Урганч давлат университети Президент топшириғини қандай бажармоқчи?

    Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда Урганч давлат университетига Боғот, Хива туманларининг туристик салоҳиятини ошириш, сайёҳларнинг бу ерда кўпроқ қолишини таъминлаш мақсадида, илмий-амалий ёндашган ҳолда, туризм обектлари ва маҳсулотлари контентини бойитиши лозимлиги белгиланганди.

    Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга эътибор йилдан йилга ошиб бормоқда. Соҳани тараққий эттириш бўйича алоҳида минтақа ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқан ҳолда, тегишли чора-тадбир ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Хоразм вилоятида ҳам сайёҳлик энг ривожланган вилоятлардан бири саналади. Чунки, бунинг учун етарлича имконият ва истиқболда жадал ривожланиш салоҳиятига эга.

    Туризм ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли тармоқ. У даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Яна бир муҳим томони, кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имконини беради.

    Ҳозирги кунда вилоятни тарихий-маданий мероси, асосан, ЮНЕСКО нинг моддий меросларни асраш рўйхатига киритилган бўлиб, Хива шаҳрининг асосий обидалари улардан жой олган. Истиқюолдаги вахифа воҳадаги туристик салоҳиятни янада жадаллаштириш, сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилишдан иборат.

    2023 йил 29 март куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада сўз борди. Унинг ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар танқидий таҳлил қилинди, муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

    Кейинг пайтда мамлакатимизда бу соҳа изчил ривожланмоқда. Жумладан, 2022 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 баравар ошган. Соҳа экспорти 1 миллиард 600 миллион долларни ташкил этган. Ички туризм дастурлари доирасида 11 миллиондан зиёд аҳоли саёҳат қилган.

    Йиғилишда қайд этилганидек, бу борада ҳамма масалалар кўнгилдагидек боряпти дегани эмас. Юртимизга келмоқчи бўлган сайёҳлар жуда кўп. Лекин, уларни қизиқтирадиган жойлар ҳақида контент кам, туристларни 4-5 кун олиб қоладиган дастурлар етишмайди. Хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда бир кун кўпроқ қолиши йиллик туризм экспортини 300 миллион долларга оширади. Мисол учун, Хоразмда хорижий туристлар Бухоро ва Самарқандга қараганда 2 баравар кам бормоқда. Бироқ, бу ерда ҳам сайёҳларни 3-4 кун олиб қолиш учун барча имконият мавжуд.

    Шу боис ушбу масалаларни ҳал этишда кўмаклашишга 11 та олий таълим муассасаси бириктирилди. Улар 31 та туман ва 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратиши белгиланди. Ана шу асосда 12 тилда туристик пакетлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилиб, туризм ва сервис обектлари ишчиларини ўқитиш режалаштирилди.

    Жумладан, Урганч давлат университетига Боғот, Хива туманларининг туристик салоҳиятини ошириш, сайёҳларнинг бу ерда кўпроқ бўлишини таъминлаш мақсадида, илмий-амалий ёндашган ҳолда, туризм обектлари ва маҳсулотлари контентини бойитиши лозимлиги белгиланди. Ушбу топшириқлар ижроси ўлароқ, ҳудудларда ўрганиш ишларини бошлаб юбордик.

    Таҳлилларга кўра, 2022 йил давомида Хоразм вилоятидаги маданий мерос ва туризм намойиш объектларига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 137,5 минг ва маҳаллий сайёҳлар сони эса қарийб 1,5 миллион нафарни ташкил қилган.

    Ҳозирда Хива туманида 6 та тарихий-археологик обида, 3 та зиёрат туризм объекти, 3 та ресторон, 1 та оилавий меҳмонхона, 3 та туроператорлик фирмаси фаолият кўрсатаётган бўлса, Боғот туманида эса 1 та археологик, 1 та зиёрат туризми объекти, 2 та ресторон, 2 та оилавий меҳмонхона ва яна шунча турператор фирмаси фаолият кўрсатмоқда.

    Хива туманидаги “Чодра ҳовли” туристик объекти 3 та турфирма йўналишларига киритилган бўлиб, улар томонидан 2022 йил мобайнида 200 нафар хорижий турист жалб қилинган.

    Боғот туманидаги “Қалажиқ қалъа” сайёҳлик мажмуасига ҳам айни шу сайёҳлик турфирмалар хизмат қилиши кўзда тутилган бўлиб, улар томонидан 2022 йил мобайнида 160 нафар чет эллик сайёҳнинг бўлиши таъминланган. Уларнинг бу жойларда қолиши давомийлиги 1 кунни ташкил этмоқда.

    “Қалажиқ қалъа” туристик мажмуаси Боғот туманининг туристик салоҳиятини ошириш имкониятлари ҳисобланади. Қумли Қорақум чўлининг ўртасида ғаройиб мазкур шаҳарча ҳудудида, иккита асосий диққатга сазовор жой – ёши қарийб уч минг йилга тенг қалъа ва шифобахш хусусиятларга эга шўр кўл мавжуд. Кўл ёнида жойлашган соғломлаштириш маркази, дам олиш жараёнининг асоси ҳисобланади.

    Кўл суви таркибидаги фойдали элементлар юрак-қон томир тизимининг фаолиятини яхшилашга, қон айланишини барқарорлаштиришга ёрдам беради. Унинг ўзига хос шифобахш хусусиятларининг машҳурлиги шу кунгача сақланиб қолган. Шунинг учун бу ерга бутун сайёҳлардан сайёҳлар келиб дам олишади.

    Лекин объект махсус туристик инфратузилмага эга эмас. Унга бориш йўллари тупроқ қатламаси билан қопланган.Қор ёки ёмғир ёққанда қийинчиликлар туғдиради. Мажмуада 20 ўринли меҳмонхона, 200 ўринли ресторон ташкил қилинган.

    Шу билан бирга, “Қалажиқ қалъа” туристик мажмуасининг ён томонидаги “Бойхон балиқлари” фермер хўжалилигига қарашли ҳудудларда ов туризми, сафар туризми каби сайёҳлик турларини ривожлантириш имкониятлари бор. Боғот тумани боғдорчилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган ҳудуд бўлганлиги сабабли бу ерда “Узумчилик” агротуризм қишлоғини шакллантириш имкониятлари мавжудлиги маълум бўлди. “Усталар” маҳалласида жойлашган “Тоҳир Жанак” фермер хўжалигига тегишли дам олиш маскани бир вақтнинг ўзида 100 та меҳмонга ҳизмат кўрсата олади. Мазкур объект негизида чўмилиш ва балиқ овлаш учун шароитларни янада яхшилаш зарур бўлади.

    Хива туманининг “Ғовук” сайёҳлик маҳалласи, Хон боғлари (Чодра ҳовли, Боғишамол, Қибла тоза боғ), шунингдек, зиёрат объектларидан Бибиҳожар она, Мухаммад Ризо Огаҳий ва Мунис Хоразмийлар каби мажмуалардан иборат, деб келинган бўлса, эндиликда улар сафини яна 9 тага бойитиш мумкинлиги аниқланди.

    Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда маданий мерос ва туризм намойиш объектлари бўйича контентларини яратиш мақсадида маълумотлар тўпланмоқда. Туристик пакетга киритиш мумкин бўлган мазкур объектларининг бугунги кундаги ҳолатлари таҳлил қилинмоқда.

    Хива ва Боғот туманларининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича 2023 йил давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Хусусан, туристларни жалб қиладиган обектлар таркибини ўрганиш ва харитасини тузиш, сайёҳлик марказларида Хоразм миллий санъатини акс эттирувчи аниматсион дастурларни ташкил этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Биби Ҳожар она, Огаҳий ва Мунис Хоразмий (Хива тумани), Одина Эшонбобо (Боғот тумани) каби зиёратгоҳларни ўз ичига олган “Khorezm piligrim tourism” туристик йўналишини ишлаб чиқиш, Хива тумани “Ғовук” маҳалласи ҳамда Боғот тумани “Қалажиқ” маҳалласи (Қалажиқ туристик ҳудуди) маълумотлар базасига киритилган обектларнинг контентларини яратиш ва янгилаб бориш, археологик, этнографик ва агротуризмни ривожлантириш мақсадида қишлоқ туристик кластерларини ташкил қилишни илмий асосланган таклифини ишлаб чиқиш, объектлар катологларини рақамлаштириш сингари вазифалар ўрин олган.

    Шунингдек, Боғот ва Хива туманларида туризмни ривожлантиришга қаратилган илмий-тадқиқот мавзулари банкини яратиш, уларни магистрант, таянч докторант, докторант ва мустақил тадқиқотчиларга илмий-тадқиқот мавзуси сифатида таклиф қилиш, туристлар оқимини янада ошириш ва университет имкониятларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш учун Урганч давлат университети қошида туристик фирма ташкил қилиш режалаштирилмоқда.

    Бинобарин, бугунги кунда университетнинг иқтисодиёт факультетида “Туризм ва меҳмонхона хўжалигини бошқариш” кафедраси фаолият юритиб келади. Унда 1 нафар DSc, 1 нафар фан номзоди, 4 нафар PhD фаолият олиб бормоқда. 2022-2023 ўқув йилида туризм таълим йўналиши битирувчилари сони 74, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш бўйича улар сони 62 нафарни ташкил этади.

    Таълим жараёнига хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб этиш борасидаги ишлар давом этмоқда. “Таклиф этилган профессор” дастури доирасида таълим ва илмий тадкикот жараёнига 60 нафардан ортиқ хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг университетга 1 ойдан 1 йилгача булган муддатлардаги ташрифи режалаштирилган эди. Шундан ҳозирги кунгача уларнинг 30 нафардан ортиғи таълим ва илмий тадкикот жараёнидаги иштироки таъминланди.

    Университетимизда амалга оширилаётган 10 дан ортиқ халкаро илмий тадкикот ва таълим лойиҳалари доирасида эса, хорижий хамкор таълим даргоҳларидан 70 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ва экспертларнинг ташрифи кўзда тутилган. Табиийки, улар сафар давомида воҳамизнинг дунёга машҳур ёдгорликлари билан бир қаторда, Хива ва Боғот туманидаги туризм объектларига ҳам саёҳатлари уюштирилади.

    Туризм, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, тарих, археология, география, иқтисодиёт, биология, филология таълим йўналишлари бўйича таҳсил олаётган 645 нафар талабаларнининг малакавий амалиётларини Хива ва Боғот туманидаги туризм намойиш объектларида амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, бу борадаги шартномалар расмийлаштирилди.

    Нttp://www.travelkhorezm.com/ веб саҳифасидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар, сайёҳлик йўналишлар тўғрисидаги маълумотларини янада бойитиш ва немис, франсуз, испан, япон ва хитой тилларига таржима қилиш, Хива ва Боғот туманларидаги тарихий-маданий ёдгорликлар, меҳмонхоналар, кафе ва ресторанлар тўғрисида ахборот берувчи ва турли хизматларни жамлаган мобиль иловалар ишлаб чиқиш ҳам режаларимиздан ўрин олган.

    “Ғовук” ҳамда “Қалажиқ” туристик маҳаллалари аҳолиси учун туризм бизнеси, хизмат кўрсатиш ва сервис, экскурсия хизматларини ҳамда меҳмонхона хўжалиги бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, Урганч давлат университети, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда 12 та тилда (рус, инглиз, франсуз, немис, араб, япон, хитой, ҳинд, испан, португал, корейс, малай) Хива ва Боғот тумани туристик салоҳиятини акс эттирувчи арзон туристик пакетларни ишлаб чиқиш устида ҳам иш олиб бориш кўзда тутилган..

    Давлатимиз раҳбари бу йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклигини таъкидлади. Дархақиқат, халқимизнинг бой моддий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилиги, тасвирий-амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни республикамизда ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қили, сайёҳлик, ҳунармандчилик ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш бугунги куннинг устувор вазифаси саналади.

    Баҳром Абдуллаев,

    Урганч давлат университети ректори

    физика-математика фанлари доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates