Кадрлар салоҳиятли бўлиши керак

    Олдимизга қўйилган асосий вазифа – мана шу

    Бугун чет тилларни билиш ҳаётий заруратга айланди. Қандай бўлмасин, келгусида умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларини битираётган ўқувчилар камида битта хорижий тилни ўрганиб кетиши керак. Бу эса малакали хорижий тил ўқитувчиларига эҳтиёжни оширади. Айни мақсад йўлида фаолият бошлаган Андижон давлат чет тиллар институти икки ёшга тўлди.

    Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, биз ҳам, аввало, халқаро ва минтақавий рейтингларга кириш, келгусида ТОП даражага етиш, жаҳон меҳнат бозорида беллаша оладиган кадрлар тайёрлаш борасида соф рақобатга киришдик. Институтда инглиз, француз, немис ва рус тилларидан ташқари хитой, корейс, араб ва япон тиллари бўйича ҳам кадрлар тайёрлашни йўлга қўйдик.

    2023/2024 ўқув йилида 5 та магистратура, 16 та бакалавриат таълим йўналиши бўйича талабалар қабул қилдик. Тўлиқ кредит-модул тизими асосида таълим беряпмиз. Ўқув жараёни ҳам тўла рақамлаштирилиб, HEMIS платформаси жорий этилди. Барча ўқув дастурларимиз АҚШ, Буюк Британия, Туркия ва Россиядаги ҳамкор олийгоҳлар билан биргаликда жаҳон таълим стандартлари ҳамда кадрлар буюртмачилари талаблари асосида бутунлай янгидан тузилди.

    Ўтган давр мобайнида 72 нафар профессор-ўқитувчи етакчи хорижий олий таълим муассасаларига малака ошириш ва стажировкага юборилди. Хорижий ҳамкорлар профессор-ўқитувчиларининг маҳорат дарслари таълим сифатини оширишда катта ёрдам бермоқда. Шунингдек, уларнинг ўқув-услубий ҳамда илмий фаолиятини рағбатлантириш тизими сабабли таълим сифати кескин ўсди. Масалан, жорий ўқув йилида профессор-ўқитувчиларимизнинг барчаси С1 даражадаги миллий ва халқаро тил билиш сертификатларига эга бўлди.

    Самарадорликнинг муҳим омили

    Бугун олий таълим муассасаларида нуфузли хориж олийгоҳлари билан ҳамкорликка катта эътибор қаратиляпти. Бу, айниқса, чет тиллар олийгоҳлари ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ҳозиргача Сингапурнинг Амити халқаро университети, Буюк Британиянинг Кембриж ҳамда Портсмут университетлари, АҚШнинг Оҳайо университети, Буюк Британиянинг Норвич институти, Жанубий Кореянинг Чежу Ҳалла ҳамда Кинг Сежонг университетлари, Москва давлат университети, Ўш давлат университети, Туркиянинг Канфас, Ғози ва Ҳожи Байрам университетлари ҳамда Ҳиндистоннинг Миллий туризм ва меҳмондўстлик менежменти институтлари билан ўқув соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ўрнатдик. Шунингдек, ETC халқаро ташкилоти, Буюк Британия ҳамда АҚШ консулликлари, АҚШ элчихонаси, Франция, Германия элчихоналари ҳам ҳамкорларимизга айланди.

    Келгуси ўқув йилидан Амити, Чежу Ҳалла, Ғози университетлари билан амалий инглиз тили, туризм ва меҳмондўстлик таълим йўналишларида қўшма таълим дастури жорий этилади. Чежу Ҳалла университетига 14, Амити университетига 10 талаба академик алмашинув дастури асосида ўқишга юборилади. Бундан ташқари, “Ёзги мактаб” дастури доирасида 100 нафар хорижлик талабани жалб қилиш режалаштирилган.

    Битирувчимиз “Дунёнинг ишлари” қиссасини инглиз тилига ўгирди

    Яқинда Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаси инглиз тилига таржима қилиниб, “Амазон”да сотувга қўйилди, Нью-Йорк метросида мазкур китобнинг реклама суратлари тарқалди. Китобнинг биринчи таржимони Абдулло Рўзиев бизнинг битирувчимиз. Бу каби талабаларимизнинг ўз устида ишлаши ва улкан ютуқларга эришишида институт ахборот-ресурс маркази муҳим ўрин тутади. Шу боис, институт кутубхонасини бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, тил таълими берувчи нуфузли илмий марказлар ва таълим муассасалари нашриётлари томонидан чоп этилган 18 номдаги 284 та хориж дарслиги сотиб олиниб, институт кутубхонасига топширилди. Кутубхонанинг электрон ўқув залида АҚШнинг Оҳайо ҳамда Буюк Британиянинг Норвич университети кутубхонасидан очиқ фойдаланиш имконияти яратилди. Энди талабалар бемалол ушбу нуфузли университетлар кутубхоналаридан онлайн шаклда фойдаланиши мумкин.

    Яхши лойиҳаларни молиялаштиришга тайёрмиз

    Замонавий олий таълимда ҳар бир талабага индивидул ёндашув тақозо этилади. Кимлардир алоҳида иқтидорини кўрсатгиси келади. Талаба-ёшларни қизиқишларига қараб касб-ҳунарга ўргатиш, қўшимча даромад олишини йўлга қўйиш мақсадида институт талабалар шаҳарчасида пазандалик, тикувчилик, мебелсозлик учун шароитлар яратилган. Пазанда қизларимиз тайёрлаётган турли пишириқлар, салатлар институт ҳудудидаги овқатланиш шохобчаларига тарқатилади. Тикувчи қизлар ҳам алоҳида жиҳозланган хонада, ўзлари ва тенгдошлари эҳтиёжи учун кийимлар тикади.

    Институтнинг 1120 ўринли талабалар турар жойи мавжуд. Улар ҳолидан доимий хабардор бўлиш, яшаш шароити билан яқиндан танишиш мақсадида “Талаба билан бир кун” лойиҳаси биринчи бўлиб институтимизда йўлга қўйилган. Лойиҳага кўра, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар талабалар турар жойига бориб, улар билан бирдек ётоқхонада бўлади ҳамда турли тўгаракларда, кўнгилочар тадбирларда иштирок этади, ётоқхонада тунайди. Бу ташаббус тизимдаги бошқа олийгоҳларда ҳам оммалашганидан хурсандмиз. Лойиҳа институт раҳбарияти ва талабалар ўртасида соғлом ижтимоий муҳитни юзага келтириш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этишда катта самара бермоқда.

    “Беш муҳим ташаббус” марказида 13 нафар иқтидорли, фаол талаба жамоатчилик асосида фаолият юритмоқда. Марказда 18 та ижодий тўгарак, 7 та клуб ҳам мавжуд. Ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилиб, уларга 2 000 дан ортиқ талаба қамраб олинди.

    “Заковат” клубидан ташқари “LinguaQuiz” лойиҳасида раҳбар ва ишчи ходимларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз, талаба-ёшлардан иборат жамоалар ҳафтанинг сешанба кунлари ўзаро беллашиб туради.

    Хонобод шаҳридаги 3,5 гектарли туризм ўқув-лабораториямизда талабалар учун қишки ва ёзги ўқув оромгоҳлари ташкил қилинган. Ўтган ёзда 100 нафар талаба-ёш у ерда ўз билимларини оширган бўлса, бу йил улар сонини 200 га етказиш кўзда тутилган. Зеро, бу ерда ёшлар соҳасининг етук мутахассислари семинар-тренингларида иштирок этиб, ўз лойиҳаларини яратиб қайтади. Энг яхши, деб топилган лойиҳалар институт томонидан молиялаштирилади. Жумладан, ўтган мавсумда Иззатилло Паҳлавонбеков томонидан илгари сурилган “BookQuiz” лойиҳаси маъқул топилиб, молиялаштирилди.

    Илмий салоҳият — бирламчи муваффақият

    Институт бугун нафақат таълим маскани, балки илмий тадқиқотлар гуркираб ривожланаётган фан марказига ҳам айланди. Ўтган йили таянч докторантура ва докторантура учун ўринлар ажратилган бўлиб, ҳозир 51 докторант, стажёр-тадқиқотчи ва мустақил изланувчилар тадқиқот иши билан шуғулланяпти. Бу олийгоҳимиз илмий салоҳиятини оширишга хизмат қиляпти. Илмий салоҳиятимиз бугунга келиб 40,7 фоизга етди. Йил охиригача бу кўрсаткични 45 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.

    2022-2024 йиллар мобайнида 36 та, хусусан, халқаро рейтинг агентликларининг ТОП-1000 талик рўйхатига киритилган университетда битта диссертация ҳимояси ўтказилди, хориждан илмий даражага эга 8 педагог таклиф қилинди. Институт профессор-ўқитувчиларидан 3 нафари Жанубий Корея, 1 нафари АҚШ, 3 нафари Россиянинг нуфузли хорижий олий ва илмий таълим муассасалари фахрий профессори ва академия мухбир аъзолигига сайлангани олимларимиз халқаро миқёсда ҳам тан олинаётганидан далолат.

    2 та илмий лаборатория, 5 та тадқиқот маркази, 14 та илмий тўгарак, 1 та таҳририят ташкил этилиб, бугунги кунда уларга 745 иқтидорли талаба, 50 тадқиқотчи ва 150 профессор-ўқитувчи жалб этилди. Етакчи устозлар, олимларимиз томонидан 21 та дарслик, 79 та ўқув қўлланма, 10 та услубий қўлланма ва 11 луғат чоп этилди.

    Иқтидорли талаба-ёшларни саралаш, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга йўналтириш ҳамда илмий-ижодий ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика ОТМлари орасида биринчи бўлиб “Республика Ёшлар академияси форуми”нинг кузги ҳамда баҳорги босқичларини ташкил этдик. Бу орқали 600 дан ортиқ иқтидор эгаси, жумладан 120 дан ортиқ хорижий талабани бирлаштиришга ҳамда 100 дан ортиқ “Стартап” ва акселератор ғоя ишлаб чиқишга эришилди. Келгусида форумни анъанавий дастурга айлантириб, иштирокчилари сонини 1000 нафарга етказамиз.

    Бу каби тадбирлар қисқа вақт ичида мева бера бошлади. Илмий фаолияти самарадорлиги натижасида бугунги кунгача 18 талаба нуфузли танловларда ғолибликка эришди. Улар Президент стипендияси, Ислом Каримов ва Навоий номидаги давлат стипендиялари совриндорлари, 1 нафари “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичи ғолиби, 10 нафари вазирлик ҳузуридаги “Ёшлар академияси” бош ассамблеяси аъзолигига қабул қилинди. Битирувчиларимизнинг 62 фоизи юқори даражадаги миллий ва халқаро тил билиш сертификатларини қўлга киритгани ҳам меҳнатларимиз бесамар эмаслигини кўрсатяпти.

    Умуман олганда, бир оиладек аҳил жамоамиз билан институтни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур ва истиқболли режаларимизни амалга оширишга астойдил ҳаракат қиляпмиз. Институтимизни икки йилда мева бера бошлаган дарахтга қиёслаганларини эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Шундай экан, ягона мақсадимиз — рақобатбардош, етук кадрлар тайёрлаб, билдирилган ишончни оқлаш.

    Дилшод РУСТАМОВ,

    филология фанлари доктори, профессор


    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates