баннер
30 мар 2025
14:56

    Бунёдкорлик, яратувчанлик руҳи ва шижоати барчамизни ўзгаришлар шукуҳи билан ҳаракат қилишга даъват этмоқда

    Хорижда ишлаётган қариндошлардан бири яқинда юртимизга қайтди. Уни йўқлаб қўнғироқ қилсам, томорқада ишлаётган экан. Аҳволлашгач, қишлоқдаги янгиликлар ҳақида сўрадим.

    “Ҳамма соғ-саломат юрибди, қишлоқдошлар баҳорги экин-тикин ишлари билан банд. Ўйлаб қарасам, қарийб 2 йил деганда миграциядан қайтибман, яқинларимни жуда соғиндим. Ҳаммасини битта-битта йўқлай десам, ҳафта-ой ўтиб кетади. Шуларни ўйлаб ўтган куни қариндошларни чақириб, ифторлик дастурхони ёздим. Кўпдан бери кўрмаган жигарларим билан дийдорлашиб, дилим яйради”, дейди у.

    Суҳбат асносида Янги Тошкентда қурилиш ишлари бошлангани ҳақида эшитганини айтиб, шу янгиликка қизиқди. Бу ҳақда мамлакатимиздаги расмий манбаларда хабарлар тарқатилгани, уларни топиб қариндошларнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳига жўнатиб қўйишимни айтиб хайрлашдим. Сўнг дарҳол интернетдан ўша хабарларни топиб юбордим.

    Орадан икки кун ўтиб, қариндошим яна қўнғироқ қилди. Хабарда кўрсатилган Call-марказ рақамига боғлана ­олмаётганини айтди. Ижтимоий тармоқларга қарасам, бу ҳолатга масъул вазирлик аллақачон муносабат билдириб, Call-марказдан ташқари телеграм бот ҳам ишга туширилганини маълум қилган экан. Бу маълумотларни ҳам етказдим. У телеграм бот орқали қийналмай боғланиб рўйхатдан ўтгани, юртимизда шундай муносиб иш жойлари яратилаётганидан мамнун эканини айтиб, миннатдорлик билдирди.

    Хабарларга кўра, 20 минг гектар майдонда бунёд этилаётган Янги Тошкентдаги бино ва иншоотларни қуриш учун 38 йўналишда 10 мингга яқин мутахассис ишга таклиф қилинмоқда. Ишчилар ётоқхона, кийим-кечак, транспорт хизмати ва уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланади. Маоши иш тури ва соатидан келиб чиқиб 8 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача. Расмий ишга жойлашганлар учун 8 соатлик иш режими ҳамда қўшимча дам олиш кунлари амал қилади.

    Шу боис, бу қурилишда ишлаш кўплаб юртдошларимизнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, меҳнат ҳаё­тимизнинг ажралмас қисми, ҳар биримиз муносиб маош тўланадиган, имкон қадар хавфсиз ва қулай шароитда ишлашни истаймиз. Аммо яқин-яқингача муносиб иш жойи топиш амримаҳол эди. Бу эса халқимизнинг турмуш тарзи ва ҳаёт сифатига таъсирини ўтказиб келарди. Хусусан, ишсизлик жамия­тимизда камбағалликни юзага келтирувчи асосий омиллардан бирига айланганди.

    Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш, барча соҳа ва тармоқларни замон талабидан келиб чиқиб модернизациялаш орқали юртимизда саноатни ривожлантириш, янги иш жойларини барпо этиш борасида дадил қадамлар ташланди. Натижада иқтисодиётнинг турли тармоқларига инвестиция жалб этиш ҳажми йилдан йилга ошиб, кўплаб ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиляпти. Одамларда тадбиркорлик, ишбилармонлик кўникмасини ривожлантириш орқали кичик бизнес соҳаси кенгайишига кенг йўл очилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, турмуш шароитини яхшилашга замин яратмоқда. Шу мақсадда илғор хорижий ёндашувлар ҳамда мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, энг қуйи бўғин — маҳалла даражасига тушган ҳолда иш юритиш, аҳоли даромадини оширишда фуқароларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва ўз бизнесини бошлашига кўмаклашиляпти.

    Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили аҳолининг бандлигига кўмаклашиш дастури доирасида 5 миллион 265 минг киши даромадли иш билан таъминланди. 326 мингта микролойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 578 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди.

    Жорий йилда бу хайрли ишлар юқори босқичга кўтарилиб, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришда муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлиши белгиланди. Бу йил ҳам 5 миллион 200 минг кишини банд қилиб, 1,5 миллионини камбағалликдан чиқариш, 42 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 30 миллиард доллардан ошириш ҳисоб-китоб қилинган.

    Ўз навбатида, халқимиз учун муносиб ва фаровон ҳаёт барпо этишни кўзлаб амалга оширилаётган мазкур ислоҳотлар фуқароларнинг ҳаётида қандай акс этаётгани, одамларнинг бу борадаги фикр ва қарашлари қандай эканини билиш жамиятни янада ривожлантиришнинг истиқболдаги йўналиш­ларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Жаҳон банки томонидан амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳасининг мақсади ана шундай долзарб масалаларга ечим топишга йўналтирилган.

    Бу Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётида қанчалик акс этаётганини ўрганиб бораётган ягона тадқиқот ­лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа доирасида 2023 йилда ўтказилган сўровномада уй хўжаликларининг

    55 фоизи даромад топиш учун шароитлар яхшиланганини айтган эди. Жорий йилда 1500 га яқин уй хўжалиги билан бу хусусда ўтказилган сўров натижаларига кўра, 88 фоиз хўжаликлар ижобий хулоса берган. Умуман, Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоизи бугунги ислоҳотларни қўллашини билдирган. Албатта, бу ютуқлар ҳар бир ислоҳотни амалга оширишда халқ билан мулоқотнинг оқилона тизими йўлга қўйилганининг ўзига хос самарасидир.

    Бундай эзгу ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда 2025 йил аввалидан аҳоли банд­лигини таъминлаш бўйича янги тизим жорий қилинди. 208 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда банклар раҳбарлари ўртасида бу борада ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Банк филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга маҳалла банкирлари тайинланди. Натижада январда 239 минг, февралда 480 минг киши даромадли меҳнатга жалб қилинди.

    Йил бошидан кичик ва ўрта бизнесга жами 14 триллион сўмлик кредит йўналтирилди. Жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 триллион сўм ажратилди. Одамларга даромад топиш имконияти, тайёр бизнес лойиҳалари таништирилиб, амалга ошириш йўллари ўргатилмоқда.

    Президентимизнинг шу йил 6 мартдаги “Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги фармойиши асосида бу жаб­ҳадаги ишлар кўлами тобора кенгаймоқда. Унга кўра, 2025 йил 11 мартдан бошлаб “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги эълон қилинди. Ойлик доирасида маҳаллаларда 29 мингта кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун зарур қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, аҳоли хонадонларига 1,23 миллион бош парранда, 24 минг қути асалари, 21 минг бош қўй-эчки ва қорамол етказиб берилади.

    Шунингдек, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” ҳамда ижара ерларда “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида сердаромад экинлар экилади. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида дарахт кўчатлари ўтқазилади ва камбағал оилаларга мевали дарахт кўчатлари етказиб берилади.

    Маҳаллаларда мини трактор ва мотокультиваторлардан фойдаланиб, аҳоли томорқаларида экин экиш ишлари бажарилади. Сув таъминоти оғир 874 та маҳаллада суғориш тизими яратилади. Камбағал оилаларга молиявий кўмак пакетлари (иссиқхоналар, паррандачилик, балиқчилик, чорва моллари, асаларичилик ускуналари ва экиш материаллари) етказиб берилади.

    Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият

    Аҳолининг ишсиз қатлами ва камбағал оилалар аъзолари доимий ишли бўлиши ёки юқори даромад топиши учун давлат томонидан қўллаб-қувватловга муҳтож. Шу мақсадда ишсизлар ва камбағал оилалар аъзолари меҳнат бозорида талаб юқори ва яхши маошли касб бўйича ўқитилмоқда. Бундан ташқари, уларнинг кафолатланган тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланиши таъминланяпти. Яшаш шароитини яхшилашга кўмаклашилмоқда.

    Шунингдек, шароити оғир маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш ҳам эътиборда. Бу жабҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” ­тамойили ҳаётга татбиқ этиляпти.

    — Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишдан кўзланган мақсад, аввало, аҳолининг бандлик даражасини ошириш ва юқори даромад топишига эришишдир, — дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари Мухтор Шоназаров. — Энди аҳоли банд­лигини таъминлашга қаратилган янгича тамойиллар асосида иш юритилиб, ҳар бир туманда 5 тадан драйвер лойиҳани амалга ошириш, 100 минг гектар қўшимча ер майдонини аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун узоқ муддатга ижарага бериш, камбағал оилаларга кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сcуда асосида бериш кўзда тутилган. Шунингдек, камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим қамровини 80 фоизга етказиш, оиланинг камида бир фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ўқитиш, бир фарзанди олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш чоралари кўрилади. Бунда хотин-қизларга асосий эътибор қаратилади. Болаларни ахборот технологиялари бўйича ўқитиш ҳам эътиборда бўлади.

    Бундан ташқари, камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши, ҳар бир фарзанди спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш диққат марказида бўлади. Бундай оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун ипотека тизимидан фойдаланиши янада кенгайтирилади.

    Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар бажарилади.

    Шу билан бирга, юртимизда камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажрибадан келиб чиқиб, илғор ­халқаро амалиёт асосида янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Мисол учун, ўрмон фонди ерида ўрмонлар ва кўчатхоналар ташкил этиш, доривор ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш орқали

    46 минг кишининг бандлиги таъминланади. Кооперация асосида шароити оғир қатор маҳаллаларда қуёш фотоэлектр станцияларини барпо этиш, “компания — кооператив — деҳқон хўжалиги” тамойили асосида қиш­лоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, туризм хизматларини ривожлантириш ва туризм маҳаллаларини барпо этиш орқали янги иш ўринларини очиш кўзда тутилган. Ахборот технологиялари соҳасида замонавий касбларга бепул ўқитиш, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш орқали камбағал аҳолига янги ёндашувлар асосида ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

    100 та энг самарали микролойиҳа

    Аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда тадбиркорларнинг ўрни катта. Шу боис, аввало, тадбиркорлик ривожига кенг йўл очиш, қолаверса, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали бандлигини таъминлаш ва камбағал оила аъзоларини ишли қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда ижобий натижа берган лойиҳалар орасидан “100 та энг самарали микролойиҳа” каталоги яратилиб, ҳоким ёрдамчилари орқали барча ҳудудда оммалаштирилмоқда.

    Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги “IMDI baby” хусусий корхонаси ҳам мазкур рўйхатга кирган ишлаб чиқариш тузилмаларидан. Ташкил топганига энди 5 йил бўлган ушбу корхона қисқа муддатда маҳаллий бозорлардан мустаҳкам ўрин эгаллаш билангина чекланмай, АҚШ, Франция, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизис­тон каби давлатларга маҳсулотини экспорт қилмоқда.

    Корхона раҳбари Гулруҳ Абдужабборова эса ўтган 5 йилда “Аёллар дафтари”да турган ишсиздан катта тадбиркорга айланди. Бугун корхонанинг йиллик соф даромади 100 миллион сўмга етди. Ҳозир бу ерда 30 дан зиёд киши иш билан банд.

    Бор-йўғи 5 йилда бундай катта ютуқларга эришишнинг сири нимада? Бунинг учун истеъдод, билим ва интилишнинг ўзи етарлими?

    Гулруҳ Абдужабборованинг тадбиркорлик соҳасида эришаётган натижаларини кўрган кўплаб ёшлар унга ҳавас билан қараши баробарида, дилида кечаётган ана шундай саволларига жавоб олишни истайди. Тадбиркор аёл эса ёшларга ўзининг ҳаёт йўли, тажрибаси, ютуқлари ҳақида сўзлар экан, аввало, буларнинг барчаси юртимизда тадбиркорлик ривожи учун яратилган замонавий муҳит маҳсули эканини, қолаверса, оиласи, яқинлари кўмагида ушбу натижаларга эришганини такрор-такрор айтишдан чарчамайди.

    Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар сафини кенгайтириш борасида барча шароит яратилмоқда. Аҳолининг муносиб даромад топиши ва фаровон ҳаёт кeчиришида оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг муҳим ўрни эътиборга олиниб, ушбу соҳалар изчил ривожлантириляпти.

    Хусусан, ўтган йили “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” дастури доирасида 372 мингта лойиҳа имтиёзли кредит билан қўллаб-қувватланди. “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида ўқув курсларида 54 мингдан зиёд тадбиркор ўқитилди.

    Махсус курсни тамомлаган тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш ­кенгайса, албатта, янада юқори натижаларга эришилади. Шуларни инобатга олиб, комплекс дастур доирасида курсда қўшимча таълим олган тадбиркорларнинг 90 фоизига кредит маблағи ажратилди.

    Шу билан бирга, 67 минг 700 нафар ишсиз, айниқса, камбағал оилалар аъзо­ларининг тадбиркорлик, касаначилик, ҳу­нар­­манд­чилик фаолиятини рағбатлантириш учун субсидия ажратилди.

    Бундай имконият эса тадбиркорлар сафини тобора кенгайтиряпти. Қибрайлик ­Саида Янгибоева ҳам ана шундай замондош­ларимиздан. Тикувчилик — унга момомерос касб. Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ушбу ҳунарни онасидан ўрганган. Рўзғор ишлари, болалар тарбиясидан бўш вақтида қўни-қўшнининг буюртмаси бўйича ишлаб, оиласига даромад киритиб келган.

    Ўша пайтларда бир кун келиб шу ҳунари орқали катта тадбиркорга айланиши асло хаёлига келмасди. “Аёллар дафтари” юритила бошлагач, хотин-қизлар шу орқали қўллаб-қувватланаётганини эшитиб, маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилади. “Аёллар дафтари” рўйхатига олиниб, “Бизнесга биринчи қадам” дастури орқали олинган кредит натижасида фаолияти кенгая бошлайди.

    Унинг тикув цехида миллий каштачилик буюмлари тикилади ва кўрпа-тўшак қавилади. Сифатли ва миллий андозаларга мос бўлган ушбу маҳсулотларнинг бозори жуда чаққон. Ҳозир бу ерда 5 аёл иш билан банд. Иш жараёни асосан, қўл меҳнатига асослангани сабабли энергия ва бошқа ресурсларга катта эҳтиёж йўқ. Аммо маҳсулотлар харидоргир ва бу ишчиларнинг меҳнатидан муносиб даромад топишини таъминлаяпти. Натижада Саида Янгибоева “100 та энг самарали микролойиҳа” каталогидан ўрин олган фаол тадбиркорлардан бирига айланди.

    — Бундан бир неча йил аввал ўз бизнес лойиҳангни йўлга қўйиб, тадбиркор бўласан, дейишса ишониш қийин эди, — дейди С.Янгибоева. — Ўшанда қўни-қўшнининг буюртмасини тикиб оилага озгина даромад киритганимга ҳам қувонардим. Бугун эса ҳаёт тарзимиз бутунлай ўзгарди. Аждодлардан мерос бўлиб келаётган ҳунаримиз ортидан катта тадбиркорга айланяпмиз. Ҳалол меҳнатимиз туфайли яхши даромад топиб, тўкис яшаяпмиз. Қолаверса, ишсиз аёлларни ишли қилиб, уларгаям тадбиркорлик йўлини ўргатяпмиз. Бугун бизнесимиз ривожи учун имкониятлар катта. Улардан оқилона фойдаланиб, ҳам ўзимиз бойишимиз, ҳам давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш — асосий бурчимиз деб биламан.

    Ўз навбатида, давлатимиз томонидан ана шундай фаол, ташаббускор, изланувчан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш баробарида, ишбилармонлар сафини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағал оилалар аъзоларини ишга жойлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда жорий йилда 50 та туманда, 2026 йилда қолган туманларда 50-100 гектардан ижара асосида ажратилган ерда саноатлашган плантация, боғ ва узумзорлар ташкил этилади. “Бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида туманларда камида 40 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича намунавий лойиҳалар амалга оширилади. 2026 йилга қадар ҳар бир ҳудудда камида иккитадан кўп қаватли комплекс саноат марказлари барпо этилади ва тадбиркорлар жойлаштирилади.

    Саноат кириб бормаган маҳаллаларда 2025 йилда 1000 та, 2026 йилда 2000 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда кичик ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади. Ҳар йили камида 500 та ҳунармандчилик ва касаначилик лойиҳасини маҳалланинг ўзида жорий этиш ҳамда кенгайтириш чораси кўрилади. 2025 йилда қадар 2000 та маҳаллада, 2026 йил якунига қадар қолган маҳаллаларда салоҳиятли тадбиркорлар ва брокерлар билан ҳамкорликда етакчи тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилади.

    2025 йилдан бошлаб етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг тегишли тармоқ ва соҳаларига ихтисослашган маҳаллалар сони ҳар йили 10 фоиз ошириб борилади. Ҳар йили ўзини ўзи банд қилган 50 минг фуқарони босқичма-босқич кичик бизнес субъектларига айлантириш чораси кўрилади.

    Албатта, бу хайрли ишлар тадбиркорлик ривожи учун муҳим истиқболларни очади. Хусусан, саноат кириб бормаган, ишсизлик жиддий муаммо бўлган чекка ҳудудларда кичик ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади. Бу ҳар ким ўз яшаш жойига яқин ҳудудда муносиб иш топиши учун қулай имконият деганидир.

    Қолаверса, ҳудудларга саноатни олиб кириш орқали чекка қишлоқларда нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки қон-қонимизда яшириниб ётган тадбиркорлик, ишбилармонлик руҳини уйғотиш, яратувчанлик, бунёдкорлик туйғусини жўш урдириш, деганидир.

    Мамлакатимиз бўйлаб қизғин руҳда давом этаётган бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар, “Долзарб бир ойлик” сафарбарлиги, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва бошқа эзгу ташаббуслар ушбу хайрли ишларга янгича суръат ва шиддат бахш этмоқда. Шу тарзда янгиланишлар нафаси ҳар бир маҳалла, ҳар хонадонга, энг муҳими, ҳар бир инсон қалбига кириб бориб, барчани ўзгаришлар шукуҳига ҳамоҳанг қадам ташлаш, янгича имкониятлардан фойдаланиб яратувчанлик руҳи билан яшашга даъват этмоқда. Бу чақириқларга ҳар биримиз муносиб жавоб қайтарсак, хайрли ишларда камарбаста бўлсак, ватан тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

    Баҳор ХИДИРОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Телеграм каналимиз
    Text to speech