни тинч яшашга қўймаяпти”, деган келинлар оғзини ширин гаплар билан ёпайлик. Токи ўзи уялиб қолсин.

    Қадимда қайноналар келинларига жуда меҳрибон бўлган, ўз навбатида келинлар ҳам. Сўнгги вақтларда йигитлар на онасига, на хотинига ён боса олмай икки ўтнинг орасида қоляпти. Ўғлонларим, асло ундай қилманг, шунчаки адолатли бўлинг. Тарозининг палласини тенг тутинг, майда-чуйда гаплардан баланд бўлиб, икки томонга бирдай меҳр беринг. Шунда оилангиз тинч, болаларингиз бағрингизда, ўзингиз хотиржам бўласиз. Хато, камчилик ҳаммамиздан ўтади, биз бағрикенг ва кечиримли бўлиб, қаҳр эмас, меҳр билан келин-куёвларни йўлга солсак, олам гулистон.

    Мен бугун неваралари, чеваралари кўп буви сифатида, оиланинг бузилишига сабабчи бўлаётганларга қарата кўнглимдаги гапларни тўкиб солдим. Бу гаплардан хулоса чиқариш виждонингизга ҳавола.

    “Оила судьялари” ташкил этилди


    Гулнора ПАРПИЕВА,

    Олий суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари:

    — Агар факт ва рақамларга ­мурожаат қиладиган бўлсак, 2023 йил давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 63 минг 625 та иш кўриб чиқилган ва 34 минг 635 та никоҳ бекор қилинган. 20 минг 972 тасининг даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган. 5434 таси кўрмасдан қолдирилган, 2584 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

    Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида эса фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 15 минг 585 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ иш кўриб чиқилди ва 8239 та никоҳ бекор қилинди.

    Афсуски, ажралишлар сони йил сайин камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. Ачинарлиси, оилаларнинг барбод бўлиши оқибатида мурғак болалар жабр кўряпти.

    Амалиётда баъзи ажралиш билан боғлиқ ишларни кўриб, дилимиз хуфтон бўлади. Кошкийди, оилани бузиб, гулдек болаларни кўчада сарсон-саргардон қолдиришга арзийдиган жиддий сабаблар бўлса. “Характеримиз тўғри келмади”, деган шаблон баҳонада туриб олганлар, турмуш ўртоғи четга ишга кетгач, қайнонанинг назорати ёқмаётган ўзбошимча келинлар, баъзида эса келинига зуғум қилаётган қайноналар туфайли неча-­неча оилалар барбод бўляпти. Буларнинг ичида хиёнат сабаб пароканда бўлаётган оила­лар ҳам бор.

    Президентимизнинг 2023 йил 21 декабр­даги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилди.

    2025 йилга қадар юртимизнинг ­барча ҳудудларида шундай судьялар фаолияти ­босқичма-босқич йўлга қўйилиши белгиланган.

    Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори ва унда белгилаб берилган вазифалар оилалар мустаҳкамлиги ва ажралишларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишига ишончимиз комил.

    Шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилиши

    Зулайҳо СОАТОВА,

    Тошкент шаҳри бош имом- хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси:

    — Бир оила бузилиши сабабли кўплаб оилалар ўртасида душманчилик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам шайтонни энг хурсанд қиладиган иш — оила бузилиши. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:

    Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қуради ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади. Уларнинг энг кўп фитначиси, унга энг яқинидир. Бириси келиб “ундоқ қилдим, бундоқ қилдим” дейди. У бўлса “ҳеч нарса қилмабсан!” дей­ди. Кейин бошқа бири келиб “уни қўярда қўймай хотини билан орасини буздим” дейди. У эса ўшани ўзига яқинлаштириб “Ҳа! Балли! Қандай ҳам яхшисан!” дейди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

    Ҳозир айрим қизларимиз қайнота ва қайнонага хизмат қилиш динимизда йўқ, демоқда. Аммо Фотима розияллоҳу анҳо ҳам қайноналари Фотима бинти Асъадга хизмат қилганлари, уларнинг розилиги вадуосини олганларини билмайдилар. Оила остонасига қадам қўяётган қизларимизга нубувват хонадонида ўсиб улғайган бутун умматга гўзал хулқлари ила намуна бўлган оналаримизнинг ҳаётларини ўргатиб, қайнота ва қайнона уйнинг раҳмат эшиклари манбаи эканини, уларнинг дуолари дунё ва охират учун сармоялигини тушунтиришимиз лозим бўлади.

    Шунингдек, йигитларга ҳам уйнинг раҳбари эканлигини, она ва келин ўртасидаги мувозанатни адолат ила тутиши оилавий бахт, саодат ва хотиржамликни таъминловчи омиллардан эканини ҳам билдиришимиз керак.

    “Бу масалада юмшоқроқ бўлинглар”

    Фарида АБДУРАҲИМОВА,

    Дин ишлари бўйича қўмитанинг хотин-қизлар билан ишлаш ва

    тарғибот гуруҳларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи:

    — Шарқда “Оила — табиатнинг шоҳ асари” дейилади. Унинг мустаҳкамлиги жамиятнинг асосий пойдевори. Охирги олти-етти йилда бу борада кўплаб ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар, қонунлар, фармон ва қарорлар, “йўл харита”лари қабул қилинди. Энг муҳими, уларнинг ижроси бўйича катта маблағ ҳам ажратилмоқда. Ижрочилари, муддатлари ҳам аниқ-тиниқ белгиланган.

    Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия, Ички ишлар вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида ота-оналарнинг вазифалари, оиланинг маънавий-ахлоқий муҳити, соғлом турмуш тарзини таъминлаш мезонлари асосида тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Эр-хотин муносабатидаги дарзларни бутлаш, қайноналик мақоми, бандлик масалаларини ичига олган дастурлар доирасида қиладиган ишларимиз ҳали кўп. Давлатимиз раҳбари ҳам учрашувларда қайнона ва келин муносабатларига алоҳида урғу бериб, “бу масалада юмшоқроқ бўлинглар, келинни ҳам ўз қизингиздек кўришни ўрганинглар”, деб таъкидлади. Кўпни кўрган ёши улуғ онахонлар билан учрашиб, оилалар бузилиши бизнинг миллатимиз учун азал-азалдан уят саналгани, оилаларни мустаҳкамлашга асосан, қайноналар масъуллиги ҳақида алоҳида уқтиради.

    Қуръони Каримнинг Нисо сурасида ҳам аёлни, онани, қиз фарзандларни ҳамиша ­эъзозлаш, ардоқлаш таъкидланган. Ота-онаси бағрида вояга етган қизларни турмушга бериш қадриятларимизнинг энг гўзали саналади. Шунинг учун ҳам қиз узатаётганлар тўйдан сўнг қўлларини дуога очиб, “Борган жойингда тошдай қот, болам”, дея тилак билдиради. Аммо улар айтганичалик тош бўлиш осон иш эмас ҳозирги даврда.

    Аслида, қарс икки қўлдан чиқади. Бу борада нафақат қайнона, келин-куёв, шу билан бирга, ён-атрофдагилар — маҳалла, қўни-қўшнида ҳам гап кўп. Агар оиланинг барча аъзолари аҳил бўлса, бир-бирини тушуниб яшаса ажралиш остонага яқин ҳам келолмайди.

    Таъкидлаш жоизки, хиёнат, учинчи шахс­нинг аралашуви, рашк, моддий муаммолар, зарарли одатлар, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги, оилавий қадриятларнинг тўғри шаклланмагани, ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланиш, турли ёт ғояларга берилиш, ўзбекона кийиниш маданиятига риоя этмаслик каби салбий ҳолатлар бугун кўплаб ёш оилаларни боши берк кўчаларга бошлаяпти.

    Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш бўйича индивидуал ишлаш дас­тури доирасида иш олиб боряпмиз. Натижада жар ёқасига келиб қолган қанчадан-қанча оилаларни яраштиришга эришиб, ажралиш­ларнинг олди олинаётир. Энг муҳими, ҳали вояга етмаган юзлаб, минглаб болалар ота-­онаси бағрига қайтяпти. Аммо ҳали қилинадиган ишларимиз кўп.

    Бугун аҳоли ўртасида эрта никоҳ, эрта туғуруқ, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар натижасида ногирон болалар туғилиш кўрсаткичларининг ошиб бориши ҳар биримизни огоҳликка, ҳамкорликка чорлаши лозим. Бўлажак келин-куёвларнинг тиббий кўриги масаласини қайта кўриб чиқиш, кенг жамоатчилик, оилалар билан ишлашни маҳаллабай, оилабай ташкил этиш билангина бу борада амалий натижаларга эришимиз мумкин.

    Оилага эътибор ўзлигимизга эътибордир


    Болалигимизда “ажралиш”, деган сўзнинг маъносини тушуниш тугул унинг нима эканини ҳам англаб етмасдик. Чунки ажралишлар йўқ ҳисоби эди. Энди-чи, ҳали мактабга чиқмаган болакайлар ҳам бу сўзнинг залварли юкидан азият чекяпти. Бир вақтлар уруш даврининг қаҳатчиликларида ўзбек оилалари тўкин яшашга шароити бўлмаса-да, нафақат ўзининг, балки ўзга миллат фарзандларини ҳам бағрига олиб, ўз боласидай вояга етказган. Бугун-чи, юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, уйимиз, машинамиз бор, кийимларимиз пўрим-у, аммо негадир кўнглимиз тор. Баъзиларимиз сал ношукр, сиркамиз сув кўтармайдиган даражада худбин бўлиб бораётгандаймиз. Ўзимизни, тинчимизни, ҳаловатимизни ўйлайдиган бўлиб қолгандаймиз.

    Бугун замон ўзгарди, дейсизми? Тўғри, замон ўзгарди, замон билан бирга ўзимиз ҳам. Лекин имонимиз, виждонимиз ўзимизда-ку? Нега етти маҳаллага эшиттириб карнай-сурнай наволари остида остонаси тиллодан уй сеники дея, келин туширган қайноналар икки, уч йилга бормай келини ва невараларини уйидан ҳайдаяпти. Ўзини, онасининг сўзини икки қилмайдигандай кўрсатаётган йигитларнинг кўпчилиги аслида, онасининг “Бошқатдан ёшгинасига уйлантираман” деган гапи хуморида юрибди. “Сизсиз яшай олмайман” дея турмушга чиққан баъзи келинчаклар на қайнона, на эр ҳурматини жойига қўймаяпти.

    Келинг, шу ўринда ­тафаккуримизни теранроқ қилиб фикр юритайлик-чи, ажралиш­ларни кўпайтириб, болаларни етим қилиб қаерга қараб кетяпмиз? Қийналганда суянадиган, йиқилганда тиргак бўладиган, шодлигимизга ошно, ғамимизга шерик бўлган оиламиз борлигига шукр этайлик ва кўз қорачиғидек асрашга ҳаракат қилайлик.

    Хулосани Президентимизнинг “Оилага эътибор ўзлигимизга эътибордир. Оилани сақлаб қолмасак, биз ўзлигимизни йўқотамиз”, деган сўзлари билан якунлашни ихтиёр этдик. Зеро, оила жон озуғимиз ва жон томиримиздир!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates