Санепидқўмита: йўл ёқаларида сотилаётган музқаймоқдан заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда

    Кўчада антисанитар ҳолатда сотилаётган музқаймоқда стафилококк бактерияси бўлиши мумкин.

    Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хабар берди.

    Бугунги кунда музқаймоқ асосан сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Шу сабабли доим совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади.

    Иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқнинг таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади.

    Афсуски, бугун кўчада рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кузатилмоқда.

    Табиийки, музқаймоқ солинган идишлар музлатгич имкониятига эга эмас. Шу сабабли ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли сақлаб беролмаслиги ҳам бор гап.

    Бугунги кунда йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқлар кўпайди. Охирги пайтларда ана шу маҳсулотлардан истеъмолчиларнинг заҳарланиш ҳолатлари юзага келмоқда. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас.

    Заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини олиб борилмоқда. Маҳсулотлардан назорат таҳлили олганимизда кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида сталифилококк бактерияси аниқланди. Қайд этиш жоизки, кўп ҳолларда стафилококк иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин.

    Йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра, маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур.

    Музқаймоқ асаб ва ошқозон-ичак фаолиятининг бир маромда кечишида фойдали, аммо бу маҳсулотни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш жуда зарурий омилдир. Аввало сут маҳсулотининг қаердан олиб келинган, ветеринария экспертизасидан ўтиб, маълумотномага эга бўлганми, шунингдек, эпидемиологик вазияти яхши сигирлардан олинганми, шуларга диққат қаратиш даркор.

    Музқаймоқни тайёрлаганда, албатта, зарур технологик жараёнларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларини қатъий бажариш керак. Агар ишчи-ходимлар юқори нафас касалликлари — тонзиллит, гайморит, стоматит билан касалланган бўлса, бу ишчиларни вақтинчалик ишдан озод қилиб, даволангандан кейин қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, қўлида тери-касалликлари ва панариция бўлса, бундай ходимларни ҳам ишдан белгиланган тартибда четлаштириш зарур. Шу боис ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаганда ходимлар санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади.

    Хусусан, тозаликни сақлаш бўйича ишчилар орасида тез-тез профилактика тадбирларини ўтказиб туриш зарур. Тозалик ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишда энг самарали ва қулай усулдир, — дейилади хабарда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates