баннер
21 мар 2025
22:10

    Ўзбекистон касаба уюшмалари: Меҳнаткашлар ҳуқуқлари посбони

    Ўзбекистон касаба уюшмалари тизими мамлакатдаги энг йирик ва нуфузли жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Унинг асосий мақсади — меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш даражасини ошириш ва меҳнат шароитларини яхшилашдан иборатдир.

    Сўнгги йилларида мамлакатимизда ушбу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, унинг фаолияти замонавий талабларга мослаштирилди. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси мамлакатдаги барча касаба уюшмаларини бирлаштирган ҳолда, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик асосида иш олиб бориш, адолатли меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимоя, соғломлаштириш каби йўналишларда ишчи-ходимлар ҳаётида муҳим рол ўйнамоқда.

    Жумладан, Фарғона давлат университетида ҳам касаба уюшмаси фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, Кенгаш аъзолари ташаббуслари ва таклифлари раҳбарият томонидан қўллаб-қувватлаб келинади.

    Бугун Фарғона давлат университетида Касаба уюшмаси кенгашининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди.

    Унда олийгоҳ жамоаси касаба уюшмаси қўмитасининг ўтган 5 йил давр мобайнидаги фаолияти якунлари ва ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида келгусидаги вазифалар, касаба уюшма назорат тафтиш комиссияси ҳисоботи, касаба уюшма қўмита раисини сайлаш масаласи, касаба уюшма қўмита таркиби сайлови, назорат — тафтиш комиссияси таркиби сайлови, назорат -тафтиш комиссияси раиси сайлови, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилоят ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференциясига делегатлар сайлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

    Шунингдек, йиғилишда ташкилотчиларнинг ўтган даврда бажарган ишлари, 2023-2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномаси ижроси, олийгоҳ ютуқлари, қўмита томонидан ўтказилган қатор тадбирлар, ёш кадрларни касбга йўналтириш, ишга қабул қилинган ходимлар имтиёзлари, олийгоҳнинг уюшма билан доимий ҳамкорлиги, шунингдек, ишчи-ходимларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар, университет раҳбарияти билан келишувга асосан ўтказилган спорт мусобақалари ҳамда бошқа тафсилотлар таҳлил этилди.

    Тадбирда ФарДУ ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов 95 ёшни қарши олаётган олийгоҳ зиёлилари, ишчи-ходимлари фаолиятини ўрганиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Президентимизнинг ушбу соҳадаги ислоҳотлари, юртимизда «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган ўзгаришлар, оқилона сиёсат, миллий қадриятларни мувофиқлаштиришда Касаба уюшмаси ташкилоти фаолларининг ўрни беқиёс эканини эътироф этди.

    Тадбир якунида конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Фарғона Вилоят кенгаши раис ўринбосари Лола Аҳмедова юқорида билдирилган фикр ва таклифлар юзасидан ўз хулосаларини айтиб ўтди ва олийгоҳ ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳамда жамоанинг бир қатор аъзолари ушбу соҳадаги фаол иштироки учун Федерация ташаккурномалари билан тақдирландилар.


    Позилжон Отақулов,

    Фарғона давлат университети Касаба уюшма қўмитаси раиси,

    география фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)


    Ҳамкорлик материали

    Телеграм каналимиз
    Text to speech