Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Aдҳаном Гебрейесус омикрон штамми тарқалганидан сўнг COVID-19нинг янги варианти пайдо бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
“Ушбу пандемия ҳали тугамайди ва омикрон бутун дунё бўйлаб тарқалганидан кейин янги вариантлар пайдо бўлиши мумкин”, деди Гебрейесус.
ЖССТ раҳбари коронавируснинг янги штаммлари билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг алоҳида аҳамиятини қайд этди.
Гебрейесус, шунингдек, омикрон ўртача ҳисобда ундан олдинги штаммлар каби оғир бўлмаса-да, бу енгил касаллик деган тушунча нотўғри эканлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, омикрон касалхонага ётқизиш ва ўлим ҳолатигача олиб келади.
Коронавируснинг омикрон штамми ёки Б.1.1.529 ноябр ойида Боцвана ва Жанубий Aфрикада топилган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, у касал бўлган ва эмланганларга ҳам юқиши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, янги штамм аллақачон 110 мамлакатда аниқланган. У аввалги делта вариантидан кўра тезроқ тарқалади.