Жаҳон банки Ўзбекистон жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга сармоя киритади

    Тошкентда Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

    Лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар:

    - Биноларни иситиш ва совитиш тизимлари модернизация қилинади;
    - Фасад изоляцияси, эшик ва деразалар алмаштирилади;
    - Ёритиш тизимлари янгиланади;
    - Биноларнинг том қисмлари изоляцияланади;
    - Кўмир ва газ каби самарасиз қозонхоналар замонавий газ қозонлари ёки иссиқлик насосларига алмаштирилади;
    - Қуёш батареялари ва қозонхоналари ўрнатилади.

    Кутилаётган натижа:

    - Жами 543 507 тонна - CО2 (ис газлари) камаяди, 2 млрд 530 млн кВт⋅соат электр энергияси тежалади.

    Бугугн, 23 апрель куни Тошкентда Энергетика вазирлиги ва Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Жаҳон банкининг молиявий кўмагида Энергетика вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга ва бинолар секторида тоза энергияга хусусий сармояни жалб қилишни ривожлантиришга ёрдам беради. Тадбир давомида давлат органлари, хусусий сектор ва оммавий ахборот воситалари вакилларига лойиҳанинг мақсадлари, вазифалари ва фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

    Ўзбекистонда якуний энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади, ундан кейин саноат (22 фоиз) ва транспорт (20 фоиз) соҳалари туради. Жумладан, жамоат бинолари соҳасида туман шифохоналарида энергия сарфининг қарийб 70 фоизи, мактабгача таълим муассасаларида 84 фоизи, қишлоқ врачлик пунктларида 88 фоизи, мактабларда эса 97 фоизи иситиш учун сарфланади.

    Мамлакатдаги аксарият жамоат бинолари 1970-1980 йилларда энергия самарадорлиги стандартларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилган. Улардаги иссиқлик изоляцияси ёмон ҳолатда бўлиб, ҳарорат бўйича қулайлик стандартларига жавоб бермайди. Ушбу биноларда эскирган қозонлар ва ҳаддан ташқари кўп энергия истеъмол қиладиган гидроник иситиш тизимлари қўлланилади.

    Жаҳон банки томонидан 2021 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали бир йилда 7000 гигаватт-соатдан (ГВт/соат) ортиқ энергияни тежаш мумкин. Шундан 6810 ГВт/соатга яқини иссиқлик, 240 ГВт/соатдан ортиғи эса электр энергияси кўринишида иқтисод қилиниши мумкин.

    2022 йил июнь ойида Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши “Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия” лойиҳасини амалга ошириш учун мамлакатга 143 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа доирасида бутун мамлакат бўйлаб жамоат биноларининг энергия самарадорлигини оширишга сармоя киритиш режалаштирилмоқда. Бу уларнинг ўзгарувчан иқлимга тайёрлигини оширади, энергия сарфини камайтиришга ёрдам беради ва атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартиради.

    Лойиҳа фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 мартдаги ПҚ-106-сонли қарори қабул қилинганидан кейин бошланган. Лойиҳа Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси (Жамғарма) томонидан амалга оширилмоқда. Жамғарма 2020 йилда иқтисодиётнинг турли тармоқлари, ижтимоий соҳа ва уй-жой қурилишига инвестицияларни жалб қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган.

    Лойиҳа доирасида Жамғарма мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда фаолият юритувчи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларига қарашли муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштиради. Лойиҳани амалга ошириш давомида 2023–2028 йиллар мамлакат бўйлаб 800 дан ортиқ ижтимоий соҳа обектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, шифохоналар ва поликлиникалар энергия самарадорлигини ошириш мақсадида модернизация қилинади ва таъмирланади.

    Жамғарма ушбу биноларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, тегишли муассасаларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича зарур ишларни харид қилиш ва молиялаштириш, шунингдек улар тежайдиган энергияни ўлчаш ва текшириш бўйича хизматлар кўрсатади.

    Юқорида қайд этилган жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари уларнинг иссиқлик изоляциясини ва иситиш, вентиляция, ҳавони тозалаш ва ёритиш тизимларининг ишлашини такомиллаштиришни назарда тутади. Бундан ташқари, тегишли муассасаларда кўмир қозонларини қайта тикланувчи энергия манбаларидан қувват оладиган иситиш ва сув иситиш тизимларига алмаштирилади. Хусусан, иссиқлик насослари ва қуёш коллекторлари билан бирлаштирилган қуёш панеллари ўрнатиш орқали.

    Лойиҳа билан қамраб олинган жамоат бинолари етарлича иситилмаслиги ёки аксинча қизиб кетмаслиги учун миллий ҳарорат қулайлиги стандартлари бўйича модернизация қилинади. Лойиҳа фаолияти энергия сарфини камайтириш, ҳаво сифатини яхшилаш, тегишли муассасаларни, айниқса қиш ойларида, энергия билан таъминлаш ишончлилигини ошириш, шунингдек, мактабгача ва мактаб муассасаларида ўқувчилар, соғлиқни сақлаш муассасалари беморлари ва ходимлари учун иссиқлик ҳарорати қулайлигини ошириш орқали давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштиришга замин яратади.

    Лойиҳа Жамғарманинг иқтисодиётнинг турли тармоқларида тоза энергияни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш имкониятларини яхшилайди. У “Ижтимоий, тижорат ва маъмурий-маиший бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш” Миллий дастурини ишга тушириш ва тоза энергияга инвестиция киритиш бозорини тартибга солувчи қонунчиликни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида аҳоли ўртасида энергия самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан фуқароларнинг хабардорлигини ошириш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилади.

    Лойиҳа тақдимотида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, турли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, хусусий сектор ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Жаҳон банки гуруҳи томонидан Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистон ва Туркманистондаги минтақавий раҳбари Нил Маккейн иштирок этишди.

    Тадбир иштирокчиларига лойиҳанинг мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш учун қулай муҳит яратишдаги ўрни, режалаштирилган лойиҳа тадбирлари, кутилаётган натижалар ва лойиҳанинг ижтимоий-иқтисодий афзалликлари ҳақида маълумот берилди. Тадбирда лойиҳанинг асосий мақсади давлатга жамоат бинолари, тураржой ва тижорат секторларида энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини рўёбга оширишда кўмаклашишдан иборат эканлиги таъкидланди.

    Жаҳон банки ва хорижий экспертлар томонидан илгари турли мамлакатлар, жумладан, Мексика, Черногория, Шимолий Македония ва Туркияда ҳаётга татбиқ этилган жамоат биноларининг энергия самарадорлигини кучайтириш бўйича лойиҳалар тажрибаси тақдим этилди.

    Лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган турли хил товар ва хизматлар, жумладан, энергия тежамкор ускуналар етказиб бериш, аудит ва лойиҳалаш хизматларини кўрсатиш, шунингдек, қурилиш ишларини олиб боришдан манфаатдор бўлган маҳаллий ва хорижий фирма ҳамда компаниялар вакилларига лойиҳа доирасида ўтказиладиган тендерларда иштирок этиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates