Кичик бизнес — иқтисодиётнинг қон томири

    Корхона ва ташкилотлар таркибида кичик тадбиркорлик субъектларининг улуши 2020 йилда 86,5 фоизга ўсди.

    Иқтисодиёт аниқ рақамлар, ҳисоб-китоблар билан бирга, одамлар турмуш тарзида юз бераётган реал ўзгаришлар, натижадорликни хуш кўради. Давлат манфаатларигагина хизмат қиладиган иқтисодиёт ривожланишдан тўхтайди. Охирги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳот ва янгиланишлар аввалида иқтисодиётимиздаги миқдор ва сифат ўзгаришлари қамровини кенгайтириш, унинг бевосита аҳоли турмушига таъсирини оширишга эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шундан.

    Бу борадаги салмоқ ва натижалар жадал суръатларда ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Аҳоли даромадларида ўсиш, турмуш шароитида сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Статистик маълумотлар ҳам 2016—2020 йилларда юртимиз одамларининг умумий даромадлари 2,6 баравардан кўпроққа ортганини кўрсатяпти.

    Мазкур йўналишда жаҳон майдонида эгаллаб турган ўрнимиз ҳам йил сайин юқорилаб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 26 майда ўтказилган Халқаро рейтинглар ва индекслар билан ишлаш бўйича Республика Кенгашининг навбатдаги йиғилишида эса Глобал инновацион индексда Ўзбекистон 2015 йилга нисбатан ўз ўрнини 29 поғонага яхшилаб, 131 та мамлакат орасида 93-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари орасида 4-ўринни қайд этгани таъкидланди. Бу каби муваффақиятларнинг бош омилларидан бири — мамлакатимизда олиб борилаётган самарали иқтисодий сиёсат ҳамда унинг таркибидан ўрин олган чора-тадбирлар йўналишларининг тўғри шакллантирилгани билан боғлиқ. Ўзбекистон тараққиётининг янги даврида, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш иқтисодий сиёсатнинг муҳим ва самарали йўналишларидан бирига айланди.

    Иқтисодиётнинг “мушак тўқима”си

    Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жаҳон мамлакатлари тажрибасида ўзининг юксак натижа ва муваффақиятлари билан мустаҳкам ўрин эгаллаган бўлиб, аксарият халқларда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 60-70 фоизни ташкил этади. Кичик бизнеснинг ривожланиши иқтисодиётдаги жўшқинлик ва самарали рақобат муҳити учун қулай шарт-шароитларни яратиш, истеъмол секторини кенгайтириш орқали талабни рағбатлантириш, истеъмол бозорини товар ва хизматлар билан тўлдириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бюджет тушумларини кенгайтиришга хизмат қилади. Шунга кўра, кўплаб ривожланган давлатлар кичик бизнес фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга интилади.

    Ўзбекистон мустақиллигининг ўтган йилларига назар ташласак, юртимизда кичик ва ўрта бизнес йўналиши қўшни давлатларга нисабатан секин ривожлангани, кўрсаткичлар сезилар-сезилмас даражада бўлгани, катта-катта бизнеслар маълум инсонлар қўлида бўлиб, аҳолининг асосий қатлами уларнинг қўл остида ишлаганини кўрамиз. Оддий одамлар учун тадбиркорлик уддалаб бўлмас машаққатдек кўринарди. Юқори бож тўловлари, ер олиш, корхона очишдаги қатор тўсиқлар, бировнинг чўнтагига пул қистирмасанг, битмайдиган ишлар, бир амаллаб бизнесни йўлга қўйиб олганда ҳам, ҳар куни эшик қоқадиган солиқчиларга дош бериш осон эмасди. Шунинг учунми, одамлар тадбиркорлик қилишдан кўра, “оч қорним, тинг қулоғим” қабилида иш тутишни афзал билган.

    Бугун Янги Ўзбекистон иборасини фахр билан айтаётганимиз бежиз эмас. Боиси, яқин 4-5 йил олдин ана шу икки жумла замирида бошланган улкан ислоҳотлар одамларнинг ўз имкониятларидан кенг фойдаланиш, исталган соҳада янгиликлар яратишга қўрқмай қадам ташлаш, энг муҳими, мустақил тадбиркор сифатида ўзини синаб кўриш имкониятини беряпти. Бу борада, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Ҳақиқатан ҳам, биз фақат фаол тадбиркорлик, тинимсиз меҳнат ва интилиш орқали тараққиётга, фаровон ҳаётга эриша оламиз”, дея таъкидлаган сўзлари халқимизга янада ишонч, куч берди.

    Шу ўринда савол туғилиши табиий — айнан Ўзбекистон иқтисодиёти учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аҳамияти нималарда намоён бўлмоқда?

    Энг аввало, иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларида кичик тадбиркорлик улушининг ошиши иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорлик таъминланишининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

    Маълумки, тадбиркорлик — бу ташаббус ва фаоллик асосида келгусида юз бериши мумкин бўлган турли хатарларни ҳисобга олиб, масъулият ва жавобгарлик билан амалга оширилувчи иқтисодий фаолиятдир. У эркинлик, ижодкорлик ҳамда рақобат муҳити уйғунлигида жуда катта бунёдкорлик кучини ҳосил қилади. Айниқса, фаолият кўлами жиҳатидан нисбатан ихчам бўлган кичик тадбиркорлик иқтисодиётдаги конъюнктуравий ўзгаришларга тезлик билан мослаша олиш, истеъмолчининг дид ва қизиқишларини англаш ва эътиборга олиш, ички имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, рақобат муҳитини кучайтирган ҳолда иқтисодиётга жўшқинлик бахш этиш каби хусусиятлари билан ажралиб туради.

    Юртимизда ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кичик тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб боряпти. Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, бу борадаги кўрсаткич 1991 йилда атиги 1,5 фоиз, 2000 йилда 31 фоизни ташкил этган эди. 2016 йилда мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 64,9 фоизга етди. Бу рақамлар йил сайин ортса ортяптики, асло, орқага пастлаётгани йўқ. Хусусан, ўз фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари сони 2016 йилдаги 210,6 минг бирликдан 2020 йилда 411,2 минг бирликка етди. Умумий корхона ва ташкилотлар таркибида кичик тадбиркорлик субъектларининг улуши 2020 йилда 86,5 фоизга қадар ўсди.

    2017 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг йирик саноат объектларига жуда катта ҳажмда хорижий инвестиция ва кредит маблағлари жалб этилиши натижасида улардаги ишлаб чиқариш ҳажми кескин ўса бошлади. Агар йирик корхона ва бирлашмалар мажозий маънода иқтисодиёт организмининг суяк (скелет) қисми деб ҳисобланса, у ҳолда кичик бизнес ушбу қисмга қайишқоқлик, мослашувчанлик бахш этувчи, унинг бир маромдаги ҳаракатини таъминловчи мушак-тўқима ҳисобланади. Бу жараён эса янги корхоналарнинг ташкил топиши орқали таъминланади. Яъни, кичик бизнес корхоналари иқтисодиётдаги талаб жадаллик билан ўсиб бораётган тармоқ ва соҳаларга жавобан янги ишлаб чиқаришни ташкил этади.

    Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2017—2020 йиллар мобайнида мамлакатимизда жами 288 мингдан ортиқ корхоналар ташкил этилди. Шундан 14,8 мингтаси йирик корхоналар, 273,2 мингтаси кичик бизнес корхоналари ҳиссасига тўғри келади.

    Монополияни четлаштириб...

    Тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда кичик бизнес фаолияти кўламининг тобора кенгайиб бораётганини ҳар 1000 нафар аҳолига тўғри келувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг сони орқали ҳам кузатишимиз мумкин. Ушбу кўрсаткич 2017 йилда 12,2 бирликни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда 15,6 бирликка етди. Эътиборлиси, кичик тадбиркорлик субъектлари сонининг энг юқори ўсиши иқтисодиётга пандемиянинг салбий таъсири шароитида рўй беряпти.

    Кичик бизнесга худди иқтисодиётга янги куч, янги қувват бахш этувчи соҳа сифатида қараш мумкин. Янгидан ташкил этилувчи корхоналар кейинги пайтда вужудга келган талабни, сўнгги технологик янгилик ва ютуқларни маълум даражада ўзида жамлайди ва амалиётга жорий этади. Шунга кўра, корхоналарнинг янгиланиш даражаси ўзига хос кўрсаткич ҳисобланади.

    Мамлакатимиздаги ушбу кўрсаткичнинг ҳолатини таҳлил қиладиган бўлсак, унинг кичик бизнес корхоналаридаги даражаси йирик корхоналарга нисбатан 2016 йилда 6,2 марта, 2020 йилда эса 6,9 марта юқори бўлганлигини кузатиш мумкин. Яъни, айнан кичик бизнес корхоналари иқтисодиётимизни модернизациялашда ўз фаоллигини намоён этмоқда.

    Энг муҳими, кичик тадбиркорлик субъектлари қандайдир кўрсатма ёки ундовлар остида эмас, балки иқтисодиётдаги конъюнктурани ҳисобга олган ҳолда эркин ва мустақил ташкил этиляпти. Айнан шу ҳолат иқтисодиёт тармоқларининг умумий кўламига ўзига хос тузатишлар киритади. Жумладан, 2017—2020 йиллар давомида янгидан ташкил этилган кичик бизнес корхоналарининг энг катта салмоғи савдо (жами корхоналарнинг 32 фоизи), саноат (21 фоизи), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги (12 фоизи), қурилиш (10 фоизи), яшаш ва овқатланиш (7 фоизи) тармоқларига тўғри келади. Бу эса мамлакатимиз етакчи тармоқ ва соҳалари ўртасидаги мақбул нисбатнинг шаклланишига хизмат қилади.

    Яна бир жиҳати, кичик тадбиркорлик иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш, унинг мослашувчанлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳамдир. Иқтисодиётдаги рақобат муҳити бу — турли маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчилари ўртасида қулай шароитга эришиш ҳамда эришиши кўзда тутилаётган фойда ёки иқтисодий нафни максималлаштириш мақсадидаги иқтисодий беллашув (кураш), дейиш мумкин.

    Иқтисодиётда монополияларнинг пайдо бўлиши ва амал қилиши — бу объектив жараён. Уларни бутунлай бартараф этиш имкониятдан ташқари ҳолат ҳисобланади. Айрим ҳолларда давлатнинг монополияга қарши кураши ҳам дарҳол ўзининг етарли самарасини бермаслиги мумкин. Шу ўринда яна кичик бизнес субъектлари ёрдамга келади. Янгидан-янги кичик ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш ва уларнинг ривожланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш орқали бозордаги монополия даражасини пасайтириш мумкин.

    Шунингдек, мазкур соҳа истеъмол бозоридаги талаб ва таклиф мувозанатини тиклаш ҳамда таъминлашда асосий томонлардан биридир. Ҳозир мамлакатимизда бирон-бир маҳсулотнинг, хоҳ у озиқ-овқат товарлари бўлсин, хоҳ кийим-кечак ёки уй-рўзғор буюмлари бўлсин, кучли тақчиллигининг вужудга келишидан хавфсираш ҳолатлари мавжуд эмас. Чунки, ўз фаолият хусусиятига кўра истеъмолдаги аҳамиятсиз ўзгаришга ҳам ўта сезгирлик билан эътибор қаратувчи кичик тадбиркорлар қисқа муддат ичида бозордаги ҳар қандай тақчилликка ўз муносабатларини билдиради. Тақчиллиги ортидан нархи кўтарилган маҳсулотни дастлаб бошқа ҳудуд ёки чет мамлакатлардан олиб келиш, ўрта ёки узоқ муддатли даврда унинг миллий ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш орқали бозордаги талаб ва таклиф мувозанатини тиклашга ҳаракат қилади.

    Кичик бизнеснинг янги иш ўринларини яратиш, аҳолини иш билан бандлик даражасини оширишдаги фаоллиги унинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги яна бир аҳамиятли жиҳатини намоён этади.

    Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар ва унинг дастлабки палласида иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, миллий ишлаб чиқаришнинг ташқи ва ички талабга мос келмаслиги оқибатида мамлакатимизда муайян даражада ишсизлик вужудга келган эди. Шуниси эътиборлики, мустақил тараққиётнинг дастлабки палласида мазкур ҳолат иқтисодиётдаги аҳамиятли пасайиш оқибатида келиб чиққан циклик ишсизлик кўринишида намоён бўлса, ҳозирга келиб унинг асосий қисми мазмунан ишчи кучига бўлган талаб ва таклифнинг таркибан номувофиқлигини ифодаловчи таркибий ишсизлик ҳисобланади. Ҳолбуки, мамлакатда иш ўринлари етишмовчилиги тўғрисида сўз борган бир вақтда, тегишли малакадаги ишчилар етишмаётган соҳалар ҳам мавжудлиги намоён бўлмоқда.

    Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 16 июнь куни олий таълимни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бугунги кунда хизмат кўрсатиш соҳасида 40 мингта, саноатда 38 мингта, қурилишда 12 мингта, қишлоқ хўжалигида 10 мингта, алоқа ва ахборот технологияларида 4 мингта олий маълумот талаб этадиган бўш иш ўринлари борлиги, лекин битирувчилар сон жиҳатидан ҳам, малака бўйича ҳам бу талабни қондира олмаслиги таъкидланди. Шунга кўра, ишчи кучига бўлган талаб ва таклифни ўзаро мувофиқлаштириш, янги иш ўринларини яратиш орқали иш билан бандлик даражасини оширишда кичик тадбиркорлик субъектларининг салоҳиятидан кенг фойдаланилмоқда.

    Маълумотлардан кўринадики, 2016—2020 йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётдаги жами бандларнинг тўртдан уч қисмидан кўпроғини қамраб олган бўлиб, бу ҳаттоки жаҳондаги бир қатор ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан ҳам юқори ҳисобланади.

    Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янги иш ўринлари яратиш борасидаги имконият ва салоҳияти унинг ҳаракатчанлиги, кўлам жиҳатидан ихчамлиги ва йўналишни тез ўзгартира олиши каби хусусиятлари орқали намоён бўлади. Тўғри, мантиқан қараганда, йирик корхона кичик корхонага нисбатан бир неча ўнлаб, юзлаб, ҳаттоки, минглаб марта кўпроқ ишчиларни ёллаш орқали мутлақ устунликка эга бўлиши мумкин. Бироқ, масаланинг бошқа бир жиҳати мавжудки, йирик корхона ўз ходимлари таркибини бир марта тўлдиргандан сўнг, унинг янги иш ўрни яратиш имконияти кескин қисқаради ёки тугайди. Кичик тадбиркорлик субъектлари эса, яхлит соҳа сифатида озгина қўшимча даромад олиш имконияти пайдо бўлган жойда узлуксиз тарзда ва тезлик билан янгидан-янги иш ўринларини яратишга ҳаракат қилади.

    Маҳаллаларда ишсизлар бўлмаслиги керак

    Мамлакатимизда бу борада, айниқса, маҳалла институти имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. 2021 йилнинг бошида Президентимиз томонидан иқтисодий ўсишнинг қўшимча захираларини топиш ва сафарбар қилиш борасида “маҳаллабай” тизимини йўлга қўйиш, ҳар бир маҳалладаги ўзига хос “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, уларни ривожлантириш вазифаси белгилаб берилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган аҳолига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш, бўш бино ва ер участкаларини аниқлаб, улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш, маҳаллалардаги банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўргатишни ташкил этиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш каби бир қатор вазифалар қўйилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 апрелдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилда доимий янги иш ўринларини ташкил этишнинг йиғма прогноз кўрсаткичларига биноан, жами ташкил этиладиган 457 127 нафар янги иш ўринларининг 209 507 нафари (деярли 46 фоизи) кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига яратилиши ҳам бу тармоққа қаратилаётган катта эътибор ифодасидир.

    Одатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатдаги бандлик даражасини ошириш орқали аҳоли даромадлари даражасини оширишга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектларининг хусусий даромадлари ҳамда улар томонидан ёлланма ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш орқали аҳоли даромадлари бевосита оширилса, мустақил равишда банд бўлишга имкон яратиш ва рағбатлантириш, мол-мулк ҳамда ижтимоий трансфертлардан олинадиган даромадлар учун манба яратишда иштирок этиш орқали аҳоли даромадлари ошишига билвосита таъсир этилади.

    Юқоридаги сингари таъсир омиллари натижасида мамлакатимизда аҳоли даромадларининг сезиларли ўсиб бориши кузатилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, фуқароларнинг номинал умумий даромадлари 2016 йилдаги 151,7 триллион сўмдан 2020 йилда 401,5 триллион сўмга қадар ошган. Бунинг натижасида аҳоли жон бошига номинал умумий даромадлар тегишли равишда 4,8 миллион сўмдан 11,7 миллион сўмга кўтарилди.

    Яна бир маълумот, 2020 йилда аҳоли умумий даромадлари ҳажмида кичик тадбиркорликдан олинган даромадларнинг улуши Жиззах, Бухоро, Хоразм вилоятларида энг юқори даражани ташкил этган. Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида эса йирик саноат корхоналари ва ташкилотлардаги иш ҳақи кўринишидаги даромадларнинг салмоғи юқори, экани қайд этилди.

    Умуман олганда, ушбу йўналишнинг юрт тараққиётидаги сезиларли таъсири, бу борада эришилаётган ютуқлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Энг муҳими, бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида эътибор қаратилиб, соҳани янада ривожлантириш бўйича манзилли ва таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунга жавобан, мазкур соҳа ҳам иқтисодиётимизнинг турли жабҳаларида ўзининг бунёдкорлик ва яратувчанлик, фаоллик ва жўшқинлик бахш этувчи хусусиятларини намоён этиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида хизмат қиляпти.

    Бахтиёр ҲОЖИЕВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети

    Фундаментал иқтисодиёт кафедраси мудири, и.ф.н., доцент

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates