Синтетик керосиннинг 23 та асосий физик-кимёвий ва техник параметрлари тўлиқ талаб даражасига етказилди. Асосий параметрлардан бири бўлган музлаш ҳарорати халқаро стандарт талаб даражасига (-47°С) етказиш ишлари якунланди, дея хабар беради “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати.
Бугунги кунга қадар, “Uzbekistan GTL” заводи томонидан IAТA, ASTM International, Def Stan халқаро ташкилотларининг авиация ёқилғиси учун хомашё сифатида GTL керосинидан синтетик компонент сифатида фойдаланишга рухсат этилгани тўғрисида ижобий хулосалар олинган. GTL заводида ишлаб чиқарилган синтетик керосинининг биринчи партияси намунаси олиниб, халқаро авиасоҳани тартибга солувчи ташкилот (IATA) тавсиясига кўра, мувофиқлик сертификатини олиш учун SGS компаниясининг Эстония, Бельгия ва Франциядаги лабораторияларига таҳлил ва тегишли хулоса олиш учун юборилди.
“Uzbekistan GTL” заводининг тўлиқ иш режимига ўтилгани сабаб синтетик ёқилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда маҳсулотларнинг юқори сифатда бўлишини таъминлаш зарур. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бориш натижасида маҳсулот таннархи арзонлашишига эришиш лозим.
Бугунги кунга қадар эса GTL мажмуасида жами 55 минг тонна синтетик дизель ёқилғиси ва 20,5 минг тонна синтетик нафта ишлаб чиқарилган бўлиб, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси орқали кунлик равишда истеъмолчиларга етказилмоқда. Жорий йилнинг 14 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси орқали сотувга жойлаштириладиган синтетик дизель ёқилғисининг бир тоннаси бошланғич нархи 13 млн 897 минг 109 сўмгача арзонлаштирилиши белгиланди. Сўнгги икки ой ичида иккинчи маротаба нарх арзонлаштирилиб, жорий йилнинг 29 август куни синтетик дизелнинг бошланғич нархи 15 млн 550 минг 500 сўмдан 14 млн 504 минг 378 сўмгача камайтирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Uzbekistan GTL” мажмуасида йилига умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари ёки 12,8 триллион сўмдан ортиқ импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.