“Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясининг рўёби йўлида

    Бир-биридан гўзал дизайнга эга китоб кўргазмалари аро кўзимиз қувнаб борарканмиз, бир нуқтада ҳайратимиз янада ортди.

    Қайноқ ёзнинг илк куни жондан азиз болажонларимизнинг шодон кулгуси, ўзига хос эркаликлари билан бошланади. Зеро, бу кун уларнинг куни, олам-олам шодликлардан завқ оладиган, интиқиб кутилган байрами. Пойтахтимизда бу йил 1 июнь – Халқаро болалар куни Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида илк бор ташкил этилган “Болалар китоб фестивали” билан янада кўтаринкилик касб этди.

    Боғга кирар экансиз, оёқ босишга-да қийинлик туғдирадиган гавжумликдан асло асабийлашмайсиз. Аксинча, шу гавжум оқим сизни китоблар кўргазмаси томон ҳам етиб боришидан қувонасиз. Ўйлаганимиздек, “Болалар китоб фестивали”нинг очилиш маросимига жам бўлган болажонларнинг саноғи йўқ. Республика маънавият ва марърифат маркази томонидан совға тариқасида улар учун олиб келинган китоблар кимларгадир етмай қолгани ҳам ажабланарли эмас. Зеро, китоб олиш учун чўзилган қўллар орасида биттага қаноат қилмаганлари ҳам бўлди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 72-мақсади сифатида аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш белгиланган. Бугунги кунга келиб мазкур ғоя тарғиботи йўлида мутасаддилар бор салоҳиятини ишга солиб, мутолаа маданиятини оширишга бел боғлади. Жумладан, ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида республика бўйлаб 500 га яқин китоб-кўргазма ярмаркаси, китобхонлик танлови, китоб фестивали ва бошқа мутолаани оммалаштиришга йўналтирилган тадбирлар ўтказилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида 1–3 июнь кунлари Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтаётган “Болалар китоб фестивали” байрам дастури ҳам ана шундай тадбирларнинг узвий давомидир.

    Фестивалнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар бу тадбирни ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиш, шу аснода ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва унумли ўтказишга қаратилган турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, китоб-кўргазма ярмаркалари, шеърхонлик ва мутолаа кечалари, экскурсиялар, акциялар ўтказиш мақсад қилингани ҳақида алоҳида тўхталдилар.

    – Бу галги байрам доимгидан ажойиб бўляпти. Фестиваль Тошкент шаҳрида 3 кун давом этадиган бўлса, вилоятларимизда навбатма-навбат уч ой давомида ўтказилади, – дейди Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Республикамиздаги 380 дан зиёд нашриётнинг барчасида болалар учун дарсликлар, бадиий ва турли мазмундаги бошқа адабиётлар чоп этиляпти. Дунё юзини кўраётган ҳар битта китоб албатта бизга етиб келади ва биз орқали болажонларга хизмат қилади.

    Шу ўринда бир хушхабарни айтиш жоиз. Буюк Британиянинг BBC компаниясининг Маданият департаменти томонидан бу йил илк бор энг яхши болалар адабиёти юзасидан катта сўровнома ўтказилди. Сўровномада 200 га яқин болалар ёзувчилари, шоирлар, таҳририят вакиллари, муҳаррирлар қатори биз, кутубхоначилар ҳам қатнашдик. Дунёда энг зўр болалар нашри деб эътироф этилган асарлар ичида севимли ёзувчимиз Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари ҳам эътироф этилди. Асар 100 та энг яхши китоблар орасида 73- ўринга лойиқ топилгани эса ўзбек болалар адабиётининг юксак эътирофи бўлди.

    Байрам дастуридан мамлакатимиздаги нашриётлар томонидан чоп этилган ўзбек ва хориж адабиётлари кўргазма-ярмаркалари, китоб муаллифлари билан ижодий учрашувлар, эстрада хонандаларининг чиқишлари, кутубхоналарга саёҳатлар, турли танловлар ва акциялар, маҳоратли актёр ва актрисалар иштирокида китоб тарғиботи ва мутолаага оид саҳна кўринишлари ва бошқа қатор маданий тадбирлар ўрин олган.

    Тадбир давомида Меҳрибонлик уйлари, оилавий болалар уйлари, “SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари” уюшмаси филиаллари, алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари учун махсус китоб акциялари ўтказилади.

    - Фестиваль доирасида барча турдаги китобларимизга 10 фоизли чегирма белгиладик. Шунингдек, 2 та акция билан иштирок этяпмиз. Биринчиси, 7 та китобдан иборат 90 минг сўмлик тўплам. Иккинчиси, 14 хил китобни жамлаган 145 минг сўмлик тўплам. Мазкур тўпламларимиз 8 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган. Албатта, чегирма ва акцияларимиз ота-оналарда қизиқиш уйғотяпти. Бундай имкониятдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётганлар сони ортаётгани қувонарли, — дейди “Академнашр” нашриётининг савдо бўйича менежери Марҳабо Жўраева.

    Бир-биридан гўзал дизайнга эга китоб кўргазмалари аро кўзимиз қувнаб борарканмиз, бир нуқтада ҳайратимиз янада ортди. Бепул кутубхона —BOOK CLUB деган баннер ортида маълумотномага ўхшаш қоғозларни санаб турган камтаргина йигитни суҳбатга тортдик. Унинг айтишича, у фаолият юритаётган бепул кутубхона лойиҳаси хомийлик асосида йўлга қўйилганига 2 йил бўлди. Лойиҳа доирасида китоб сотиб олишга имкони йўқ китобхонларга исталган китоб бир ой муддатга бепул берилади. Бу тартиб китобхоннинг китобни бир ойда қайтаришга розилиги ҳақидаги имзосига асосланади. Агар ўқувчи китобни йўқотиб қўйса ёки унга зарар етказса ўрнига бошқа китоб олиб келиб беради.

    Майли-да, имконияти доирасида хайрли ишга қўл уриб, одамлар маънавиятини оширишга хизмат қилаётган бундай фидойи инсонларга раҳмат айтдик. Айниқса, ўз ташаббуслари билан фестивалда иштирок этаётганидан хурсанд бўлдик.

    – Мамлакатнинг маънавий даражасини кўрсатадиган муҳим кўрсаткичлардан бири ўша халқнинг китобхонлиги, бугун қандай китобларни мутолаа қилаётганлиги билан белгиланар экан, халқимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш, ёшларни оммавий китобхонликка жалб этиш борасида давлат сиёсати даражасида бир қатор амалий ишлар бажарилаётгани бежиз эмас, – дейди Тошкент давлат техника университети кафедра мудири, профессор Қудрат Каримов. – Чунки, Президентимиз ҳам таъкидлаганидек, бугун китоб ўқиётган бола эртага ўнта телевизор кўраётган болаларни бошқариши аниқ. Буни сўнгги йилларда ўтказиб келинаётган “Болалар китоби фестивали” каби тадбирлар орқали ҳам сезиш қийин эмас. Бу янги даврнинг “китобхонлар авлоди“ни шакллантира олади. Бу ёшлар китобга, маърифатга қайтмоқда, кадрлар масаласи бўйича юзага келадиган муаммолар аста-секин бартараф этилмоқда, дегани.

    Боғдан қайтар эканмиз, қўлида китоб ушлаган юзлаб болалар, кўргазма ташкил қилинганидан хурсанд кайфиятдаги ота-оналар билан ҳам ҳамсуҳбат бўлдик. Уларнинг барчаси бундай тадбирларни тез-тез ўтказиш кераклиги ва бугунги шиддатли техника даври шуни тақазо этаётганини алоҳида таъкидлади.

    Шундай экан, биз ҳам уч кун давом этадиган “Болалар китоб фестивали”дан беғубор қалбларда китобларга янада илиқлик, яқинлик пайдо бўлишига умид боғладик.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates