Кадастр тизимида “очиқ эшиклар сиёсати” амалда

    Ҳамкор давлатлар қаторига Сингапур, Грузия, Туркия, Озарбайжон, Шарқий Европа давлатлари ҳам қўшилиб бормоқда.

    Ҳозир ер масаласи анчайин долзарб. Юртимизда охирги йилларда ер ва мулк муносабатларини тартибга солишнинг янги механизми яратилгани одамларни қийнаб келаётган кўпгина муаммоларга ечим бўляпти. Давлатимиз кадастр тизимининг вазифалари тубдан янгиланди, десак ҳам бўлади. Бироқ бу йўналиш доимий ислоҳотларни талаб этади. Бу борада эса халқаро алоқалар, ривожланган хориж тажрибаси ҳам муҳим ўрин тутади.

    Сабаби, биз ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, уларни бозор активига айлантириш ва бу орқали иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш йўлида янги босқични босиб ўтмоқдамиз. Мазкур жараён давлат ва халқ манфаатларида мувозанатни ушлаб берадиган ечимга келиш учун ҳам хорижий ҳамкорлар билан “очиқ эшиклар сиёсати”га амал қилиш, ўзаро ютуқ ва камчиликлар муҳокамасидан чўчимаслик ва, энг муҳими, изчил ўрганишликни талаб қилади. Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги инвестициявий жозибадорликни таъминловчи энг муҳим факторлардан бири эканлигини ҳам унутмаслик лозим.

    Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Кадастр агентлигига кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси юклатилган эди. Ўтган давр мобайнида ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, хорижий тажрибани ўрганиш, амалга оширилаётган ислоҳотларда чет эл экспертлари хулосаларини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

    Масалан, 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда Кадастр агентлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирокида ердан фойдаланиш режими, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер баҳосини аниқлаш усуллари, шаҳар ҳудудларида ер баҳосини аниқлашни оптимизация қилиш каби мавзуларда виртуал давра сухбатлари ўтказилди. Ноябрь ойида эса Жаҳон банкининг Ер ва геофазовий аспектлар бўйича юқори даражадаги Миссия вакиллари ташрифи бўлиб ўтди. Халқаро молиявий институт вакиллари яратган платформа доирасида Ер ислоҳотларини ривожлантириш бўйича идоралараро конференция ҳамда Ўзбекистон ва Грузияда ер ислоҳотларини амалга ошириш тажрибасини таққослаш орқали минтақавий билим–тажриба алмашинуви амалга оширилди.

    2022 йилнинг 15-16 март кунлари ер ахборот тизимларини ривожлантиришга урғу бериш, геофазовий ва статистик маълумотлардан интеграцион ҳолда фойдаланиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг институционал салоҳиятини ошириш ҳамда идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Кадастр агентлиги мезбонлигида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси билан ҳамкорликда Марказий Осиёда Ер маълумотлари учун геофазовий ва статистик маълумотлардан комплекс фойдаланиш бўйича юқори даражадаги йиғилиш ташкиллаштирилди.

    Пандемия шароитига қарамасдан, Марказий Осиё давлатларинининг ердан самарали фойдаланишини бошқариш учун геофазовий ва статистик маълумотлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ ESCAP томонидан виртуал тренинглар ва икки томонлама учрашувлар ўтказилди. Унда Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан жами 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Виртуал ва юзма-юз учрашув форматида бўлиб ўтган тадбирлар ер муносабатлари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш, рақамлаштириш соҳасида жаҳон ҳамжамиятида, ҳамкор давлатларда амалга оширилаётган инновацион ечимлар ва ютуқлар — ислоҳотларни ҳар бир қадамни чуқур ўйлаб, давлат ва жамият ўртасида ўзаро ишончни устувор қўйган ҳолда амалга оширишга туртки бўлмоқда.

    Ортга назар ташалаганда, Кадастр агентлиги томонидан ер маъмуриятчилиги ва кадастр соҳасида ҳамкорлик географиясини кенгайтириш фаоллашиб бораётганини кўрамиз. 2017 йилдан то бугунга қадар Корея, Белорус, Россия, Хитой, Тожикистон каби бир неча давлатлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган бўлса, бугунги кунда улар қаторига Сингапур, Грузия, Туркия, Озарбайжон, Шарқий Европа давлатлари ҳам қўшилиб бормоқда.

    Жорий йил май ойида Жаҳон банкининг ер ислоҳотлари бўйича консультанти — Давид Егиашвили билан Агентлик ходимлари ўртасида “Грузияда олиб борилган кадастр тизимлари ислоҳоти ва ер муносабатлари”га бағишланган эркин давра суҳбати бўлиб ўтди. Айтиш жоизки, тадбирларни ташкиллаштиришда сондан кўра сифатни устун қўйиш самарали натижаларга олиб келади. Грузиялик экспертнинг 1990 йилларда ер бозори, рўйхатга олиш сиёсатини ишлаб чиқишда фаол иштирок этгани, Грузия Давлат реестри миллий агентлигига раҳбар бўлгани, унинг бошқарув даврида амалга оширган ислоҳотлари Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан ўтказилган “Бизнесни юритиш — 2006” рейтингида энг яхши ислоҳотлар деб топилгани тажриба алмашинув жараёнида кўп функцияли мулоқот қилишимизда қўл келди.

    Туркий давлатлар билан ҳамкорлик ҳақида сўз юритар эканмиз, Озарбайжон билан ер муносабатлари, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат кадастрларини юритиш соҳасида тажриба алмашиш, шунингдек, бу борада электрон хизматлар кўрсатиш истиқболларини ўрганиш юзасидан ҳамкорлик ўрнатиш таклифи берилди ва мазкур таклиф Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 11-йиғилиш баённомасида ўз аксини топди.

    Туркия Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳyкуматлараро комиссиянинг ҳаракатлар режасига мувофиқ, ер ва кўчмас мулк кадастр қайдлари, харитачилик тизимининг замонавийлашиши борасида Кадастр агентлиги ва Туркиянинг Атроф-муҳит, шаҳарсозлик ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ерни рўйхатга олиш ва кадастр бош директорати ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, ҳозирда идоралараро йиллик ҳамкорлик режаси ишлаб чиқилмоқда.

    Яқин вақтларда Агентлик ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер қонунчилигининг бузилиши ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш, кадастр соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш ва такомиллаштириш, хусусийлаштириш борасида Шарқий ва Ғарбий Европа давлатлари билан алоқа ўрнатиш арафасида турибди. Мазкур давлатлар билан тажриба алмашиш ер қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш усулларини ўрганиш, шу жумладан, ер участкаларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, ердан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини тезкорлик билан аниқлаш борасида ишлаб чиқилаётган қонунчилик ҳужжатларига ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмайди.

    Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр тизимларини модернизациялаш йўналишида ҳам хорижий экспертлар жалб қилинган. Кадастр агентлиги томонидан Жаҳон банки иштирокидаги “Кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва кадастр тизимларини модернизациялаш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Кадастр тизимларини модернизациялашда мазкур лойиҳанинг ўрни беқиёс.

    Лойиҳа доирасида режалаштирилган “Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялаштирилган ахборот тизими” Корея Республикасининг “LG-LX” консорциуми томонидан ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ер муносабатларини тартибга солиш, таҳлил қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича Грузиянинг “GLCC Solutions LLC” ва Германиянинг “GCI — Dr. Schindler Geo Consultant International GMBH & CO. KG” компанияларидан ташкил топган халқаро маслаҳатчи Консорциум, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш йўналишида Эстониядан халқаро индивидуал маслаҳатчи жалб қилинган.

    Тан олиш жоиз, ер муносабатлари ва кўчмас мулк соҳаси мураккаблик ва зиддиятларга тўла йўналиш ҳисобланади. Шу боис, ҳукумат ва тегишли ташкилотлар олдида 35 миллиондан ортиқ инсон тақдири билан узвий боғлиқ ер ва кўчмас мулк муносабатларини ислоҳ қилишда ҳар қачонгидан кўра масъулиятли вазифа тургани исбот талаб қилмас ҳақиқат.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча вазирлик ва идораларда тўрт нарсага кучли урғу берилаётганини кузатишимиз мумкин. Жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган давлат хизматларини ахборотлаштириш, соҳани рақамлаштириш, очиқлик сиёсатини юритиш, давлат ташкилоти ўзи эгаллаб турган баъзи функцияларни хусусий секторга ўтказиши шулар жумласидан.

    Ўз навбатида, бизда ҳам кун тартибига киритадиган мавзуларимиз юқоридаги йўналишлардан келиб чиқиб белгиланади. Яъни геоахборот тизимлари, фазовий маълумотлар инфраструктураси, давлат хизматларини такомиллаштириш, иш фаолиятини инсон омили аралашувисиз амалга ошириш бўйича янги технология ва ечимлар излаш ва ўрганиш устида доимий изланишлар олиб борилади.

    Умуман, ер ва мулк муносабатлари бевосита инсон манфаатлари билан боғлиқ экан, уни мунтазам такомиллаштириб бориш, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш муҳим саналади. Халқаро ҳамкорлик алоқалари эса бу борада замонавий ечимларни қўллаш, жаҳон андозалари асосида тизимни такомиллаштиришга хизмат қилади.

    Зилола АБДУҒОФУРОВА,

    Кадастр агентлиги Халқаро алоқалар ва рейтинглар

    бўлими бошлиғи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates