Бухоро вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров Жанубий Кореянинг “New Layer Co., Ltd”, “EGIS Co., Ltd”, “J-TOD Co.,Ltd”, компаниялари ва “LX” корпарацияси вакиллари Lee Kwang Se, Kang Seokchan, Park Choondong, Dongho Lee, Lim Seong Ha, Kim Jeungsoo, Jung Inhyeлардан иборат делегация вакиллари билан учрашди.
Жорий йилнинг 27 сентябридан 20 октябрига қадар мамлактимизда бўлиши режалаштирилган делегация вакилларининг асосий мақсади Корея Республикаси ахборот технолагияларини ривожлантириш миллий агентлигининг умумий қиймати 150 минг АҚШ доллари бўлган гранд лойиҳаси асосида Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган Исмоил Сомоний мақбарасининг “Digital Twin”, 3D-технологиялари ва географик маълумотлар ёрдамида бирга-бир рақамли нусхасини (эгизагини) яратиш ва “Google maps” тизимига бириктириш бўйича ишларни амалга оширишдан иборат.
Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув давомида Ботир Шаҳриёров лойиҳанинг мақсад ва мазмуни билан яқиндан танишар экан рақамли нусхаси яратиладиган объектларда тунги ёритиш тизимини ҳам йўлга қўйиш бўйича ўзининг таклифларини билдириб, агар лойиҳа билан биргаликда шу ишлар ҳам амалга ошса бунинг ижобий афзалликлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўз ўрнида кореяликлар ҳам сўнгги йилларда шаҳарсозлик, маданий мерос, археология соҳаларида кенг қўлланилаётган “Digital Twin”, “D-Twin”(рақамли эгизак) технологиясининг ютуқлари бўйича маълумот беришди. Хусусан, “D-Twin” ёрдамида моделлаштириш, объектлар ва механизмларни мониторинг, диагностика ҳамда прагноз қилишда фойдаланиш мумкинлигини таъкидлашди. Шунингдек, учрашув давомида маданий мерос объектлари 3D-платформасининг кичик тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилгандан сўнг орттирилган тажриба асосида Хива, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий қисмлари, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги қалъалар, археологик топилмаларнинг 3D нусхаларини яратиш, шу каби ишларни доимий олиб бора оладиган техник гуруҳ ва ускуналарни шакллантиришни қамраб олувчи умумий қиймати 6 млн. АҚШ доллари бўлган гранд лойиҳаси бўйича ишларни бошлаш режалаштирилган. Гранд лойиҳаси мувофаққиятли амалга ошса 2023 йилдан иккинчи босқич ишлари ҳам бошлаб юборилади, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.