Шу боис, кўп миллатли халқимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий хоҳиш-иродаси акс этган, якунига етиш арафасида турган конституциявий ислоҳотлар жараёнига хорижда ишлаётган, ўқиётган ёки бошқа сабаблар билан вақтинча она юртидан узоқда яшаётган ватандошларимиз ҳам асло бефарқ эмас. Улар ҳам янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ўзгартишлар, янги боб, модда ва нормалар билан танишиб чиқди, дейишга тўла асосларимиз бор. Чунки конституциявий қонун лойиҳаси электрон платформалар орқали кенг тарғиб қилинди. Қолаверса, мамлакатимизнинг чет элдаги элчихоналари масъуллари томонидан бир қатор тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда хориж матбуоти саҳифаларида кўплаб мақолалар эълон қилинди.
Биз ҳозир юртимиздан анча олисдамиз. Лекин Ўзбекистонга руҳан яқинмиз. Бу ерда туриб ҳам ўз конституциявий ҳуқуқимиздан фойдаланиш имконига эгамиз. Бунинг учун давлатимиз чет элларда ҳам ўз фуқароларига шароит ва имконият яратиб берган — референдум участкалари ташкил этилган.
Референдум 30 апрель, якшанба кунига белгиланди. Халқимиз ушбу кундан катта ўзгаришлар кутмоқда. Жумладан, биз ҳам. Фурсатдан фойдаланиб, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг эътиборимни тортган ва янги мақсадлар сари руҳлантириб юборган айрим жиҳатлари ҳақида тўхталмоқчиман.
Конституция мамлакатимизнинг Бош қонуни бўлиб, жамият сифатида биз қадрлайдиган тамойилларни ўзида акс эттиради. Бизнинг амалдаги Конституциямиз 1992 йилдан буён бугунга қадар эришган барча ютуқларимиз асоси бўлди. Лекин бу бош ҳужжат шу кунгача жиддий ўзгаришларга юз тутмаган эди. Бугунги ислоҳот Ўзбекистон учун ўз сиёсий тизимини модернизация қилиш ва уни жаҳон демократия стандартларига мослаштириш имкониятидир, десак адашмаймиз.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг ҳеч бир давлатида Конституция “қатъий ҳужжат” сифатида белгиланмаган. У жамиятнинг тараққиёт йўлида ўзгарувчан эҳтиёжларини қондириш учун ривожланиши, мослашиши мумкин. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, конституциявий ислоҳот янги тушунча эмас.
Кўпгина ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар конституциявий ислоҳотларни бугунги кунгача давом эттирмоқда. Масалан, 2005 йилда Буюк Британиянинг конституциявий тизими ислоҳ қилинди. Хусусан, Лордлар палатасининг апелляция ваколати бекор бўлди ва Олий суд ташкил этилди. Пировардида, суд ваколатлари парламентдан мустақил органга ўтди. Бу, ўз навбатида, Буюк Британия конституциявий тизимида ошкоралик ва жавобгарликни оширди.
Ўзбекистонда Конституциянинг янги таҳрири лойиҳасини шакллантириш жараёнида 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани ҳақида биламиз. Бу рақам эса халқнинг мамлакат келажагини шакллантиришда ўз фикрини билдиришга бўлган аниқ интилишини акс эттиради ва ўзгаришларга эҳтиёж борлигини англатади.
Лойиҳани ишлаб чиқишнинг барча босқичларида кўплаб таклифларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши ислоҳотлар жараёни шаффофлигини, ҳукуматнинг ҳар бир фикр ва таклифни тинглашга тайёрлигини, шунингдек, кейинчалик янги таҳрирдаги Конституцияга киритилишини намоён этди.
Мутахассислар келиб тушган ҳар тўртинчи таклиф янги лойиҳада ўз аксини топганини таъкидлади. Зеро, ўзбек халқининг қадриятлари ва устувор йўналишларини тўғри акс эттирувчи, фуқаролар ва ҳукумат ўртасида ишончни мустаҳкамлайдиган Конституцияни яратишда жамоатчиликнинг иштироки муҳимдир.
Конституциянинг янги таҳририга инсон ҳуқуқларига доир кўплаб фундаментал нормалар қўшилди. Хусусан, айбланувчининг ҳуқуқларига оид моддалар кенгайтирилди. Масалан, шахсни қирқ саккиз соатдан ортиқ муддатга суд қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра, йўл қўйилиши белгиланди. Шахснинг дахлсизлиги тамойили билан боғлиқ бўлган ушбу модда инглиз жиноят-процессуал ҳуқуқи “Хабеас корпус” институтига мос келади ва бу англо-саксон ҳуқуқий оиласининг кўплаб тизимларида мавжуд. Бундан ташқари, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт бўлмоқда. Ушбу манба “Миранда қоидаси” ёки “Қонуний огоҳлантириш” каби қоидаларни ўзида акс эттиради. Улар Буюк Британия, Корея, Япония, Aвстралия, Янги Зеландия ва бошқа давлатларда ҳам мавжуд.
Шу билан бирга, 28-моддада белгиланганидек, “Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас”.
Шахс эркинлиги дахлсизлигини кафолатловчи бу ҳуқуқ турли ривожланган мамлакатлар, жумладан AҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Финляндия, Франция, Германия, Янги Зеландия, Швейцария ва бошқа давлатларнинг конституция ва қонунларида ўз аксини топган.
Таъкидлаш жоизки, Конституция лойиҳасига кўп йиллар давомида мамлакатимизнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатиб келган болалар меҳнатини бутунлай тақиқлаш тўғрисидаги модданинг киритилиши Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш мажбуриятини яна бир карра тасдиқлайди. Шу билан бирга, ўзгартишларнинг ҳокимият органларини модернизация қилишга қаратилгани қувонарлидир. Хусусан, Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат ваколатларини кенгайтириш парламентнинг роли ва эркинлигини оширишга хизмат қилади. Бу жуда муҳим. Чунки демократиянинг амал қилиши учун кучли, мустақил парламент зарур. Ваколатлари кучайган парламент фуқароларнинг талаб ва муаммоларини ҳал этишда самаралироқ бўлади, қарорлар қабул қилиш жараёнида уларнинг овозини эшитишни таъминлайди.
Ишончим комилки, бу ўзгаришлар назорат ва мувозанатнинг янада самарали тизимини шакллантиришга ҳисса қўшади. Демак, айтишимиз мумкинки, конституциявий ислоҳот мамлакатимиз демократик жараёнларини модернизация қилиш ва такомиллаштириш йўлидаги дадил қадамлардан биридир.
Ламия ХУДОЁРОВА,
Буюк Британиянинг Оксфорд университети магистранти