баннер
13 мар 2025
18:48

    Ўзбекистон-Франция: Стратегик шерикликнинг янги уфқлари

    Эътироф этиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик алоқалар тобора кенгайиб, савдо-иқтисодий, таълим, фан ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

    Ўтган йиллар давомида имзоланган кўплаб шартномалар ва келишувлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида, жумладан, машинасозлик, энергетика, кимё, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм йўналишларида икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини яратиб келмоқда. Ўтган даврда тарафларнинг савдо-иқтисодий, инновация, таълим, фан ва маданий-гуманитар соҳаларда янги келишувларга эришганликлари Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлида дадил одимлаётганидан далолат беради.

    Бу борада ҳар икки мамлакат учун ҳамкорликнинг муҳим йўналиши бўлган илм-фан, таълим соҳасидаги ҳамкорлик гуллаб-яшнаётгани қувонарлидир. Зеро, замонавий дунёда илм-фан ва таълимнинг роли тобора ортиб бормоқда. Бу соҳалардаги ҳамкорлик эса мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига беқиёс ҳисса қўшади.

    Хусусан, айни кунларда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон-Франция кўприги” мавзусида бўлиб ўтаётган халқаро илмий-амалий конференция ҳам икки мамлакат ўртасидаги илм-фан ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб беради.

    Анжуманнинг мақсади — таълимда инновацион технологиялар бўйича тажриба алмашиш, олий таълим муассасалари ўртасида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, халқаро тажриба асосида таълим дастурларини такомиллаштиришдан иборат эканлиги билан истиқболлидир.

    Аҳамиятлиси, тадбирлар доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва Франция олийгоҳлари ўртасида бир қатор манфаатли шартномалар, битим ва келишувлар имзоланди.

    Жумладан, Фарғона давлат университети ва Пуатье университети ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида англашув меморандуми имзоланди. Эндиликда бу келишув доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, малака ошириш ва стажировка, қўшма таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот ҳамкорлиги амалга оширилади. Шунингдек, Фарғона давлат университети ва Франциянинг ISC Бизнес мактаби ўртасида имзоланган таълим ва тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик меморандуми —академик мобиллик, қўшма тадқиқотлар, илмий конференциялар ва семинарлар ташкил этишда келгусида ҳар икки тарафнинг самарали алоқалари учун мустаҳкам замин яратади.

    Анжуман давомида “Ўзбек-Француз университети” мавзусида сессияларда таълим муассасалари раҳбарлари ва халқаро экспертлар ўртасида кенг мулоқот учун муҳим майдон яратилди. Ушбу майдонда эса ҳақли равишда Янги Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш бўйича миллий тажрибаси”ни дунёнинг энг ривожланган мамлакати вакилларига улашиш биз зиё аҳлига ўзгача бир ўзбекона фахр ва ғурур бағишлади.

    Дарҳақиқат, таъкидлаш зарурки, инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Янги Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда “инсонга эътибор”, “инсон қадри учун” тамойиллари асосида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва ватанпарвар этиб тарбиялаш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилиб, ўзига хос миллий тажриба яратилди.

    Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этаётгани ёшлар билан ишлашнинг “ўзбек модели” яратилишининг туб замини десак муболаға бўлмайди.

    Янгича ёндашувлар асосида ёшлар билан ишлашнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилди. Жумладан, 2016 йил 16 сентябрда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

    2023 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясига янги модда киритилиб, давлат ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши, ёшларнинг ҳар жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши белгилаб қўйилди.

    Ёшлар билан ишлаш бўйича институционал тизим шакллантирилди. 2017 йил 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди ва ушбу кун “Ёшлар куни” деб эълон қилинди.

    Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозими, олий таълим муассасаларида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор лавозими, 2022 йилда ушбу йўналишда вертикал тизим яратилиб, маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди.

    Шунингдек, 2020 йилда ёшлар билан ишлаш бўйича мувофиқлаштирувчи асосий ташкилот Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди.

    Ёшларни рағбатлантириш ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, мамлакатимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган қизларни тақдирлаш мақсадида “Зулфия” дафлат мукофоти, йигитларни тақдирлаш учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали, “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони таъсис этилди.

    2017 йилдан Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича стратегиялар ишлаб чиқилиб, шу асосда пухта ўйланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, 2023 йилдан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди. Ушбу стратегияларда ёшларга оид давлат сиёсати бўйича ислоҳотлар белгиланди.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ҳолда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2030 йилгача мактаб битирувчиларини камида 2 та хорижий тил ва 1 та касб эгаллашини таъминлаш, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш, ёшларнинг ишсизлик даражасини 14 фоиздан 11 фоизга камайтириш, IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни иш билан таъминлаш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш орқали ёшлар қамровини 8 миллиондан ошириш, спорт-таълим муассасаларида мунтазам шуғулланувчи ёшлар сонини 1 миллион нафарга етказиш каби долзарб вазифалар белгилаб қўйилди.

    Кейинги йилларда катта тажриба тўпланиб, таълим тизими тубдан ўзгарди. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

    Илгари олий таълимда битта ўрин учун камида 10 нафар бола кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилгани натижасида энди 42 фоиз ёшлар қамраб олинмоқда. Олий таълим муассасаларида хотин-қизларга шартнома тўлови давлат томонидан қоплаб берилаётгани ҳисобига, уларнинг сони 11 карра кўпайди. Биргина Фарғона давлат университети мисолида талабалар сони сўнгги 7 йилда 6 баробар ошиб, 30 000 нафарга етди.

    Ўз соҳаларида муваффақиятга эришаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда. Биргина мисол ҳозирги вақтда дунёдаги нуфузли университетларда 1 минг 500 дан зиёд Ўзбекистон ёшлари таҳсил олмоқда.

    Аввалги 25 йил ичида давлат ҳисобидан 800 нафар йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2 минг 300 нафар ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.

    Ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича “манзилли” тизим яратилди. 2020 йилда ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик ва бошқа турдаги қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назорат қилиб бориш бўйича 20 турдаги ижтимоий ёрдамни қамраб олган “Ёшлар дафтари” жорий этилди. Ушбу тизим орқали 2024 йилда 180 минг нафар ёшларга 345 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар билан ишлаш бўйича ташаббуслар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда. Ана шундай ташаббуслар асосида 2023 йил 14 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшларга оид сиёсатининг умумий йўналишлари тўғрисидаги битим тузилди.

    2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Муҳтарам Президентимиз томонидан бу соҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Давлатимиз раҳбари томонидан экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштириш кераклиги таъкидланди.

    2019 йилдан ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Натижада ёшларни бандлигини таъминлаш ва маънавиятини юксалтириш бўйича янгича механизм жорий этилди.

    Ёшларни жисмонан соғлом этиб тарбиялаш ва оммавий спортга кенг жалб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. 2022 йилдан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш спорт турлари бўйича ташкил этилаётган беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари ўтказилиши йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратилиши халқаро миқёсда эришилаётган ютуқларда ўз аксини топмоқда. 2024 йилда ўтказилган Париж-2024 ёзги олимпиадасида Ўзбекистон спорт делегацияси тарихий натижа кўрсатиб, 206 мамлакат орасида 13-ўринда якунлади.

    Фарғона давлат университети битирувчиси Ёрқинбек Одилов спортнинг найза улоқтириш тури бўйича Париж-2024 параолимпиада ўйинларида олтин медални қўлга киритди.

    Бугунги кунда ёшлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида янги куч ва янги ташаббуслар билан чиқиши учун барча имконият мавжуд. Янги Ўзбекистоннинг ёшлар сиёсати соҳасидаги навбатдаги долзарб вазифаларидан бири ёш авлодда миллий руҳиятни шакллантириш, ғоявий хуружлар ва зарарли ахборотлардан асрашдир. Мана шундай долзарб стратегик вазифаларни амалга оширишда Давлат раҳбаримиз ёшлар билан мулоқот қилиб, долзарб бўлиб турган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклиф-ташаббусларни эшитиш тажрибасини анъанага айлантирган.

    Ёшлар билан ишлаш бўйича тизим яратилиши ва самарали амалга оширилиши натижасида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олди.

    Демакки, пировардида Янги Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмлар жорий этилиб, миллий тажриба яратилди.

    Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг ёшлар билан ишлаш бўйича яратган янги механизми дунё бўйлаб ўз ғоясини ёритар экан, жаҳонда таълим-тарбиянинг мустаҳкам андозаси ривожланибгина қолмай, бу билан параллел равишда ёшларда ватанпарварлик, маърифатпарварлик, маънавиятни қадрлаш туйғулари, таълим сифати ҳам ошиб бориши аҳамиятлидир.


    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат унинверситети ректори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    Телеграм каналимиз
    Text to speech