Маълумки бизнесда икки хил ўхшаш фирма номи ёки товар белгиси истеъмолчиларни чалғишига, қайси товар кимга тегишли эканлигини билмасдан адашишларига сабаб бўлади.
Шундай Қонун бузилиш ҳолати Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан “Бест кнауф” МЧЖ раҳбари Ж.О “КНАУФ ГИПС БУХОРО” МЧЖ хоржий корхонасига тегишли бўлган “КНАУФ” сўзидан ҳуқуқ эгасининг розилигисиз фойдаланилгани ҳамда “СДК КНАУФ ГРОУП” МЧЖ раҳбари, якка тартибдаги тадбиркор О.М.А томонидан “КНАУФ ГИПС БУХОРО” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган товар белгисига адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган товар белгисидан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланганлиги ҳолатлари юзасидан қонуний чора кўриш тўғрисидаги мурожаатлар кўриб чиқилди.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича тегишли туман судларига тақдим этилди.
Натижада Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан Ж.О га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилиб, тегишли тартибда жарима жазоси тайинланди.
Иккинчи ҳолат юзасидан О.М.А Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 177-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилиб, тегишли тартибда жарима жазоси тайинланди.
Дарҳақиқат, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунга биноан товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси билан белгиланган товарни рухсациз тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, сотиш, адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хил кўринишдаги товарларни ишлаб чиқариш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш саналади.
Шундай экан, ўз фирмангиз номига ва маҳсулотингизга ҳеч кимникига ўхшамаган ном танланг ва уни бренд даражасига кутариб, харидорлар ишончини қозонинг! Ҳурматли тадбиркорлар, Қонунга риоя қилинг ва ўзгалар брендидан шартнома асосида фойдаланинг ёки ўз брендингизни яратинг!