Маълумки, янги корхонада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Бу завод маҳсулотларининг мамлакат иқтисодиётида тенгсиз аҳамиятга эгалигидан далолат беради.
GTL ТЕХНОЛОГИЯСИ ВА ЖАҲОН ТАЛАБЛАРИ
Бугунги кунда GTL технологиясига бутун дунёда талаб кун сайин ортиб боряпти. Унинг асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда, янада юқори қўшилган қийматли янги турдаги товарлар тайёрлашни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Шундай экан, табиий равишда саол туғилади; GTL технологияси ўзи нима, бундай корхона қандай афзалликларга эга?
— Инглизча Gas to Liquids, яъни газдан суюқлик ҳосил қилишни англатувчи ушбу тушунча табиий газдан экологик тоза ва замонавий ёнилғи турлари ва бошқа қимматбаҳо кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини ўзида мужассам этади, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. — Мазкур технология асосида тайёрланган замонавий маҳсулотлар экологик жиҳатдан сифатли ва тоза. Бутун дунё “яшил иқтисодиёт”га ўтаётган, савдо-сотиқда шу борада талаблар қўяётган ҳозирги кунда унга эҳтиёж тобора ортиб боряпти.
Президентимизнинг ғояси ва ташаббуси билан барпо этилган “Uzbekistan GTL” мажмуаси маҳсулотлари ҳам жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавийсига нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишининг олди олинади.
Масалан, истеъмолчиларга етказиб берилаётган GTL дизель ёнилғисини оладиган бўлсак, у ҳам юқори техник тавсифга эга ва таркибида олтингугурт миқдори деярли йўқ. Шу боис бу ёнилғидан атмосферага чиқит чиқмайди. Унинг тоза ва тўлиқ ёниши эса двигателларнинг фойдаланиш муддатини узайтириб, ёнилғи-мойлаш материалларини алмаштириш оралиғини ошириш имконини беради. Шу боис заводимиз бу маҳсулотни ўзлаштирганига ярим ой бўлганига қарамай, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси платформалари орқали сотиляпти ва унга талаб тобора ортиб боряпти. Шу кунга қадар 20 минг тоннага яқин янги синтетик ёнилғи харидорларга етказиб берилди.
Қайд этиш жоиз, 2022 йил 1 июль куни Швейцариянинг SGS компанияси “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган синтетик дизел ёқилғисининг мустақил лаборатория синовларини ўтказди, Унинг натижалари ушбу маҳсулотнинг барча параметрлари халқаро ва миллий стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлади.
Айни кезда ривожланган мамлакатларда нефть маҳсулотларидан фойдаланишда “Евро 5” стандартига мувофиқлиги талаб этилади. Таҳлиллар “Uzbekistan GTL” заводида тайёрланадиган шундай маҳсулотлар ҳатто “Евро 6” мезонларига ҳам тўла жавоб беришини кўрсатяпти. Шу жиҳатдан Жанубий Африка Республикасининг "Sasol" компанияси вакили Ёхан Дегенаарнинг фикрлари эътиборни тортади:
— Бундай йирик лойиҳа қурилиши тарихда илк маротаба кузатилди. Завод кунига 37 минг баррел суюқ ёқилғи ишлаб чиқаради. Шу тарзда Ўзбекистон дунё миқёсида мазкур йўналишдаги етакчи давлатга айланади.
ЎЗБЕКИСТОН НЕФТЬ-ГАЗ САНОАТИНИНГ ЯНГИ ДАВРИ
“Uzbekistan GTL” заводи қиймат ва миқёс жиҳатдан улкан салоҳиятга эга. Унинг қиймати 3 миллиард 420 миллион АҚШ долларига тенг, иншоотлар эгаллаган майдони 135 гектар. Бундай йирик мажмуа шу пайтгача жаҳонда фақат 4 та давлатда — Қатар, Нигерия, Жанубий Африка Республикаси ва Малайзияда барпо этилган.
Заводда Япония, Корея, Сингапур, АҚШ, Германия, Италия, Буюк Британия, Россия, Хитой каби 24 та давлатдаги 130 га яқин етакчи корхоналарда тайёрланган 11 мингга яқин ускуналар ўрнатилган. Технологик ечимлар, ускуна ва жараёнларни қўллаш учун 140 та халқаро лицензия ва патентлар олинган. Уларнинг аксарияти дунёда ягона ва ноёб ҳисобланади
— Ана шундай ўта мураккаб технология асосида ишлаб чиқарила бошланган GTL нафтаси ўз тоифасидаги энг яхши маҳсулотлар сирасига киради, — дейди завод директори Фаҳриддин Абдурасулов. — Уни ҳосил қилишда табиий газ, буғ ва кислород реакцияга киришади ва 3000 градус иссиқликда углерод моноксиди ва водороддан иборат бўлган синтез газига айланади.
Сўнгра синтез гази Фишер-Тропш реакторларига юборилади, бу ерда инновацион “Sasol Slurry Phase Distillateтм” (SPDтм) технологияси натижасида у тўлиқ синтетик парафин, яъни синтетик нефть ҳосил бўлади. У селектив гидрокрекинг ва фракцияларга ажратиш жараёнидан ўтиб, GTL маҳсулотлари - GTL дизели, GTL керосини, GTL нафтаси ва суюлтирилган углеводород гази ишлаб чиқарилади.
GTL нафтаси таркибида деярли ароматик углеводородлар ёки олтингугурт йўқ. У этилен крекинги учун энг самарали хомашё ҳисобланади.
Этилен эса нефть-кимё саноатининг асосий тузилма элементларидан бири бўлиб, у полиэтилен, полистирол ва бошқа пластмасса турларини ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Парафин GTL нафтаси таркибининг 98 фоизини ташкил этади. Мазкур миқдор 65-75 фоиз атрофида бўлган стандарт таснифли оддий нафта кўрсаткичидан сезиларли даражада юқоридир.
2021 йил 25 декабрь куни давлатимиз раҳбари “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди ва яна бир тарихий лойиҳани амалга оширишга старт берди.
—Бу лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлиб, “Uzbekistan GTL” заводи ёнида қурилади, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. — Корхонада мажмуада ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобидан йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланади, Яна мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Натижада қўшимча 550 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Ўз навбатида, ана шу маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш орқали 2 баробаргача кўп истеъмол маҳсулотлари тайёрлаш мумкин. Мисол учун, 100 миллион долларлик полимерлардан электротехника, қурилиш материаллари, автомобиль саноати ва бошқа соҳаларда йилига қўшимча 200 миллион долларлик маҳсулотлар харидорларга таклиф этилади. Шунингдек, пластмасса ва ҳар хил турдаги қадоқлаш буюмлари, сув таъминоти учун қувурлар ишлаб чиқариш кўпаяди. Яъни, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган яна камида 1 минг 200 та янги хусусий корхона ва 12 мингта иш ўрини ташкил этилиши учун асос яратилади.
Шу тариқа, Шўртанда юртимиздаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилга бориб 1,8 миллиард долларга етказилади. Яъни, 6 баробарга ошади. Ушбу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хомашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Янги лойиҳа ишга тушгунга қадар Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилади.
764,2 МИНГ ТОННА УГЛЕВОДОРОД ХОМАШЁСИ ҚАЙТА ИШЛАНДИ
Тараққиёт стратегиясига кўра, 2026 йилгача саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади. Бунга, аввало, “драйвер” соҳаларда, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида, саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали эришилади. Хусусан, табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳам шу йўлдан бориб, углеводород хомашёсининг қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш, захирани ошириш мақсадида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жами 764,2 минг тонна углеводород хом ашёсини қайта ишлашга эришилди.
— Республика товар-хомашё биржаси савдоларини кузатадиган бўлсак, ўтган олти ой давомида истеъмолчиларга сотилган жами автобензиннинг 75-80 фоизи, дизель ёнилғисининг 45-50 фоизи жамиятимиз ҳиссасига тўғри келганлигини кўриш мумкин, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов. —Жорий йилнинг июль ойидан “Uzbekistan GTL” заводи ўз иш фаолиятини бошлаганлиги ҳисобига, юқори сифатли синтетик дизель ёнилғиси биржа савдолари орқали сотиш йўлга қўйилди. Йил охирига қадар республика истеъмолчиларининг бу маҳсулотга бўлган этиёжини 18-20 фоизи янги турдаги ёнилғи билан қопланиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида шуни такидлаш керакки, жаҳон бозорида “Brent” маркали нефть баҳосининг ўзгариши бутун дунёда бензин, дизель ёнилғиси ва бошқа турдаги маҳсулотлари нархларининг ўсиши ёки тушишига таъсир этувчи муҳим омил бўлмоқда. Бугунги кунда, бензиннинг рекорд даражада қимматлаши натижасида Германия, Швеция, Нидерландия, Исландия, Греция ва бошқа кўплаб Увропа давлатларида унинг нархи 1,2 – 2 баробарга ошди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ, нефть маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда уларнинг нархларини барқарор сақлаб туриш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган давр мобайнида табиий газ, нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш, нефть-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилишига эришилди.
“Uzbekistan GTL”да нафта ишлаб чиқарилишининг йўлга қўйилиши ҳам мамлакат нефть-газ тармоғидаги янги давр жараёнлари изчил давом этаётганлигининг яна бир амалий тасдиғидир.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
иқтисодий шарҳловчи