Жамоат транспортида ишга борган амалдорлар: Тошкентда “автомобилсиз кун” тадбири қандай ўтди?

    Ушбу фойдали ташаббус бирор хориж давлатида ўтказилганида, натижа анча яхшироқ бўлиши, ҳатто, кўчалар автомобилсиз ҳувиллаб қолиши мумкин эди, деган ўйлар ҳаёлдан ўтди.

    Исталган бир кунда шахсий автомобилни уйда қолдириб, кун давомида жамоат транспорти ёки велосипедда ҳаракатланиш, яқин масофага пиёда юриш орқали экологияга қанчалик фойда келтириш мумкинлиги ҳақида кўпчилик ўйлаб кўрмайди. Ваҳоланки, бугун экологик муаммоларнинг асосий омилларидан бири сифатида тилга олинаётган автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар атмосфера учун жиддий хавфга айланган. Кўчаларда автомашиналарнинг кўпайиб, узундан узун тирбандликларни юзага келтираётгани вазиятни янада ёмонлаштиряпти.

    Бунга қарши биргина чора ёки ҳаракат билан курашиш маҳол. Аммо кичик-кичик ҳаракатларни умумлаштириб, катта ва кутилган натижага эришиш мумкин. 29 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Автомобилсиз кун” тадбири ана шу ҳаракатларнинг бир қисми. Ижтимоий лойиҳа шу йилнинг 21 февраль куни Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган эди. Унга кўра, пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни давомида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси амалга оширилади. Мақсад эса соғлом турмуш тарзи тарғиботи, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат.

    Вазир ва ҳокимлар намуна кўрсатди

    Март ойининг сўнгги жумасида юртдошларимиз орасида “Автомобилсиз кун” лойиҳаси иштирокчисига айланганлар кўп бўлди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ўтказилган ушбу тадбир бир неча кун олдин эълон қилиниб, пойтахтимиз аҳолиси унда фаол қатнашишга чорланган эди. Интернет тармоқлари орқали хабар топганларнинг кўпи, хусусан, фуқаролар, турли ташкилотлар ходимлари шу куни жамоат транспортида юришини ҳам маълум қилди. Ҳар ҳолда, лойиҳа нисбатан тарғибот қилинди. Ихтиёрий бўлган лойиҳада одамлар шахсий автомобили ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чақирилди.

    Ёдингизда бўлса, 2018 йилда ҳукумат қарори билан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни”ни ўтказиш бўйича дастур тасдиқланган эди. Унда Ўзбекистонда ҳар ойнинг учинчи жума кунида “Автомобилсиз кун” акциясини ўтказиш белгиланган. Айни ўша йилнинг 21 сентябрь куни мазкур тадбир юртимиз бўйлаб илк бор ташкиллаштирилди. Кейинчалик ҳам ушбу акция ҳақида бир неча бор эшитдик, аммо бу фақат тарғибот характерига эга бўлгани боис, унда иштирок этиш мажбурий бўлмаган. Унинг тарғиботчилари ҳам кўпроқ экофаоллар ва жамоатчилик вакиллари эди.

    Юқорида Президент томонидан имзоланган фармон билан энди пойтахтимизда ҳар ойнинг бир иш куни давомида “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳасини амалга ошириш қатъий белгилангани унинг кўлами аввалгисидан анча кенгроқ бўлишини англатади. Унда барча юртдошларимиз фаол иштирок этишга чақирилаётгани ҳам бежиз эмас. Чунки эндиликда, бу лойиҳа доимий равишда ўтказилиб, яхши анъанага айланиши кўзда тутилган. Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган барча республика ва ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ҳамда бошқа ходимлари жамоат транспортида иш жойига келиши орқали намуна кўрсатиши ҳам белгиланган.

    Кеча айни шу ҳолат кузатилди. Давлат ташкилотлари олдидан ўтаётганимизда хизмат машиналари анчайин камлиги кўзга ташланди. Амалдорлар, давлат ташкилотларининг раҳбарлари бошчилигида кўплаб ходимлар иш жойига пиёда ёки жамоат транспортида келгани ҳақида интернет тармоқларида хабарлар жойланди. Хусусан, пойтахтимиз бўйлаб ўтказилган “Автомобилсиз кун”да Спорт вазири Адҳам Икромов ишга хизмат машинасида эмас, балки 93-сонли автобусда етиб олган. Ҳатто, вазир светофор ўрнатилмаган пиёдалар ўтиш жойида бир муддат йўлдан ўта олмагани, унга автомобиллар йўл бермагани акс этган видеолар ҳам тарқалди. Айни шу вазирликнинг марказий аппарат ходимлари ҳам ижтимоий тадбирда фаол қатнашиб, иш жойига жамоат транспортида борди. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов эса уйидан ишхонагача бўлган масофани бир соатда яйов босиб ўтган.

    Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам жамоат транспорти хизматидан фойдаланиб ёки пиёда ишга боришган. Божхона қўмитаси раиси генерал майор Акмалхўжа Мавлонов эса велосипедда ҳаракатланишни маъқул кўрди. Бошқа кўпчилик божхоначилар ҳам соғлом турмуш тарзига амал қилиб, ишга пиёда равишда, аксарияти эса велосипедда боришган. Эътиборлиси, ушбу жамоатчилик лойиҳасида ҳамюртларимиз қатори хорижликлар ҳам иштирок этгани кўзга ташланди. Улардан бири Канаданинг Ўзбекистондаги элчиси Алан Хэмсон бўлиб, у кеча автобусда юрган. Амалдорлар ва давлат ташкилотлари ходимларининг бу каби фаоллиги юртдошларимизда ижобий таассурот қолдирганини изоҳларда ёзиб қолдиришди.

    Экологик маданият сустроқдек...

    1885 йилда Карл Бенз томонидан биринчи бензинли моторли автомобилнинг ихтиро қилиши инсониятнинг энг фойдали кашфиётларидан бири бўлганди. Узоғимизни яқин қиладиган автотранспорт воситалари вақт ўтган сари оммалашиб, одамлар учун энг қулай ва вақтни тежайдиган воситага айланди. Бугунги кунга келиб эса у, ҳатто, ҳашамат белгиси саналади.

    Аммо кўпгина шаҳарларда автомобилларнинг фойдаси билан бирга, зарари ҳам сезила бошлаган. Ҳатто, уларга экологик муҳитни ёмонлаштираётган асосий омиллардан бири сифатида қаралмоқда. Бу муаммо Тошкент шаҳрида ҳам мавжуд ва пойтахтимизда тирбандликлар ошиб бораётгани кузатиляпти. Маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда 3 миллион 200 мингга яқин машина бўлган, бугунги кунга келиб бу рақам деярли 5 миллионга етди. Тошкентда ҳар куни 1 миллионга яқин автомобил ҳаракатланяпти. Бу экологияга автотранспорт воситаларидан катта миқдорда зарарли газлар чиқаяпти, дегани. Айниқса, халқаро сифат стандартларига жавоб бермайдиган ёнилғи турлари атмосфера ҳавосини жиддий зарарлаётгани таҳлилларда ҳам кўрсатиляпти. Юртимизда 2026 йилга қадар Аи-80 маркали бензиндан тўлиқ воз кечиш талаби қўйилгани боиси ҳам шунда. Бундан ташқари, оғир юк машиналари, 10 йилдан ошган автомобиллар ҳамда Евро-4 стандартидан паст бўлган ёнилғини ишлатишнинг атроф-муҳитга зарарини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилиши айтилган. Қолаверса, пойтахтимизда жамоат транспортига устунлик бериш, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ва йўллардаги тирбандликларни камайтиришга қаратилган аниқ вазифалар белгиланган.

    Бу маълумотлардан хабардор киши “Автомобилсиз кун” лойиҳасига бефарқ бўла олмайди. Ҳеч бўлмаганда ойда бир марта шахсий автомобилдан воз кечиб, жамоат транспортида ҳаракатланиш орқали саломатлиги ҳамда экология хавфсизлигига ўз ҳиссасини қўшади. Ижтимоий лойиҳанинг аҳамияти ҳам шунда. Аммо юртимизда ўтказилган “Автомобилсиз кун”да оддий аҳолининг иштироки сустроқ бўлганини ҳам тан олишимиз керак. Кун давомида йўлларда автотранспорт воситалари нисбатан камроқдек кўринди. Аммо бу сезиларли даражада эмасди. Яъни, шахсий автомобилига эга юртдошларимизнинг кўпи, афсуски, лойиҳада фаоллик кўрсатмади. Бу об-ҳавонинг бироз совигани, кимларнингдир бундан хабардор бўлмагани ёки бу лойиҳа илк бор ўтказилиб, етарлича оммалашмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Кўчаларда тарғибот баннерлари, эълонлар ҳам кўзга ташланмади. Ҳар ҳолда, ушбу фойдали ташаббус бирор хориж давлатида ўтказилганида, натижа анча яхшироқ бўлиши, ҳатто, кўчалар автомобилсиз ҳувиллаб қолиши мумкин эди, деган ўйлар ҳаёлдан ўтди.

    — Очиғи, бир неча кундан бери “Автомобилсиз кун”да фаол фуқаролик позициямни намоён этиб, шахсий автомашинамни уйда қолдириб, ишга жамоат транспортида боришни мақсад қилгандим, — дейди Наргиза опа. — Аммо эрталабдан олий ўқув юртида тасил оладиган қизим банк ва бошқа бир қанча жойга кириши кераклиги, бунинг ортидан ўқишга улгурмай қолиши мумкинлигини айтиб, машинада олиб боришимни илтимос қилди. Шу боис, шахсий автомобилда юришимга тўғри келди. Аммо одатда тез-тез пиёда юриб тураман, тоза ҳавода сайр қилишни ёқтираман. Ижтимоий лойиҳага келсак, экологияни асрашимиз йўлидаги яхши ташаббуслардан бири, деб ҳисоблайман ва кейинги ойда унда фаол иштирок этишни ўйлаганман. Умуман, бу ташаббусни ўзимиз ҳам ихтиёрий тарзда тез-тез қўллаб туришимиз лозим.

    Илк бор ўтказилган лойиҳада давлат ташкилотлари раҳбар ва ходимларидан ташқари, ўнлаб юртдошларимиз ҳам иштирок этгани қувонарли. Кейинги тадбирларда уларнинг сони юзлаб, минглаб бўлиши ва “Автомобилсиз кун” жамоатчилик лойиҳаси бир кўтариладиган шов-шув бўлибгина қолмай, доимий олиб бориладиган муҳим тадбирга айланишига умид қиламиз. Зеро, унинг халқимиз орасида оммалашиши экологик маданиятни шакллантиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates