Бугун мен учун унутилмас, шу билан бирга, ниҳоятда ҳаяжонли кун. Президентимиз фармони билан “Келажак бунёдкори”, деган юксак мукофотга лойиқ кўрилиб, Ёшлар кунида кўплаб иқтидорли йигит-қизлар қатори кўксимга давлат мукофоти тақилганидан руҳландим. Шу даражага етишимда доим ёнимда туриб, қўллаб-қувватлаган ота-онам, яқинларим ҳам мен учун қувонди.
Президентимиз доим ҳар соҳага илм билан ёндашиш зарурлигини таъкидлайдилар. Биз ёшлар бундан мотивация оламиз. Мана шу илм ортидан ўқиб-ўргандик, изланишлар қиляпмиз, натижаси эса мамлакат йигит-қизларининг сўнгги йилларда ҳар жабҳада эришаётган ютуқларида намоён бўляпти.
Ўзим ёш бўлишимга қарамасдан, ҳамиша интилувчан, илм олишдан тўхтамайдиган, янгилик яратиш ҳаракатидаги йигит-қизлар билан ишлашдан завқланаман. Айниқса, танлаган соҳасини пухта эгаллаб, ўзи ва атрофдагиларни иш билан таъминлаётган, яхши даромад топиш баробарида, янги ташаббуслар билан фаоллик кўрсатаётган ёшлар сафи кенгайиб бораётгани қувонарли.
Биргина замонавий соҳаларни олайик. Бундан 6-7 йил олдин юртимизда IT, стартап, деган тушунчалар деярли йўқ эди. Ёшларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлайдиган, маблағ ажратиб, ғояларини ихтироларга айлдантирадиган танловлар ҳам бўлмасди. Ўзим ҳам стартапчи бўлган кезларим, лойиҳамни қаерга олиб боришни билмасдан, кўп бошим қотган. Мана, бугун ғояга эга, илм йўлида изланиш олиб бораётган ёшлар борки, лойиҳаларини амалга оширишлари учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизда илмий, стартап лойиҳаларни соддалаштирилган тизим орқали молиялаштириш механизми йўлга қўйилган. Истиқболли лойиҳалар учун давлат бюджетидан 1 миллиард сўмгача маблағлар ажратиляпти. Бу йигит-қизлар учун катта имконият.
Бунинг натижасида юртимизнинг барча ҳудудлари, ҳатто, энг чекка қишлоқларида ҳам ёшларнинг илм-фанга, замонавий соҳаларга қизиқиши ортиб боряпти. Қувонарлиси, бундай иқтидор эгаларини бир жойда бирлаштириб, ғояларини қўллаб-қувватлайдиган турли марказлар, ташкилотлар қошида гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Президентимиз қарори билан 2019 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Ёшлар академияси ана шундай иқтидорли ва ташаббускор, инновацион ғояга эга, стартапчи ёшлар учун имкониятлар майдонига айланди.
Айни пайтда академиянинг 2000 дан ортиқ аъзоси бор. Улар геология, математика, физика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, сунъий интеллект, дастурлаш, 3D моделлаштириш ва бошқа йўналишларда ўз лойиҳаларини амалга ошириб келмоқда. Аъзолар орасида инновацион ва амалий ишланмаларини ҳаётга татбиқ этиб, муайян соҳа ривожига ҳисса қўшаётган фаол жамоалар кўпчиликни ташкил этади. Улар томонидан ишлаб чиқилган кўплаб лойиҳалар ҳаётимизга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, айни пайтда турли соҳаларда фойдаланилаётган, туғма қўлсиз ва ҳаёти давомида қўли ампутацияга учраган ногиронлар учун бионик протезлар, кийимлар, болалар ўйинчоқлари ва бошқа уй-рўзғор буюмларидаги бактерия ва ҳидларни бартараф этишга мўлжалланган “CleanBox” қурилмаси, маиший чиқиндилар асосида сунъий углеродлаштирилган материал олиш қурилмаси ва бошқа бир қанча ихтиролар ўзбек йигит-қизлари, хусусан, Ёшлар академияси аъзолари томонидан яратилгани бизни қувонтиради.
Ўзим ҳам фаолиятим давомида 18 дан ортиқ инновацион ишланмалар яратиб, турли халқаро ва маҳаллий танловларда иштирок этиб келяпман. Жараёнда жаҳон тажрибасини ҳам кузатиб амин бўламанки, камдан-кам давлатларда ёшларга бу қадар кенг имкониятлар берилиб, лойиҳалари қўллаб-қувватланади. Биз ўзимиздаги имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланиб, бунга ўз интилишимиз, илм ва меҳнатимиз билан жавоб беришимиз керак. Шахсан ўзим, менга билдирилган юксак ишончни юртимиз, жамиятимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш орқали оқлашни мақсад қилганман.
Фирдавс НЕЪМАТЗОДА,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ёшлар академияси фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби







