ИВВ ойига 10 минг доллар топишни “ўргатган” бизнес-тренер қидирувга берилганини эълон қилди

    Бизнес-тренер Ислом Иброҳимов қидирувга берилгани маълум бўлди. Бу ҳақда ИИВ расмий сайтининг қидирувдаги шахслар бўлимида эълон пайдо бўлди.

    Эълонда кўринишича, Ислом Иброҳимов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни (фирибгарлик, жуда кўп миқдорда) содир этганликда гумонланиб, қидирувга берилган.

    Жиноят кодексида ушбу турдаги жиноят учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача (132 млн сўмдан 198 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланган.

    Ислом Иброҳимов асосан бизнесда муваффақиятга эришиш, бой бўлиш ҳақидаги тренинглари билан танилган. Маълум бир тўлов эвазига турли вилоятларда ушбу турдаги тренинглар ўтказиб келган.

    "СУБЪЕКТИВ" олдинроқ “бизнес-тренинг” номи остида сотилаётган курслар ҳамда улар орасида ўзи ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш орқали мижоз йиғаётганлар ҳақида фильм тайёрлаган эди. Унда Ислом Иброҳимов фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилганди.

    Ислом Иброҳимов 1996 йили Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 2021 йилда “Ёшлар” телеканалининг Start up club лойиҳасига берган интервьюсида у ўрта махсус таълимни Тошкент шаҳридаги Юридик коллежида олгани, актёр бўлиш мақсадида Консерваторияга топшириб, кира олмагани ҳақида сўзлаб берган.

    2022 йилда Ислом Иброҳимов тадбиркорликни ўргатадиган Business Invest бизнес-марказини очганди. Шунингдек, у YouTubeъдаги мотивацион роликлари билан танилган. Шу каби видеоларининг бирида у бир ойда 10 минг доллар топиш йўлини ўргатган. Унинг усули ва йўналиши ижтимоий тармоқларда кўп бора танқид қилиниб, кулгига олинганди.