Кам харажат ва катта фойда: қоракўлчиликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам

    2021 йил 1 апрелдан бошлаб “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этилади.

    Қоракўлчилик соҳаси агросаноат секторининг истиқболли тармоқларидан бири ҳисобланиб, кам харажат эвазига юқори даромад олиш борасида катта имкониятлар тақдим этади. Мутахассислар фикрича, бу соҳа иқтисодиётдаги энг тежамкор ва самарали, экологик жиҳатдан ҳам безарар тармоқдир. Қолаверса, у мустаҳкам валюта ва бандликнинг энг ишончли манбаларидан бири. Айнан шу боис сўнгги йилларда қоракўлчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун зарур шароитлар яратилишига йўл очади.

    Қарорга мувофиқ, қоракўлчиликда тадбиркорлик ривожи учун имтиёзлар берилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун ер майдонлари ажратилишини таъминлаши белгиланди. Бу жуда муҳим, чунки озуқа базасини мустаҳкамлаш – тармоқ ривожини таъминлашнинг асосий шарти. Бунинг учун озуқабоп экинларни етиштириш мақсадида суғориладиган ерлардан фойдаланилади. Бироқ унумдор ва доимий фойдаланишдаги ерлар танқис, уларнинг юқоридаги мақсад учун кластерларга берилиши кўп жиҳатдан аграр тармоқ фаолиятига путур етказган бўлар эди. Шу боис, қарорда айнан фойдаланилмаётган суғориладиган ерлар ҳақида сўз юритилган. Уларнинг фойдаланишга киритиш шарти билан кластерларга ажратилиши, аввало, ана шу майдонларнинг сув таъминоти яхшиланишига, қолаверса, мавжуд ресурслардан имкон қадар оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

    Қоракўлчиликка ихтисослашган хўжалик юритувчи субъектларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш қарорда урғу берилган яна бир муҳим жиҳатдир. Хусусан, 2021 йил 15 февралга қадар Молия вазирлигининг вақтинча бўш турган маблағлари ҳисобидан 100 миллиард сўм маблағ “Туронбанк” АТБга Марказий банк асосий ставкасида ажратилиши белгиланди. Банк эса, ўз навбатида, ушбу маблағни Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасига 2 фоиз банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланадиган ставка бўйича кредит сифатида тақдим этади.

    Шу ўринда савол туғилади. Агар Марказий банк асосий ставкаси 14 фоиз бўлса, унга 2 фоизлик банк маржаси қўйилса, йиллик 16 фоиз ҳисобидан кредит олиш тадбиркорга оғирлик қилмайдими? Қарорда бу масаланинг ҳам ечими назарда тутилган. Жумладан, унга кўра, мазкур кредитлар бўйича Президентимизнинг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган тартиб асосида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация ажратилади. Яъни компенсация миқдори тижорат банклари томонидан ўрнатилган фоиз ставкасининг 50 фоизи, бироқ 10 фоизлик пунктидан кўп бўлмаган миқдорни ташкил этади. Бу эса тадбиркорлар учун жуда катта енгилликки, ундан фойдаланиб фаолият кўламини сезиларли даражада кенгайтириш, кредитни қисқа муддатда қайтариш ва максимал даражада фойда олиш мумкин. Олинган кредитни кластерлар наслчилик қоракўлчилик хўжаликларидан қўйлар харид қилиш, қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча терини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш каби мақсадларга йўналтиради. Шунингдек, бу маблағлар қоракўлчилик субъектлари томонидан озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этилиши ҳамда қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари, ресурс тежовчи ускуналар ва замонавий технологиялар харид қилинишини молиялаштириш, сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилишга ҳам сарфланиши мумкин.

    Қоракўлчиликка ихтисослашган кластерлар учун қарорда яна бир қатор қулайликлар тақдим этилган. Жумладан, 2024 йил 1 январга қадар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигидаги яйловлар ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан мазкур қўмитага ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 50 фоиз камайтирилади. Яъни қоракўлчилик кластерлари ўзларига ажратилган яйловлар учун белгиланган ер солиғининг фақат ярмини тўлайди, холос. Уч йил мобайнида тежаб қолинган миллионлаб сўм маблағ эса янги зотли қўйларни келтириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчиликни ривожлантириш каби йўналишларга сарфланиши мумкин. Бу эса яна қўшимча даромад, амалга оширилган янги лойиҳалар демакдир.

    Бундан ташқари, қарорга кўра, наслдор қўй ва эчкининг, шу жумладан, қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилади. Шуниси эътиборлики, қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар кенг қўлланилаётган бугунги кунда қоракўлчиликда хориждан наслли қўйларни олиб келишда ҳам илм-фан тақдим этган янги имкониятлардан фойдаланиш йўлга қўйилган. Жумладан, катта ёшдаги тирик қўй ёки қўчқорни олиб келгандан кўра, катта ҳажмда зотдор эмбрион олиб кириш самаралироқ бўлади. Бироқ бу ишда ҳам транспорт харажатлари ва бошқа чиқимлар кам эмас. Қарор билан тақдим этилаётган бу имконият эса шу харажатларнинг ўрнини қоплашга хизмат қилади.

    Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида экспорт қилишга рухсат этилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, эндиликда импорт қилинган бир бош қўйнинг гўштидан ўртача 66 доллар, тирик қўйдан 25 долларгача қўшимча даромад олиш мумкин. Мисол учун, 10 бош қўйни (155 доллардан) импорт қилиб, улардан 5 тасининг гўшти (6,6 доллардан) экспорт қилинса, 512 доллар қўшимча даромад эвазига республикада қоладиган импорт қилинган қўйларнинг нархи 155 доллардан 100 долларгача тушишига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, гўшт маҳсулотининг ички бозордаги нархларини барқарор даражада ушлаб туришга хизмат қилади. Қолаверса, майда шохли молларнинг ички органлари ҳам жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади. Истеъмолдан ташқари улардан тиббиёт ва бошқа соҳалар учун маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланилади. Хитой, Эрон, Покистон ва бошқа мамлакатлар биздан бу хомашёни катта ҳажмда сотиб олишга тайёр экани прогноз қилинмоқда.

    Қоракўлчилик соҳасида фаолият юритаётган кластерлар учун яна бир муҳим жиҳат шуки, эндиликда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси буюртмасига асосан яйловларда ер ости сув манбаларини аниқлаш ва хулоса бериш бепул амалга оширилишини таъминлайди. Гарчи қоракўл зотли қўйлар дашт ва чўл яйловларида 2-3 кунлаб сувсиз юра олса-да, уларни етарлича суғориш чорва саломатлигини ва ҳаётий фаоллигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Бироқ яйловда қудуқ қазиш учун, аввало, ер остида сув бор-йўқлигини аниқ билиш зарур, буни эса соҳа мутахассислари кўмагисиз амалга ошириб бўлмайди. Қудуқ қазишнинг ўзига анчагина харажат кетишини ҳисобга олсак, қарорда белгиланган чора-тадбирлар соҳа ривожи учун нақадар муҳим экани аён бўлади.

    Қоракўлчилик соҳасидаги илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш – қарорда урғу берилган яна бир аҳамиятли масала. Шу мақсадда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти тузилмасида Марказлашган илмий-наслчилик тажриба лабораториясини ташкил этиш белгиланган. Унинг асосий вазифалари қаторида соҳада маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида табиий серпуштликка, юқори ҳаётчанлик ва мослашиш хусусиятига эга бўлган қўш маҳсулдор янги қўй зотларини яратишнинг лаборатор тажрибаларини ўтказиш белгиланди. Шунингдек, янги тузилма наслдор қоракўл қўйларнинг сифат кўрсаткичлари (вазни, саноатбоп жун, қоракўл териси сатҳи ва гул типи)ни яхшилаш бўйича тажрибалар ўтказади ва тавсиялар ишлаб чиқади. Бундан ташқари, лаборатория томонидан илмий-наслчилик тажриба станцияларида юқори наслдор элита синфига мансуб наслли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш ва сунъий уруғлантириш ишлари тизимли йўлга қўйилади.

    Кўриб турибмизки, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантиришга доир барча жиҳатлар атрофлича ҳисобга олинган. Унинг муваффақиятли ижроси эса нафақат ушбу соҳа, балки бутун агросаноат секторининг натижадорлигига ижобий таъсир этади.

    Баҳром ШАРИПОВ,

    Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates