Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда уюштирилган мазкур тадбирда ушбу мамлакатда фаолият юритаётган ватандошларимиз, Хангук чет тиллари университетида ўзбек тили йўналиши бўйича таҳсил олаётган маҳаллий талабалар иштирок этди.
Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва беқиёс адабий-илмий мероси ҳақида сўз борди. Хусусан, буюк бобокалонимиз томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятининг юксалтиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлиги таъкидланди. Бобур ҳаёти ва ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон тараққиётидаги ўрни ва роли алоҳида қайд этилди.
Бобурнинг бетакрор шеърияти, Шарқ халқларининг турмуш тарзи, урф-одатлари, табиати ва қадриятлари ҳақида муфассал маълумот берувчи, инсонни комилликка ундовчи асарлари ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда буюк аллома ва мутафаккирларнинг ижодий меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш, асарларида илгари сурилган эзгу ғояларни кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда ватандошларимиз ва Жанубий кореялик талабалар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан намуналар ўқиб берди, деб хабар беради «Дунё» АА.