Жамоатчилик эшитувида Фарғона вилоятидаги ижро интизоми муҳокама қилинди

    Жорий йилнинг 2 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар ва ташриф баёнларидаги топшириқлар ижросини ўрганиш натижасига бағишланган навбатдаги жамоатчилик эшитувини ўтказди.

    Марказ эксперт-мутахассислари, ҳуқуқшунослар, Адлия вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этган жамоатчилик эшитувида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилган ўрганишлар натижаси танқидий таҳлил қилинди.

    Таъкидланганидек, вилоятнинг 12 та туман ва шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13 та фармони ва 33 та қарори, шунингдек 5 та баёнидаги Фарғона вилоятига оид топшириқ ва вазифаларнинг ижро ҳолати ўрганилди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш борасида эришилган натижалар билан бирга, ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларнинг ҳам мавжудлиги, мутасаддиларнинг эътиборсизлиги туфайли айрим топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилмагани, долзарб масалаларга тезкор ва самарали ечим топилмагани қайд этилди. Хусусан, ўрганиш жараёнларида вилоятда сув тежовчи технологиялар етарли даражада жорий этилмагани, хорижий кредит маблағларини ўзлаштириш даражаси пастлиги, рақамлаштириш ишлари қониқарсиз аҳволдалиги ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш етарлича назоратга олинмагани аниқланди.

    Шунингдек, “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида жойлаштирилган 2017-2021 йилларда Фарғона вилоятига тааллуқли бўлган 5 207 та топшириқнинг 3 643 таси (69%и) ўз муддатида бажарилган бўлса, 955 таси (18%и)нинг муддати ўтиб кетганидан сўнг ижро этилган. Бугунги кунда 1 575 та топшириқ бажарилиш жараёнида бўлса, 16 тасининг ижроси эса ўз вақтида таъминланмаган.

    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириқлари бўйича 7-сон мажлис баёнининг 3-бандида вилоятнинг Шодиёна маҳалласи мисолида Фарғона шаҳридаги барча маҳаллалар қиёфасини янгилаш, кўчаларини таъмирлаш, ҳудудини ободонлаштириш ва инфратузилмасини яхшилаш юзасидан зарур чораларни кўриш вазифаси юклатилган.

    Бироқ, бу топшириқ шаҳардаги мавжуд 72 та маҳалланинг 22 тасидагина бажарилган, холос.

    Мажлис баёнидаги Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фарғона вилояти ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан бирга бир ой муддатда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича “рақамли маҳалла” янги тизимини яратиш вазифаси ҳам тўлиқ ижросини топмаган, яъни идоралараро электрон ҳужжат алмашинув платформаси йўлга қўйиш ва уни интеграция қилиш масаласи ҳам ҳанузгача ҳал этилмаган.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ижроси доирасида қишлоқ хўжалиги ва ер муносабатлари соҳасида ҳам бир қатор сусткашликлар аниқланган. Жумладан, пилла режасини бажарган ишсиз, кам таъминланган оилаларга 12 миллион 622 минг сўм миқдордаги тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Томорқа ер эгаларига “On-line” тарзда етарлича кредитлар, сув тежовчи технологияларни жорий этган талабгорларга эса субсидиялар ажратилмаган, Аукционга чиқарилган ер участкалари қонунчиликка зид равишда чақириб олинган.

    Мисол учун, 2020 йилда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш тизимини такомиллаштириш йўналишида 2020 йил 1 апрелдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Фарғона ва Олтиариқ туманларида жисмоний ва юридик шахсларга ер участкаларини қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун шаффоф ва очиқ танлов ўтказиш орқали ажратиш механизмини жорий этиш белгиланган бўлса-да, мазкур механизм ҳанузгача ушбу туманларда жорий қилинмаган.

    Шу билан бирга, вилоятда соғлиқни сақлаш ва таълим тизими билан боғлиқ бир қатор топшириқлар ижроси ҳам ўз муддатида таъминланмаган. Хусусан, 2021 йил март ойига қадар вилоят умумтаълим мактаблари ўқувчилари давоматини назорат қилишнинг Ягона электрон аппарат дастурий комплекси вилоятдаги жами 948 та мактабнинг бор-йўғи 14 тасида (1,4 %) жорий этилган, холос. Худди шунингдек, вилоятдаги 284 та тиббиёт муассасасининг фақатгина 47 таси (16,5 %), шу жумладан, жами 19 та туман ва шаҳардан 8 таси “Электрон поликлиника” ягона тизимига улангани асосли эътирозларга сабаб бўлди.

    Жамоатчилик эшитувида мутасаддиларнинг йўл қўйилган камчиликлар юзасидан изоҳлари тингланди, журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга жавоблар олиниб, ижро интизомини таъминлаш юзасидан таклиф-тавсиялар берилди.

    Тадбир якунида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида белгилаб берилган топшириқларинг ўз вақтида бажарилиши бўйича бугунгидек жамоатчилик эшитувларини мунтазам ташкил этиб бориш жойларда ислоҳотларни сифатли амалга оширилишини назорат қилиш имконини бериши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди, дея хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates