Брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев қонун лойиҳасидаги 26-, 37-1-, 41, 45, 46, 98, 99, 112- моддаларига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида маълумот бериб ўтди.
"Конституциямизнинг 26-1-моддасига қуйидаги янги норма киритилиши таклиф этилаяпти:
Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўрилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони юмшатиш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эга.
Бу қоидани Конституцияда акс эттириш нима учун долзарб ҳисобланмоқда? Илгари бу борадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти йўқмиди? Албатта, бор эди. Яъни, судланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили ёки жабрланувчига биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш имкониятини тақдим этувчи норма миллий қонунчилигимизда мавжуд.
Аммо ушбу инсонпарвар тамойилнинг Конституциямизда акс эттирилиши келгусида бу қоиданинг тўғридан-тўғри ишлашига, фуқароларимизнинг манфаатини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
***
Яна бир муҳим янгилик: кейинги йилларда нафақат республикамиз аҳолисини, балки бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган экологик мувозанатни сақлаш масаласига ўзига хос ечим бўладиган янги норма Конституциявий қонун лойиҳасидан ўрин олиши кутилмоқда.
Лойиҳанинг 40-1-моддаси шаклида киритиладиган мазкур моддада қуйидаги нормалар ўрин олган:
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Бу ўзгариш жамиятимизда фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
***
Бундан ташқари, Конституциямизнинг янги 41-2-моддасида яқин кунларда мамлакатимизда касб байрами кенг миқёсда нишонланадиган ўқитувчиларнинг обрўсини оширишга, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган норма киритилиши назарда тутилмоқда:
Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
***
Бундан ташқари, Конституциявий қонун лойиҳасининг 56-моддасига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш билан жамоат бирлашмаларининг аниқ таснифи ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат дастурларини ишлаб чиқишдаги иштироки ҳақида сўз боради.
Хусусан ушбу моддага қуйидаги норма қўшилиши таклиф этилмоқда:
56-модда. Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади.
***
Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг конституциявий кафолатларини мустаҳкамловчи бутунлай янги норма шакллантирилди.
Хусусан, янги 65-1-моддага ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг жамият, давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш давлатнинг муҳим вазифаси эканлигини белгиловчи норма киритилиши таклиф этилаяпти.
Шунингдек, мазкур моддага давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши лозимлиги билан боғлиқ норма қўшилиши кутилаяпти.
***
Бундан ташқари, фуқаролардан келиб тушган кўплаб таклифлар асосида Конституцияда “Адвокатура” номи билан аталувчи янги боб (ХХII - I боб) шакллантирилди.
Мазкур янги бобда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи адвокатура тизимини кучайтиришга хизмат қилувчи бир қатор модда ва нормалар ўрин олган.
Хусусан, 116-моддага киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қуйидаги шакл ва мазмунда:
Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Адвокатура фаолияти қонунийлик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланади.
Адвокатура фаолиятини ташкил этиш ва унинг тартиби қонун билан белгиланади.
Шунингдек, янги 116-1-моддага қуйидагича норма киритилиши назарда тутилмоқда.
Адвокат ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Адвокатга ўз ҳимоясидаги шахс билан тўсиқларсиз ва холи учрашиш, маслаҳатлар бериш учун шарт-шароитлар таъминланади.
Адвокат ва унинг касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлади. Адвокатнинг касбий ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан муҳофаза қилинади.
***
Такомиллаштирилаётган Бош қомусимизда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва уларнинг фаолияти эркинлигини кафолатлаш борасида ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.
Хусусан, Конституциямизнинг 67-моддасига қуйидаги янги нормаларни қўшимча тарзида киритиш кўзда тутилмоқда:
Давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ахборотдан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Оммавий ахборот воситалари ўзлари тақдим этадиган ахборотнинг тўғрилиги учун жавобгардир.