Тарихий жасорат
Камбағалликни қисқартириш... Бу жумла сўнгги тўрт йилда Президент Шавкат Мирзиёев энг кўп таъкидлаётган сўзлар сирасига киради. Йиллар давомида ёпиқ мавзу бўлиб келган, “кам таъминланган”, “эҳтиёжманд” каби жумлалар билан ўзига хос тарзда ифодаланган камбағаллик даражаси 2020 йилда илк маротаба эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатда камбағал одамлар қатлами борлигини очиқ-ойдин гапириши, аввало, тарихий жасорат эди. Чунки Президент бу билан бир вақтнинг ўзида муаммони бартараф этиш бўйича катта масъулиятни зиммасига олди. Маълумотларга кўра, ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмасди...
Президентимиз раислигида 2020 йил 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида “...Бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўляпти, деган савол ҳар куни қийнайди...”, деган эди.
Тўғри, ҳар ким бу дунёда бахтли-саодатли яшашни хоҳлайди. Фаровон ҳаёт кечирсам, турмушимда кам-кўстим бўлмаса, деб орзу қилади, интилади. Бу табиий жараён. Аммо инсон оддий минимал яшаш шароитисиз бахт тугул, хотиржамликка ҳам эриша олмайди. “Қандай қилиб бўлмасин, қорнимни тўйғазсам, эгнимни бутласам, бетоб онам, бемор отам, хаста боламга қандай қилиб дори олсам”, деган ўй-ташвишлар гирдобида турмуш кечирадиганларни ҳаётдан рози инсонлар, деб бўладими?
Ана шу оғриқли масаланинг газак олиши бир неча омилларга боғлиқ. Улар орасида энг асосийси — муаммонинг яшириб келингани. Оқибатда камбағаллик исканжаси ҳақиқатда камайиб қолмади ва остонамиздан бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Шукрки, халқ билан мулоқотнинг самарали тизими ҳақиқий аҳволни кўзгудагидек намоён этди. Одамларнинг аслида қандай ҳаёт кечираётгани, уларнинг энг оғриқли нуқталари ошкор бўлди.
Аслида, камбағаллик илдизи чуқур муаммо. Тўғри ёндашмай, унинг сабабларига етиб бормай, оилаларни қўллаб, рағбатлантирмай натижага эришиб бўлмайди. Кейинги йилларда юртимизда бу масалага ёндашув тубдан ўзгаргани, янги тизим яратилгани ва у доимий такомиллашиб бораётгани реал рақамларда кўриниб турибди. Тарихан қисқа – атиги тўрт йил ичида 3,5 миллиондан зиёд ватандошимизнинг турмуш шароити яхшиланди. Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушди.
Жаҳон банки шу йил май ойида эълон қилган “Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш йўли: халқаро таққослаш дастури хулосалари” ҳисоботида Ўзбекистон бу соҳада энг юқори натижага эришган мамлакатлардан бири экани қайд этилгани ҳам бежиз эмас.
Келинг, аниқ рақам ва далилларга диққат қаратайлик. Биламизки, камбағал қатламнинг катта қисми қишлоқ жойларда яшайди. Жаҳон банки экспертлари ўрганишлар асносида мамлакатимизда 2021-2023 йилларда қишлоқ жойларида 1,2 миллион аҳоли (шаҳарларда 400 минг киши) камбағалликдан чиқарилганини қайд этди. 2020 йилдан буён 3 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оладиган ишчилар икки баробар, 5 миллиондан 7 миллион сўмгача олувчилар уч баробар ошди. Камбағаллик даражаси йилига ўртача 3 фоизга камайиб боряпти.
Камбағаллик мезони нима?
2021 йилгача Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳисоблаб чиқилмаган. Бу чегара бутун дунёда ҳар хил ўлчанади. Қаердадир нисбий, қаердадир абсолют кўрсаткичлар. Ўзбекистонда биринчи марта аҳолини истеъмолдаги хусусиятлари борасида сўровномалар, тадқиқотлар ўтказилди.
Яхши калорияли овқат ейиш, тиббий хизмат олиш ва бошқа хизматларга эҳтиёжлар ҳисобланиб, “минимал истеъмол харажатлари” деган тушунча ишлаб чиқилди. Бу жараёнда халқаро меъёрлар асосида чуқур ва ҳар томонлама комплекс изланишлар олиб борилди, “камбағаллик” тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубларини қамраб олган янги методология яратилди. Унга кўра, мамлакат тарихида илк маротаба камбағаллик чегараси – минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланди.
Ўзбекистондаги минимал истеъмол харажатлари миқдори 2021 йилда 440 минг сўм, 2022 йил январидан бошлаб 498 минг сўм этиб белгиланганди. Кейинчалик бу миқдор 2023 йил июль ойида 568 минг сўмга, 2024 йилнинг январида 621 минг сўм, май ойидан 648 минг сўмгача оширилди.
Бу миқдор оилаларнинг соғлом ҳаёт кечириши учун зарур маҳсулот ҳамда хизматлар учун минимал харажатларнинг ҳисобланган қиймати саналади. Ундан камбағаллик мезони ёки чегараси сифатида фойдаланилади. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали оилани кам таъминланган деб эътироф этиш жараёнида қўлланадиган ва жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатларига тенглаштирилади.
Хитой камбағалликни қандай қисқартирганди?
2000 йилларда Хитойда аҳолининг ярмидан кўпи камбағал бўлган. Яъни одамларнинг топган пули фақат озиқ-овқатига етган. Орадан йигирма йил ўтиб, аниқроғи, 2021 йилда Хитой дунё мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилди.
Хўш, кандай қилиб тарихан қисқа фурсат ичида бундай мўъжиза юз берди? Олимларнинг таъкидлашича, Хитойда, биринчи навбатда, хусусий секторга, яъни тадбиркорларга устуворлик берилган. Давлат компаниялари сони кескин камайтирилиб, хусусийлаштирилган. Натижада аҳолининг бандлиги ҳамда давлатнинг барқарор иқтисодий ўсиши таъминланган.
Иккинчидан, Хитойнинг шарқий қисми денгиз ҳудуди бўлиб, марказий ва ғарбий қисми чўлдан иборат. Иқтисодий ўсиш шуни кўрсатдики, ривожланган ҳудудларда яшовчи аҳоли кўпроқ даромад кўраверган, чекка жойлардаги аҳоли камбағал бўлиб қолаверган. Хитой ҳукумати тўғри ижтимоий адолатли қарор қабул қилган: бойиб кетаётган ҳудудлардан олинган солиқлар давлат субсидияси воситасида камбағал ҳудудларга берилган. Бу жамиятдаги адолатсизлик, яъни тенгсизликни йўқотишга хизмат қилган. Тасаввур қилинг, Ўзбекистонда айрим вилоятлар бойиб кетаверса-да, айрим ҳудудлар аҳоли кўп бўлса ҳам камбағаллашиб бораверса, бу, албатта, давлатнинг мақсадларига мос келмайди.
Учинчи омил, узоқ ва чекка қишлоқларда яшаётган аҳоли замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдалана олиши таъминланган. Тасаввур қилинг, Хитойдаги 63 ёшли фермер ўз томорқасида қулупнай ўстиради. Ва мавсуми келганда қишлоқларда яратилган пунктларда ўз маҳсулотини сотиш учун интернетга қўя олади. Яъни у бозорга бориб қийналмасдан, воситачиларга овора бўлмасдан ўз маҳсулотини тўғридан тўғри сотиб даромад кўради.
Хитойда иккита асос ва учта кафолат (“2+3”) тизими асосида одамларга муносиб турмуш тарзи яратилиб, қашшоқликдан чиқарилди. Яъни қишлоқ камбағаллари озиқ-овқат ва кийим-кечак ташвишидан қутилди, мажбурий таълим, асосий тиббий ёрдам ва хавфсиз уй-жойдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Булар Чин юртида қашшоқликни камайтиришнинг муҳим талаблари ва асосий кўрсаткичларидир. Шунинг учун бу мамлакатда 5 та кафолатга эга бўлган шахс нафақат ўзи, балки авлодини ҳам камбағалликдан чиқариши учун асос шакллантирган.
Бу тажрибани Ўзбекистон миқёсида қўллаш бўйича тизимли ишлар, меъёрий ҳужжатлар, йўл хариталари, стратегиялар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда бугунги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, камбағал қатламга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратилмоқда. Камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириш орқали муҳтожларга кўмаклашиш тизими яратилди, томорқачиликни ривожлантиришга эътибор кучайтирилди.
Ишбилармонлик жадал қўллаб-қувватланди
“Ҳамма бало бекорчиликдан келиб чиқади”, дейди халқимиз. Бу – иллатларнинг урчишига ишора. Худди шундай, камбағалликни ҳам келтириб чиқарувчи омиллар бор. Шулардан энг биринчиси – ишсизлик ва боқимандалик!
“Камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули – аҳоли бандлиги даражасини ошириш”, деб ҳисоблайди олимлар. Одамлар учун уларга муносиб ва даромади юқори иш ўринларини яратиш мақсад сари дадил қадамдир. Бунинг учун қишлоқ жойларда тадбиркорликка шарт-шароитлар, бизнесга қулай муҳит яратиш керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, камбағалликни камайтириш, бу – аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий, ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.
Камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. Ҳозирда камбағал оилаларнинг 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам. Яна айримлари сурункали касалликлар туфайли тайинли ишлай олмаяпти. Камбағал оилаларнинг 83 фоизида томорқа бор, лекин сув, электр ва йўл билан боғлиқ муаммолар қийинчилик туғдиряпти.
Камбағалликни камайтиришнинг бирдан-бир тўғри ечими – тадбиркорга шароит яратиб, улар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш. Бу орқали ҳам бандликни таъминлаш, ҳам малакали мутахассисларни тайёрлаш мумкин. Шу мақсадда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури ҳаётга татбиқ этилди. Дастур маблағлари ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади.
Натижалар кўп куттирмади. Дастур доирасида шу кунгача 6 745 та тадбиркорлик субъекти билан 455 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм кам фоизли кредит, 7 триллион сўм субсидия берилди. Қолаверса, 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 260 минг гектар ер ажратилди.
Шунингдек, 472 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳасига 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 73 минг нафар ишсиз фуқарога 356 миллиард сўмлик субсидия берилди. “Маҳаллабай” ишлаш асосида 51 мингта микролойиҳани амалга ошириш эвазига 206 мингта янги иш ўрни яратилди. 181 минг ишсиз фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиб, 183,8 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. “Индивидуал дастур”лар тузиш орқали 2023 йилда 208 минг оиланинг 873 минг аъзоси камбағалликдан чиқарилган бўлса, 2024 йилда камбағалликдан 150 минг оила чиқарилиши режалаштирилган.
Президентимиз раислигида жорий йил 11 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишда мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки камбағаллик даражаси пасайган сари уни камайтириш мураккаблашиб боради. Шунинг учун бу борада кейинги йиллар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланади.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилиб, “камбағал оилалар портрети” ишлаб чиқилади. Ушбу дастур асосида иқтисодий комплекс оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланади.
Энди камбағалликни қисқартириш янгича ёндашув асосида олиб борилади. Республика бўйича 1 000 та энг оғир маҳаллага республика даражасидаги вазирлик ҳамда идоралардан 250 нафар раҳбар ходим бириктирилади. Шунингдек, вилоятдан 2 минг нафар, туманлардан 12 минг нафар раҳбар ходим энг оғир аҳволдаги 5 тадан оила билан ишлайди.
Ерни ижарага бериш борасидаги ташаббуслар давом этади. Бу жараёнда 50 минг гектар ер майдони 100 мингта камбағал оилага бўлиб берилади. Шу орқали 200 минг нафар камбағал оила аъзолари бандлиги таъминланади. Эътиборлиси, ерларни ижарага беришда янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, камбағал оила ўз еридан ўзи фойдаланиб, даромад олиши, экспортёр компанияларга ижара асосида бериб, дивидентга эга бўлиши мумкин. Шунингдек, компанияга ёлланма ишчи сифатида кириб, маош орқали даромадини ошириши назарда тутилмоқда.
Камбағални ишли қилган тадбиркорга солиқ имтиёзи бор
Видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, икки йил аввал Президент фармони билан умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорларга ижтимоий солиқдан имтиёз берилган эди. Натижада қатор корхоналар Тошкент, Самарқанд ва Андижонда 2 минг одамни ишли қилди.
Шу имтиёз яна 2 йилга узайтириб берилса, тадбиркорлар яна ўн минглаб эҳтиёжманд аҳолини иш билан таъминлашга тайёр. Айрим корхоналар колл-марказ ташкил қилиб, ҳозирнинг ўзида 2 минг нафар ногиронлиги бўлган аҳолига компьютер ва телефон олиб бериш орқали уларни уйининг ўзида иш билан таъминламоқчи.
Камбағалликни камайтиришнинг энг муҳим йўлларидан бири, бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш. Ҳозир саноатда энг кўп иш ўрни яратадиган соҳа – тўқимачилик. Тадбиркорлар тайёр трикотаж, бўялган мато ва газлама корхоналарига икки йил аввал ижтимоий солиқдан берилган имтиёзни узайтириб беришни сўрамоқда. Агар корхоналар камбағал аҳолини банд қилса, ўша ишчига ижтимоий солиқдан имтиёз яна уч йилга сақланиб қолади. Ушбу имтиёз нафақат тўқимачиликка, балки барча соҳадаги корхоналарга берилади. Бу орқали тўқимачилик, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, электр техникаси, озиқ-овқат, чорвачилик ва қурилиш тармоқларида юз минглаб камбағал аҳолининг бандлиги таъминланади.
“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баробар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.
Камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади
Энг асосийси, камбағалликни қисқартириш борасида қатор янги тизимлар ишга тушади. Мисол учун, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши маҳаллалардаги шарт-шароитга ҳам боғлиқ. Шу боис келаси йили маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилади. Бунинг бир қисми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади.
2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилади. Камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан ажратилади. Камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга, 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредит тақдим этилади.
Ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли бўлиши учун шароит яратилади. Бу жараёнда олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади. Олийгоҳ, коллеж ёки техникумга киришда грант учун етарли баллнинг 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади.
Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларнинг ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилади. Бу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилади.
Умуман олганда, Президентимиз қайд этганидек, “Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади”.
Муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал этиляпти
Президент топшириғига асосан, аҳоли кайфиятига салбий таъсир қилувчи муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича ўзимга бириктирилган Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ўрганишлар олиб бордик.
Бу жараёнда 60 та туман ва шаҳар, 2 987 та маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини кучайтириш, ёшлар билан ишлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жорий йилнинг 8 ойи мобайнида “маҳалла еттилиги” кўмагида доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга жалб қилиш орқали 201 минг 549 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, тижорат банклари билан ҳамкорликда “Сайхунобод тажрибаси” асосида 149 минг 525 та янги иш ўрни яратилди. Хатловдан ўтказилган 2 миллион 994 минг 651 та оиладан 273 минг 339 таси камбағал оила бўлиб, жорий йилда уларнинг 109 минг 115 тасини камбағаллик даражасидан чиқариш белгиланди. Бугунгача 39 минг 690 та оила камбағалликдан чиқарилди, оилалардаги 275 минг 215 нафар ишсиз аҳолининг 204 минг 50 нафари ишли бўлди.
Шу билан бирга, ўрганишлар жараёнида 2 987 та маҳалладаги 54 минг 941 та кўча ва 1 миллион 745 минг 400 хонадон ўрганилди. Унда 434 минг 11 та муаммо аниқланиб, 359 минг 788 таси ҳал этилди.
Йил якунига қадар ишсиз ва банд бўлмаган 96 минг 971 нафар, шунингдек, меҳнат бозорига кириб келаётган 69 минг 901 нафар, ҳарбий хизматдан қайтган 8 700 нафар, миграциядан қайтиб келиши кутилаётган 56 минг 553 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. 109 минг 738 та оилани камбағалликдан чиқариш орқали камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 8,3 фоизга қисқартирилади...
Видеоселектор йиғилишидаги топшириққа асосан Қашқадарё вилоятида бўлиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишдим.
2024 йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 26,5 мингта оила камбағалликдан чиқарилди (йил бошида 103,1 мингта бўлган). Натижада камбағаллик даражаси 11,5 фоиздан 8,8 фоизга туширилди. Йил якунига қадар вилоят бўйича 17 мингта оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражасини 7,3 фоизга тушириш мақсад қилинган.
Бу борада 56 минг ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланади, 462 та маҳалла камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади. Микролойиҳалар асосида 39 минг 410 та, инвестиция лойиҳалари орқали 1 026 та, халқаро автомобиль йўллари бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари ташкил этиш орқали 433 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, ҳудудда 103,1 мингта камбағал оилага 132 нафар вилоят, 1 282 нафар туман (шаҳар) ташкилот ва идора раҳбарлари камбағалликдан чиқариш бўйича бириктирилди.
Камбағаллик даражаси энг юқори бўлган Қамаши тумани камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича тажриба сифатида танлаб олинди. Туманда 8 600 та камбағал оила ва уларнинг 36 минг 120 нафар аъзоси бўлиб, 19 минг 780 нафари ишсиз. Йил якунига қадар туман бўйича 5 400 та оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 12,5 фоиздан 9,5 фоизга туширилади.
Тумандаги ўрганишлар жараёнида 1 452 та оила хатловдан ўтказилиб, уларга 257 нафар салоҳиятли тадбиркор бириктирилди. Хусусан, тумандаги “Чим” МФЙда 295 та оила рўйхатга киритилди. Шахсан ўзим шу маҳаллада бўлиб, фаоллар, маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашдим, уларни қийнаётган масалаларга қулоқ тутдим.
Шу маҳаллада яшовчи битта оиланинг яшаш шароити эътиборимни тортди. Оила бошлиғи – отаси вафот этган. Катта фарзанднинг турмуши ўхшамай ота уйига қайтган. Аёлнинг уч фарзанди бор, улардан бирида ногиронлик аниқланган. Ўзида руҳий тушкунлик ҳукмрон, фарзандлари келажагини ўйлаб сиқилади. Аёлнинг укаси — ишсиз, унинг икки нафар фарзанди бор.
“Маҳалла еттилиги” билан дарҳол бу оилани назоратга олдик, улар билан ишлаш бўйича индивидуал дастур шакллантирилди. Аёлга психолог бириктирилди, ногиронлиги бор фарзандини пойтахтда даволатиши учун йўлланма берилди. Ночор оиланинг турар жойи таъмирланяпти, ишсиз оила аъзоси тумандаги қурилиш фирмасига ишга жойлаштирилди. Бу оилага ҳудуддаги салоҳиятли тадбиркор Азамат Чориев бириктирилган. Унинг кўмагида сув насоси чиқарилиб, оиланинг оби-ҳаётга эҳтиёжи қондирилди.
Интилиш, изланиш, билмаганини ўрганиш вақти
Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда кейинги йиллар учун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури тайёрланаётгани айтиб ўтилди.
Хўш, фаровонлик нима дегани? Айтиш керакки, бу – тинимсиз изланиш, интилиш демакдир. Яшаш учун тўла-тўкис шароитга эга бўлиш, имкониятларни юзага чиқариш, тинчлик-хотиржамликда умр кечириш дегани. Фаровонликка ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг учун инсон ўзини қийнаши, ҳаракат қилиши, яхши ҳаёт учун имкониятлар излаши зарур.
Шу маънода, камбағалликни қисқартиришдаги энг биринчи масала – инсонларнинг дунёқарашини ўзгартириш. Яъни одамларда берилаётган эркинлик ва амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўпроқ фойдаланиш истаги бўлиши керак. Таълим, тадбиркорлик ёки бошқа соҳалардами, энг аввало, мустаҳкам ғоя ва ишонч муҳим.
Қолаверса, камбағалликдан чиқиш учун меҳнатга яроқли аҳоли ўртасида яхши даромад олиш, яхши яшашга интилиш учун ҳаракатни шакллантириш керак. Бунинг учун давлат барча шароитларни яратиб берди. Жамиятда барча учун тенг бўлган, ўз имкониятлари, истеъдодини тўлиқ намоён қилишга кўмак берадиган тизим шакллантирилди.
Афсуски, шунча шарт-шароит, имконият яратилаётган бўлса-да, ҳали-ҳамон боқимандалик кайфиятига берилган, “давлат менга ҳамма нарсани қилиб бериши керак”, деган қарашда яшаётган одамлар ҳам бор. Улар доимий ўқиш, ҳунар ўрганиш, малака ошириш ўрнига давлатнинг доимий ёрдамига ўрганиб қолгани, ташаббус кўрсатишдан йироқлиги, умуман олганда, боқимандаликка берилгани айни ҳақиқат. Бундай тоифадаги шахслар давлатга “суяниб” қолмоқда.
Тажрибадан келиб чиқиб айтиш керакки, яхши яшаш учун, энг аввало, ҳаракат қилиш, боқимандалик кайфиятидан воз кечиб, меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниш лозим. Камбағалликни фақат давлат кўмаги билан бартараф этиб бўлмайди.
Хўш, нега давлат барча масалалар ечимини маҳаллага туширяпти? Жавоби оддий: маҳалла кимнинг қандай шароитда яшаётганини жуда яхши билади, демак, одамлар ўз муаммоси билан ўзи ёлғиз қолиб кетмаслиги керак.
Нега давлат органлари, раҳбарлар маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб ўрганиш ишларини олиб боряпти? Мақсад битта: бугун одамлар қайсидир давлат органига келиб, муаммосини, дардини айтишини кутиб ўтирадиган вақт эмас.
Шунга яраша одамлар ҳам боқимандалик кайфиятидан чиқиши, ташаббус кўрсатиши, янги-янги ғояларни ўртага ташлаши, ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳисси билан яшаши – адолатдан бўлади, албатта. Аслида, бугун камбағалликни қисқартиришда одамлардан кўп нарса талаб қилинаётгани йўқ. Ташаббус кўрсатиш, берилган имкониятлардан фойдаланиш, янги-янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш керак, холос.
Бугун ҳаракат қилиш, билмаганини ўрганиш вақти. Давлат бунинг учун имтиёз ҳам, маблағ ҳам беряпти, илм ўрганишига шароит мужассам. Шунчаки бефарқ бўлмасак, яратилган имкониятлардан самарали фойдалансак, уйимиз, кўчамиз, маҳалламиз ободлигига имкон қадар ҳисса қўшсак, томорқани бўш қўймасак, ҳар бир ишга уйғоқ фикр, теран тафаккур билан ёндашсак бас.
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси,
сиёсий фанлар доктори, профессор.