Коинот чанги – бу, коинотда Ерга тушадиган майда қаттиқ жисмлар бўлиб, тарикби углерод, металл, муз ва бошқа элементлардан иборат. Янги тадқиқотлар Арктиканинг узоқ ўтмишига назар ташлаш имконини берди. Бунинг учун денгиз музликларининг сўнгги 30 минг йиллик тарихини тиклаш учун коинот чангларидан фойдаланилди. Жорий йилнинг ноябрь ойи бошларида Science журналида эълон қилинган тадқиқот хулосалари олимларга Арктика қандай ўзгараётгани ва мазкур минтақа қандай хавф остида эканлигини англаш учун асосий маълумотларни тақдим этди.
Коинотдан тушадиган майда зарралар доим Ер юзасига ўтириб қолади. Яқинда тадқиқотчилар бу чанглардан “иқлим вақт машинаси” сифатида фойдаланишни ўрганиб олишди, деб хабар берди new-science.ru.
Шимолий муз океани муз билан қопланганда у ҳақиқатан тўсиқ бўлиб, коинот чангининг ер қатламигача етиб боришига йўл қўймайди. Музлик эриганда коинот чангидан иборат йирик бўлаклар сув тубига чўкиб қолади. Коинот чанги бўлаклари таркибида учрайдиган камёб гелий-3 изотопи ҳамда сайёрамизда мавжуд торий-230 моддасини таҳлил қилган олимлар арктик музликлар қопланиши ва чекинишига оид кўп асрлик даврни тиклади. Бу метод Арктиканинг учта турли участкасида олинган намуналарга нисбатан қўлланилди. Яъни, биттаси йил бўйи муз эримайдиган, иккинчиси сув ва музлик чегарасидаги жой ва учинчиси доимий музликдан мавсумий қопламга ўтган ҳудуд.
Умимий ҳолда айтганда, бу жойлардан олинган коинот чанг бўлаклари энг қадимгидан тортиб охирги музлик даврига юз берган денгиз музликларининг аниқ саналарини қайд этиш имконини берди. Бундан тахминан 20 минг йил аввалги охирги музлик даври авжига чиққанда коинот чангги денгиз тубига умуман етиб бормаган. Сайёрамиз исиш даражаси ва музлик даври тугашига қараб коинот чанги қолдиқлари тўпланиши ошиб борган.
Муз қопламалри қисқариши биологик фаоллик ошиши даврига тўғри келган. Янги маълумотлар шундан гувоҳлик берадики, Арктикада музлик қопланишида етакчи куч – бу, океан ҳарорати эмас, балки атмосферанинг исиши экан. Бу шуни англатадики, музликлар эриши янада жадаллашади. Чунки, табиатдаги ўзгаришларни океан тубидаги сув оқимига қараганда ҳаво тезроқ акс эттиради.
1979 йил йўлдош орқали монтироинг бошланган вақтдан буён арктик денгиз музлиги майдони 42 фоиздан кўпроққа қисқариб кетди. Иқлим модели шуни кўрсатадики, бир неча ўн йилдан сўнг минтақада ёз фаслида муз қатлами умуман учрамаслиги мумкин.
Денгиз музликлари аслида қуёш нурини коинотга қайтарувчи ўзига хос қалқон вазифасини ўтайди. Музлик йўқ бўлиб кетиши билан океан сувлари яна кўп иссиқликни ютади ва бу глобал исиш жараёнини яна тезлаштиради. Унинг биологик оқибатлари эса оғир бўлади. Экологик ўзгаришлардан ташқари, музликлар қисқариши геосиёсий оқибатларни пайдо қилиши мумкин. Минтақа исиши жадаллашмоқда. Унинг ўтмишини чуқурроқ билиш келажагини асраш ва унга тайёр бўлиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолаверади.









