Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзоқов Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Сангни қабул қилди.
Учрашувда Тошкент ва Сеул ўртасида йўлга қўйилган биродарлик алоқаларини кенгайтириш ва шаҳарларнинг биргаликдаги ривожланиш режаларини амалга ошириш, Корея бизнесидаги ютуқларни Ўзбекистон ва Тошкентда қўллаш аҳамиятли бўлишини таъкидланди.
Элчи Ким Хи Санг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон ва Тошкент билан алоқаларни ривожлантириш Корея Республикаси учун ҳам устувор аҳамият касб этишини билдирди.
Турли соҳа ва йўналишлардаги ҳамкорлик кенгайиб, ривожланиб бораётганига эътибор қаратиб, ҳозирда Ўзбекистонда фаолият юритаётган Корея компанияларининг 50 фоиздан ортиғи Тошкентда ишлаётганлигини қайд этди.
Бундан буён ҳам мавжуд алоқаларни кенгайтириш, Кореянинг етакчи фирма ва компанияларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш йўналишида фаол ишлашини билдирди.
Суҳбат давомида Тошкентдаги Сеул боғини реконструкция қилиш ҳамда инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш масаласи алоҳида муҳокама этилди.
Ким Хи Санг жорий йилда Сеул шаҳри мерияси томонидан боғни қайта таъмирлаш учун 340 минг АҚШ доллари, Корея Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эса 152 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш режалаштирилаётганлигини билдириб, бу ишлар ўз муддатида, юқори сифатда бажарилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлигининг амалий ёрдами муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, Корея инвестицияси асосида ишга тушиши мўлжалланган марказ фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий масалаларини баён этди. Шавкат Умурзоқов Сеул боғи икки мамлакат дўстлиги рамзи эканлигига эътибор қаратиб, қайта таъмирлаш ишлари бошлангунига қадар ҳам боғни тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши ва реконструкция жараёнида ҳам зарур амалий ёрдам кўрсатилишини билдирди.
Шу билан бирга, инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун Тошкент бор имкониятларини ишга солишини билдириб, икки томон – Корея Республикаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг масъулларидан иборат ишчи гуруҳини ташкил этиш орқали турли соҳаларда ривожланиш истиқболларини биргаликда кўриб чиқиб, янги лойиҳаларни ишга тушириш юзасидан режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклифини билдирди. Корея элчиси бу таклифни тўла қўллаб-қувватлади. Томонлар амалий мулоқотлар давом этишини билдиришди.