Хусусан, 30 ёшли бемор аёл Ж.Д. «Умумий ўт йўли кистаси»дан азият чекиб келган. Филиалда илк бор унда «Лапаротомия, Интероперацион холедохоскопия, холедохо-систо-дуодено анастомоз қўйиш» деб номланган операция амалга оширилди. Бунда олий тоифали жарроҳлар К.Элмуродов, Ш.Элмуродов, А.Иноқов, анестезиолог Ў.Шаминов алоҳида жонбозлик кўрсатишди.
Марказ бўлим бошлиғи Ф. Миржалилов ва филиал травматологлари томонидан чап сон суяги ёпиқ парчаланиб цинган 40 ёшли бемор аёл А.Н.да ёпиқ усулда БИОС қилиш операцияси амалга оширилди.
Қайд этиш зарурки, илгари суяклар цинган жойи устидан катта кесилиб очилган. Бунда кўплаб юмшоқ тўқималар ва қон томирни кесишга тўғри келади. Бу ўз навбатида суяк битишини секинлаштиради ёки битмаслигига олиб келади. Ёпиқ усулда қилинган операция туфайли эса жароҳатлар жуда тез битади. Бундан ташқари бу усул эстетик устунликка ҳам эга.
Навбатдаги ноёб замонавий юқори технологияли операция малакали эндоскопист жарроҳ Ш.Зувайтов томонидан амалга оширилди. 31 ёшли бемор Ў.Ч. га «Жигар чап бўлаги йиринглаган эхинококкозининг холедохга ёрилиши» ташхиси қўйилди.
Унда «ЭРПХГ+ЭПСТ холедохдан эхинококк хитин қобиғини ва кўплаб дегенератив ўзгарган эхинококк пуфакчаларини олиш, назогастробилиар дренажлаш» амалиёти бажарилди.
Айни пайтда беморларнинг аҳволи яхши. Филиалда юқоридагилар сингари мураккаб юқори технологияли операциялар сони ошаётгани қувонарлидир.









