Жамшид Ходжаев Вашингтонда бир қатор учрашувлар ўтказди

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Вашингтонга ташриф буюрди ва АҚШдаги ҳукумат расмийлари ҳамда етакчи Америка компаниялари вакиллари ҳамда раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.

    Хусусан АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу, АҚШ Савдо вазирининг ўринбосари Алан Эстевес, АҚШ Савдо вакили ўринбосари Сара Бянки, АҚШ Ўзбекистон Савдо палатаси (AOʼSP) раиси Керолин Лемм ва бошқа расмийлар билан музокаралар бўлиб ўтди.

    АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу билан учрашув давомида Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни олқишлаб, йирик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини эътироф этди.

    Суҳбат чоғида савдо ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати кўриб чиқилди. Бу йўналишларда томонлар муносабатларни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши жараёнининг тезлаштириш доирасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишдилар.

    АҚШ савдо вазири ўринбосари, Саноат ва хавфсизлик бюроси раҳбари Алан Эстевес билан суҳбат давомида, савдо оқимларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашинилди. Америка томони Ўзбекистоннинг ташқи савдо жараёнларининг самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Самарали ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ шаклантириш, Ўзбекистондаги вазирликлар, идоралар, тижорат банклари вакиллари малакасини ошириш учун тренинглар ташкил этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

    АҚШ Савдо вакили ўринбосари Сара Бянки билан мулоқотда Ўзбекистон сармоявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ҳамда савдо операцияларини янада осонлаштириш масалалари муҳокама этилди. Учрашувда Ўзбекистонда энергетика, машинасозлик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган АҚШ компанияларининг муваффақиятли фаолияти алоҳида таъкидланди.

    Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича навбатдаги амалий тадбирларни белгилаш мақсадида бир қатор қўшимча учрашув ва музокаралар ўтказишга келишиб олинди.

    Ташриф давомида Америка-Ўзбекистон Савдо палатаси (AOʼSP) аъзолари, Америка йирик бизнес раҳбарлари иштирокида “давра суҳбати” ташкил этилди.

    Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда инвестициявий муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жорий этилаётган имтиёз ва преференциялар, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек хусусийлаштириш жараёнларининг кенгайиши ва иқтисодиётдаги давлат улушининг қисқариши тўғрисида тақдимот ўтказилди.

    АҚШ йирик бизнес вакиллари мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг юқори самарадорлигини таъкидлаб, қўшма технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун икки мамлакатнинг йирик компаниялари ўртасида қатор соҳаларда тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигига эътибор қаратдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates