Бу ҳақда Бутунжаҳон метеорология ташкилоти (WMO)нинг БМТнинг Бокудаги иқлим конференцияси очилишида тақдим этилган янги ҳисоботида айтилади.
Бундан ташқари, 2015 йилдан 2024 йилгача бўлган давр тарихдаги энг иссиқ ўн йиллик бўлди.
Хўш, нега глобал ҳаво ҳарорати йилдан йилга ошиб бормоқда? Бунинг сабаби нимада? У қандай оқибатларга олиб келади?
Иқлим ўзгариши муаммоси инсон фаолиятининг сайёрамиз табиий салоҳиятига салбий таъсири билан боғлиқ глобал муаммолар ичида етакчи ўринни эгалламоқда. Инсониятнинг табиат қонуниятларига амал қилмаслиги, табиий ресурслардан беаёв фойдаланиши, Ер юзида ишлаб чиқариш суръатларининг кескин ортиши, транспорт воситаларининг кўпайиши ва бошқа кўплаб техноген ва антропоген таъсирлар оқибатида атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид, метан ва азотнинг чала оксиди каби иссиқхона газлари қуёш энергиясининг Ер сатҳида жамланиб қолишига, бу эса, ўз навбатида, дунё об-ҳавосининг меъёридаги даражасидан ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Карбонат ангидрид “иссиқхона эффекти” таркибининг оз қисмини ташкил этса-да, шунинг ўзи ҳам унинг атмосферага “ўз ҳукмини ўтказиши” учун етарлидир. Углерод диоксиди сайёрамизни иситади. Бу, ўз навбатида, Ернинг газ қатламида сув буғининг ошишига ҳам сабаб бўлади. Олимларнинг башорат қилишича, кейинги бир неча минг йил давомида Ер юзидаги барча мавжуд ёнилғиларни ёқиш ҳисобига ундан ажралиб чиқадиган иссиқхона газлари денгиз сатҳининг 58 метрга кўтарилиши, Антарктида музликларининг бутунлай эриб кетиши, миллионлаб квадрат километр ер майдонининг сув остида қолиши ҳамда ҳаво ҳароратининг бир неча даражага кўтарилишига олиб келиши мумкин. Бу нафақат оқ айиқ, пингвинлар сингари совуқсевар жониворларнинг, балки бутун инсоният тақдири ҳам сўроқ остида қолдиради деганидир.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти атмосферага иссиқхона газлари чиқарилиши туфайли тезлашган иқлим ўзгариши сабабли қизил огоҳлантириш даражасини эълон қилди. Музликларнинг эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва океанларнинг исиши тезлашмоқда ва экстремал об-ҳаво бутун дунё бўйлаб иқтисодиётга путур етказмоқда.
WМО томонидан фойдаланилган олтита халқаро маълумотлар тўпламининг таҳлилига кўра, 2024 йилнинг январь-сентябрь ойлари оралиғида ўртача глобал Ер ҳарорати саноатгача бўлган даражадан 1,54 даражага юқори бўлган, бу Эль-Ниньо табиий ҳодисаси билан боғлиқ.
Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 29-Конференция глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ вазият жуда оғир эканини яна бир бор кўрсатди. Унда Париж келишувининг мақсадлари таҳдид остида эканлиги таъкидланди.
“Иқлим офатлари [аҳоли] саломатлигига таъсир кўрсатмоқда, тенгсизликни кучайтирмоқда, барқарор ривожланишга путур етказмоқда ва тинчлик асосларини бузмоқда. Аҳолининг заиф қатламлари энг кўп азият чекмоқда”, деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
“Кундалик, ойлик ва йиллик миқёсда қайд этилган глобал ҳарорат аномалиялари қисман Эль-Ниньо ва Ла-Нинья каби табиий ҳодисалар туфайли сезиларли тебранишларга дучор бўлди. Уларни Париж келишувида белгиланган узоқ муддатли мақсад билан, ўртача ўнлаб йиллар давом этадиган глобал ҳарорат даражаси билан чалкаштириб юбормаслик керак”, деди Бутунжаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Селеста Сауло.
Шу билан бир қаторда, у ҳар бир исиш даражаси муҳимлигини таъкидлади. Цельсий бўйича 1,5 даражадан паст ёки юқори бўлишидан қатъи назар, глобал исишнинг ҳар бир янги босқичи экстремал иқлим ҳодисаларини кучайтиради.
“Бу йил дунёнинг турли қисмларида кузатилган рекорд даражадаги ёғингарчилик ва сув тошқини, тез кучайиб бораётган тропик циклонлар, ҳалокатли иссиқлик, доимий қурғоқчилик ва шиддатли ўрмон ёнғинлари, афсуски, бизнинг янги ҳақиқатимиз ва келажагимиз хабарчисидир”, деди у.
“Биз зудлик билан иссиқхона газлари ташланмаларини камайтиришимиз ва иқлим ўзгаришини кузатиш ва тушунишни кучайтиришимиз керак. Биз иқлим маълумотлари ва “Барча учун эрта огоҳлантиришлар” ташаббуси орқали иқлим ўзгаришига мослашишни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришимиз керак”, дея қўшимча қилди у.
2024 йилда ўртача глобал ҳарорат, ҳатто, ҳозиргача энг иссиқ йил деб ҳисобланаётган 2023 йилдагидан ҳам ошиб кетиши мумкин. WМО маълумотларининг умумий таҳлилига кўра, кетма-кет 16 ой давомида (2023 йил июнидан 2024 йил сентябргача) ўртача глобал ҳарорат 2023 йилгача қайд этилган барча кўрсаткичлардан катта фарқ билан ошиши мумкин.
Бунинг бир қатор сабабалари бор. Биринчидан, 2023 йилда атмосферадаги иссиқхона газлари даражаси рекорд даражага етди. Ҳозирги маълумотлар бу кўрсаткич 2024 йилда ҳам ўсишда давом этганлигини кўрсатади. Атмосферадаги карбонат ангидрид (CО2) концентрацияси 1750 йил билан солиштирганда 2023 йилга келиб 51 фоизга ошган. Бу ҳароратнинг ошишига олиб келадиган омиллардан бири.
Иккинчидан, океаннинг исиши тезлиги йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2023 йилда океандаги иссиқлик ушлаб туриш даражаси рекорд даражада юқорилади ва дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилда ҳам шу даражада сақланиб қолади. Океанларнинг исиши тезлиги, айниқса сўнгги йигирма йил ичида ошди. 2005 йилдан 2023 йилгача океан йилига ўртача 3,1 миллион тераватт-соат иссиқликни ютган. Бу 2023 йилда дунёдаги энергия истеъмолидан 18 баравар кўпдир.
Учинчидан, музликлар ва муз қатламларининг эриши туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши тезлашмоқда. 2014 ва 2023 йиллар оралиғида глобал ўртача денгиз сатҳи йилига 4,77 миллиметрга кўтарилди, бу 1993 – 2002 йиллардаги кўрсаткичдан икки баравар кўп. Музликларнинг эриши тезлашмоқда. 2023 йилда дунё музликлари рекорд даражадаги камайди, бу Ўлик денгиздаги сув ҳажмидан тахминан беш баравар кўп. Швейцарияда музликлар ҳажми тахминан 10 фоизга қисқарган.
Эль-Ниньо омили 2023 йилда кўрсаткичларнинг янада тез ўсишига сабаб бўлди. Маълумки, Эль-Ниньо иқлимга сезиларли таъсир кўрсатадиган Тинч океанининг экваториал қисмида сувнинг сирт қатлами ҳароратининг ўзгариши асосида юз берадиган жараён. 2024 йил учун дастлабки маълумотлар шуни кўрсатадики, Эль-Ниньо заифлашгани сабабли, денгиз сатҳининг кўтарилиши 2014 – 2022 йиллардаги ўсиш суръатига қайтди.
Антарктика денгиз музининг ҳозирги даражаси сунъий йўлдош кузатувлари тарихидаги (1979-2024) иккинчи энг паст кўрсаткич бўлди.
Глобал ҳаво ҳароратининг ошиши экстремал об-ҳаво ва иқлим ҳодисалари юз беришига олиб келмоқда. Бундай ҳодисалар дунёнинг турли минтақаларида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга путур етказмоқда, озиқ-овқат хавфсизлиги, кўчиш ва миграция муаммоларини кучайтирмоқда. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар иссиқ об-ҳаводан зарар кўряпти. Кучли ёғингарчилик, сув тошқини ва тропик циклонлар жуда катта қурбонлар ва иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда.
Ўзбекистонда Президентимиз раҳнамолигида атроф-муҳит барқарорлигини сақлаш, табиатнинг бебаҳо неъматларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, соф ҳавони етказиб бераётган дарахтларни асраб-авайлаш, уларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанага айланиб боряпти. “Яшил макон” лойиҳаси шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратишни кўзда тутиши билан аҳамиятга молик.
Бундай ташаббуслар замирида табиатни асраш, юртимизни кўкаламзорлаштиришдек эзгу мақсадлар мужассам. Чунки дарахтлар тоза ҳаво манби, улар ўзларидан кислород чиқаради. Бу экологик барқарорлик учун жуда зарур. Қолаверса, дарахтлар чўлланишни камайтириб, иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий таъсирни камайтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Юртимизда атроф-муҳитни асраш йўлидаги яна бир ташаббус “Автомобилсиз кун” акциясидир. Ҳукумат топшириғига биноан, 2024 йилнинг март ойидан бошлаб ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни “Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган “Автомобилсиз кун” деб эълон қилингани пойтахтимизда автомобиллар чиқараётган зарарли ташланмаларни камайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу билан бир қаторда, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, қуёш, шамол энергиясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Юртимизда қуёш, шамол электр станциялари қурилмоқда, бу атроф-муҳитга зарар етказмайдиган, инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган экологик тоза электр энергиясини олиш орқали аҳолининг унга бўлган талабини қондириш имконини бермоқда.
Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири